05 October 2017
19:23 - Куласизми, йиғлайсизми: Ўзбекистон 550 та пахта териш машинасининг 500 тасини Туркманистонга юборади
Кеча бошланган Олий Мажлис Сенатининг 12-ялпи мажлисида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик юзасидан «Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга доир чора-тадбирларни кучайтириш тўғрисида» ги қарори лойиҳаси муҳокама қилинди. Ўзбекистон Қишлоқ ва Сув Хўжалиги Вазири ўринбосари, қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази бош директори Шуҳрат Теша сенаторларга бу борада амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот берди.

Унинг айтишича, дейди маҳаллий веб-нашрлар, Жаҳон Банки молиявий кўмагида Қорақалпоғистон Республикасига 195та пахта териш машинаси етказиб берилган бўлса, Осиё Тараққиёт Банки кўмагида 2000 мингдан ортиқ маҳаллий пахта териш машинасини ишлаб чиқиш режалаштирилган. Шу билан бирга, Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида хорижлик ҳамкорлар билан биргаликда пахта етиштириш бўйича илғор технологияли замонавий кластерлар ташкил этилади.

Нашрга кўра, қишлоқ хўжалиги машинасозлигини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, «Ўзагротехсаноатхолдинг» бошқаруви раиси Нодир Отажон маъруза қилди.

«2017 йилда қарийб 100 млн доллар миқдорида инвестиция киритилиб, Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи, Чирчиқ қишлоқ хўжалиги агрегат заводи, Урганчдаги заводни модернизация қилиш ишлари олиб борилмоқда. Натижада биз нима кутаяпмиз? Бу йил мана 550та пахта териш машинаси ишлаб чиқилиб, унинг 500 таси Туркманистонга экспорт қилинди. Келаси йилдан 3000 та пахта териш машинаси ишлаб чиқариш учун ҳаракатлар бугундан бошланди», — деди Нодир Отажон.

Қизиқ, Ўзбекистонда пахта теримига куч етишмаётган пайтда 500 та пахта териш машинасининг Туркманистонга берилишигни эшитиб кулиш керакми, йиғлашми, билмайсан киши.