01 October 2017
12:25 - Оддий одам учун маъноси йўқ хабар: Шавкат Мирзиё акцизости маҳсулотлар учун импорт божларини пасайтирди, фойдани ким олади?
Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалари ҳеч қандай таҳлилсиз тарқатган хабарга кўра, Президент Шавкат Мирзиё чет эллардан олиб келинаётган баъзи акцизости маҳсулотлар учун 1 октябрдан янги божхона божлари ва акциз солиқлари ставкаларини пасайтирувчи қарор имзолабди. Ставкаларни қайта кўриб чиқиш аҳолининг истеъмол талабларини қондириш ва ички бозорда нархлар ошишига йўл қўймасликка қаратилгани ҳам қарорда айтилибди.

Оддий одамларнинг маълум бир қисми “божхона” ва “бож” нималигини билиши мумкин, аммо мутлақо кўпчилик “акцизости” ва ”акциз солиқлари” нималигини билмаслиги ўз-ўзидан маълум. Бундай атамаларни фақат мутахассислар билишади. «Ҳақиқий хабар “Харакат”да ўқилар» шиоримиз қанчалик тўғри эканлигини яна бир марта намойиш қилиш мақсадида биз бу хабарни таҳлил билан берамиз.

Биринчидан, “акцизости” маҳсулотлар деганда спирт, спиртли ичимликлар, пиво, тамаки маҳсулотлари, енгил автомобиллар, безаш ва зеб-зийнат маҳсулотлари тушунилади.

Иккинчидан, “бож” ва ”акциз солиқлари”, соддароқ қилиб айтсак, чет эллардан олиб келинаётган маҳсулотлар учун олинадиган қўшимча солиқдир.

Демак, Шавкат Мирзиё чет эллардан олиб келинаётган спирт, спиртли ичимликлар, пиво, тамаки маҳсулотлари, енгил автомобиллар, безаш ва зеб-зийнат маҳсулотлари учун солиқни камайтирди. Хўш, бунинг нимаси яхши, нимаси ёмон?

Солиқ миқдорининг камайтирилиши бу маҳсулотларнинг сотиш нархини туширади, бундай махсулотлар кўпроқ сотилишга бошлайди. Демак, бу қарор акцизости маҳсулотларни сотиб олувчилар, яъни мамлакатимиз истеъмолчилари ва маҳсулотларни бизга юбораётган чет эллик ишлаб чиқарувчилар учун фойдалидир.

Аммо, унутмайликки, бу қўшимча солиқлар Давлат бюджетининг “даромад қисмига” келиб тушади ва бюджетнинг “ҳаражат қисмига” мувофиқ, халқнинг фаровонлиги учун ишлатилади.

Демак, қўшимча солиқ камайишидан истеъмолчилар, яъни Ўзбекистон халқи фойда кўради, аммо бюджетнинг даромад қисми камайганидан айнан Ўзбекистон халқи зарар кўради. Ҳамма гап - бу кўрилган зарар олинган фойда тарафидан тўла қопланиши ёки қопланмаслигидадир. Бу ҳақда ҳукумат аниқ рақамлар билан халққа тушунтириш бериши керак.

Ҳозирча эса, бир нарсагина аниқ – Шавкат Мирзиёнинг қарори чет эллик ишлаб чиқарувчилар учун сўзсиз фойдалидир.

Бошқа хабарларда Шавкат Мирзиёнинг бу қарори доирасида Қозоғистонда ишлаб чиқарилган янги автомобиллар учун акциз солиғи пасайтирилгани урғуланмоқда. Бу ҳам қозоқларнинг фойдасига.

Савол туғилади: Шавкат Мирзиё бу қарорни чет элликларга, жумладан, Нурсултон Назарбойга ёқиш учун чиқармадими, ўз халқининг манфаатларини унутмадими?

Gazeta.uz cайтидан олинган расмда қозоқларнинг автомобиллари реклама қилинмоқда.