01 October 2017
20:38 - Ўзбекларга ёмон хабар: Кеча Швециянинг Гётеборг шаҳрида неонацистларнинг намойиши бўлди

Русларнинг Gazeta.ru сайти шведларнинг Aftonbladet нашрига асосланиб хабар беришича, 30 сентябрь куни Швециянинг Гётеборг шаҳрининг қоқ марказида ўзини “Шимолий Қаршилик Ҳаракати” деб атайдиган неонацистлар ташкилоти ўзининг маҳаллий ҳокимият тарафидан рухсат этилган намойишини ўтказди. Тахминан 1 минг неонацизм тарафдори қатнашган намойишда полиция билан намойишчилар ва намойишчилар билан уларга қарши чиққанлар ўртасида тўқнашувлар бўлгани, бир полиция ходими ва бир оддий фуқаро жароҳатлангани айтилмоқда.

Намойиш бўлаётган жойда жуда кўп полиция бўлгани, 100 га яқин полиция ходимининг қўлида бўлаётган воқеаларни видеога оладиган аппаратлар борлиги ҳам хабарда айтилмоқда.

Швециядек давлатда қандайдир бошқа миллатга қарши ташкилотланиш учун ҳеч қандай асос йўқ. Ҳеч қандай шубҳасиз, бу янги неонацизм ҳаракати - Швецияда сони кун сайин ортиб бораётган мусулмонларга қарши шаклланмоқдадир. Сабаб - сўнги йилларда “Ислом дини” ва “ислом терроризми” тушунчалари синонимга айланиб бораётганидир.

“Ҳаракат” Агентлиги йиллардан бери айтиб келаётганидек, мусулмонларга қарши кайфият бутун дунё бўйлаб ортиб бормоқда. Яқин йилларда Ғарб давлатлари мусулмон қочқинларни ўзларига олишни тўхтатишларини қўйиб туринг, уларни ўз мамлакатларидан чиқариб юбориш ҳаракатига тушишлари ҳам муқаррардир. Швеция ўзбек қочқинларига жой бериш масаласида Европада биринчи ўринлардан бирида туришини ҳисобга олсак, бўлаётган воқеалар ўзбекларни ҳам хавотирга солиши ва нохуш воқеаларнинг олдини олиш устида ўйлашга чақириши керак.

Мусулмонларга нисбатан кучайиб бораётган салбий кайфиятни тўхтатишнинг ягона йўлини ҳам "Бирлик" Партияси лидери Абдураҳим Пўлат ва "Бирлик"нинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” таклиф қилмоқда. Бу йўл – Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказиш, Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципинги тан олишига этишишдир. Кейинги қадамда, Ислом динининг ягона фарзи Имон эканлигини тан олиш, 5 маҳал намоз, рўза ва ҳажни фарзликдан чиқариш бўлади.

Aftonbladet нашрининг сайтидан олинган расм намойиш жиддий тадбир бўлганини кўрсатиб турибди.