11 October 2017
20:15 - МДҲнинг саммити Сочида бўлиб ўтди, тилга олишга арзийдиган нарса бўлмади

Бугун Сочи шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдустлиги ташкилотининг расман МДҲ Давлат раҳбарлари Кенгаши мажлиси деб аталадиган йиғилиши бўлиб ўтди. Табиий, Шавкат Мирзиё ўша ерда. У саммит доирасида Россия ва Белорусия президентлари билан алоҳида учрашувлар ўтказди.

Маълумки, бу ташкилотга собиқ СССРдаги болтиқбўйи жумҳуриятлари ва Гуржистондан бошқа ҳамма давлатлар киради. Аммо, Украина расман аъзо бўлса ҳам, Москва Қримни босиб олгандан бери унинг йиғилишларида иштирок этмайди. Бугунги саммитга Қирғизистон президенти ҳам келмади, аммо унинг ўрнига Қирғизистоннинг Бош вазири шу ерда эди.

Хабарларда бу йиғилиш аввалига фақат давлат раҳбарлари иштирокида, яъни тор доирада, кейин кенгайтирилган форматда ўтказилгани, қандайдир ҳужжатлар имзолангани, терроризмга қарши курашиш муҳокама қилингани айтилади, холос. Табиий, гап ислом терроризми ҳақида кетмоқда, аммо “ислом” сўзи тилга олинмаган.

МДҲда раислик ҳозир Россиянинг қўлида, алифбо бўйича раислик 2018 йилда Тожикистонга, 2019 йили Туркманистонга, 2020 йили Ўзбекистонга ўтади.