19 October 2017
17:31 - “Бирлик” Партияси фаоли Муҳаммадали Қорабоев озодликка чиққани ва партия лидери Абдураҳим Пўлатнинг айтганлари
2017 йилнинг 18 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар Вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси тизимидаги 64/47-сонли муассасадан “Бирлик” Партиясининг Наманган вилояти бўлими собиқ раиси Муҳаммадали Қорабоев озодликка чиқарилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамиятининг бугунги баёнотида айтилади.

“Муҳаммадали Қорабоев Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 252-моддаси (Жамоат кафиллигига олиш) асосида жамиятимиз томонидан берилган кафиллик хати асосида муддатидан аввал озод қилинди. У кишининг аҳволи яхши, руҳан тетик. Албатта, мухолифат вакилининг озод қилиниши олқишга сазовор ҳодисадир” дейди жамият раҳбари Васила Иноятова.

Маълумки, “Бирлик” Пратиясининг Наманган вилояти бўлими раҳбари бўлган Муҳаммадали Қорабоев 2007 йилда жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти судиинг ҳукми билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-моддаси (Товламачилик) бўйича 5,5 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

2012 ва 2015 йилларда Қорабоевга берилган жазо муддатлари икки марта Ўзбекистон Репсубликаси ЖКнинг 221-моддаси (Жазони ижро этиш муассасалари тартибини бузиш) яна 6 йилга узайтирилганди. Мухолифатчи кеча ҳуқуқ фаоллари иштирокида Қизилтепадаги колониядан Тошкентдаги фарзандлариникига келди.

Ҳозир мажбуран АҚШда яшаётган “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлат Тошкентга кўп марта қўнғироқ қилиб ўз сафдоши ва дўсти билан боғланолмади.

Унинг ўзи бу ҳақда шундай деди: “Нима бўлганда ҳам дўстим ва сафдошим Муҳаммадалининг озод қилинишидан жуда хурсандман. Унинг мухбирларимиз тарафидан юборилган менга видео-мурожаатини ҳам кўриб бироз йиғладим.

Ўзбекистонда бўлаётган бу воқеалардан ҳар қандой одамнинг жони ҳалқумига келади. Ҳа, уни жазолаш учун қандайдир арзимаган сабаблар бўлган бўлиши ҳам мумкин, аммо арзимаган сабаблар учун бир инсонни 10 йил қамоқда тутадиган ваҳшиёна режим фақат Ўзбекистонда борлигини тушуниш керак. Билмаганлар учун эслатиш керакки, инсоният тарихининг энг қонхўр диктаторларидан бири Иосиф Сталин ўлгандан кейин 1-2 ой ўтмасдан асоссиз ёки етарлича асоссиз қамалган ўн минглаб, юз минглаб одамлар озод қилинган эди. Уларнинг ичида машҳур шоиримиз Шукрулло ҳам бор эди.

Наҳотки, Шавкат Мирзиё режимидагиларнинг ҳатто шундай тарихий воқеалардан ҳам ибрат олишга ақллари етмайди. Дарҳол қилиниши керак бўлган ишлар ҳақида йиллаб ўйлайдиларми? Демак, Ўзбекистонни ҳозирги ўта ғариб аҳволдан олиб чиқиш учун қилиниши керак бўлган ФУНДАМЕНТАЛ сиёсий-ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотлар ҳеч қачон бўлмайди.

КГБнинг қароргоҳи жойлашган Лубянка ўз мақсадига етмоқда. У собиқ СССР ҳудудларида славян ва насроний бўлмаган энг катти ўзбек миллатидан ўтдан қўрққандек қўрқиб, ҳатто ўзбекларни бутун умр пода ҳолида сақлаб қолиш, ўзи яратган Ўзбекистондаги тожиклар режимини қўриқлаш ниятида. Биз, ўзбекнинг ҳақиқий фарзандлари, бунга йўл бермаслигимиз керак.

Ҳа, “Осон эрмас бу майдон узра турмоқ” дейиш осон, аммо тушуниш керакки, ҳозир 21 асрда табиати билан Сталиндан баттар бўлган қонхўр диктаторлар ҳам амалда кўп нарса қилолмайдилар. Асосий айб, ўзининг аҳволи, тақдири ва келажаги билан қизиқмайдиган ҳолга тушган ўзбекларнинг ўзида. Миллатни ғафлат уйқусидан уйғотишимиз, тупроққа қоришиб ётган еридан турғазишимиз керак.”