30 September 2017
00:41 - Сенсация: Шавкат Мирзиё Тошкентда Москва ва Бутун Рус Патриархини қабул қилди, у билан ҳатто расмга тушди
Ўзбекистон Президенти кеча Москва ва Бутун Рус Патриархини қабул қилгани ҳақида ЎзА хабар тарқатди. Хабарга кўра, Шавкат Мирзиё Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги олий ва юқори даражадаги фаол мулоқот барча йўналишлардаги амалий ҳамкорликка жадал суръат бағишлагани, икки томонлама алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарганини айтиш билан бир қаторда, Ўзбекистонда ҳамма соҳаларда буюк ишлар қилинаётгани ҳақида ҳам гапирибди.

Москва ва Бутун Рус Патриархи Кирилл Ўзбекистонда олиб борилаётган ишларни юксак баҳолабди, Ўзбекистонда Рус православ черкови фаолиятига кўрсатилаётган эътибор ва кўмак, христиан динига эътиқод қилувчиларнинг тўлақонли маънавий ҳаёти йўлида яратилган шароитлардан ғоят хурсанд бўлганини таъкидлабди.

Учрашувда экстремизм, терроризм ва радикализм каби глобал хавф-хатарларга қарши курашиш мақсадида конфессиялараро мулоқотни янада мустаҳкамлаш, жамиятда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, ёш авлодга таълим ва маънавий-аҳлоқий тарбия бериш масалалари ҳам муҳокама қилинган эмиш.

Аммо, дейди мухбиримиз, бизнинг хабарни сенсациялиги бу гапларда эмас, Шавкат Мирзиё Ислом Карим яратган анъанани бузиб, меҳмон билан биргаликда расмга тушганидир.

Бу учрашувга доир бошқа сенсациялар ҳам бор. Масалан, Шавкат Мирзиё ҳамма ишлар Ўзбекистонда “Во!” кетаётганини айтар экан, ўзи Бош вазир бўлган йиллардан бери ўзбек профессорларининг маоши Қозоғистон ва Россиядаги даворникларнинг маошидан кам бўлиб қолганини айтишни эсдан чиқарибди. Москва ва Бутун Рус Патриархи Кирилл эса, миллионлаб ўзбеклар Россияда қуллардек ишлаб, Россияга ёрдам бераётганлари учун миннатдорчилик билдирмабди. Бу – Россияда ишлаётган ватандошларимизга нисбатан сенсацион ҳурматсизликдан бошқа нарса эмас.