29 September 2017
20:19 - Куннинг латифаси: Омбудсман қийноқларга қарши курашмоқчи эмиш, "Ҳаракат" унга нисабата қидирув эълон қилмаяпти

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, яъни Омбудсман қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмни шакллантиришга киришди, деб хабар қилди унинг матбуот хизмати.

Мазкур механизм қуйидагиларни назарда тутармиш:

- Жазони ўташ, қамоқда сақлаш муассасалари ва махсус қабулхоналарда қонунчилик билан кафолатланган инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминланганлигини ўрганиш бўйича мониторинг ишларини ташкиллаштириш;

- Ушлаб турилган, қамоққа олинган, маъмурий қамоққа олинган ва озодликдан маҳрум қилинган шахсларнинг қийноқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича мурожаатларининг махсус тартиби;

- Омбудсманнинг ушбу йўналиш бўйича парламент назоратининг бошқа субъектлари, фуқаролик жамияти институтлари ва ОАВ билан ҳамкорлиги, шунингдек бошқа чора-тадбирлар.

Омбудсман мазкур соҳада мавжуд тажрибани умумлаштириш, хорижий мамлакатлар амалиётини кенг ва ҳар томонлама ўрганишни ҳам режалаштирибди. Хабарда, шунингдек, ушлаб турилган, қамоққа олинган, маъмурий қамоққа олинган ва озодликдан маҳрум қилинган шахслар Омбудсманга ёзма (хат ва телеграммалар) шаклда чекланмаган миқдорда мурожаат йўллаши мумкинлиги таъкидланган.

Қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмнинг шакллантирилиши ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан оператив-қидирув фаолиятини ва жазони ўташга оид вазифаларни амалга оширишда инсон ҳуқуқ ва манфаатларининг бузилиши ҳолатларини олдини олишга, миллий қонунчиликни халқаро ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар билан мувофиқлаштиришга хизмат қилади, дейилган хабарда.

Кечирасиз жаноб Омбудсман, дейди мухбиримиз, бу санаб ўтилган ишлар билан аввал шуғулланмасмидингиз? Ахир улар - сизнинг Омбудсман низомидан келиб чиқадиган вазифаларниниз эканлигини ҳам билмасмидингиз? Қолаверса, Ўзбекистонда Омбудсман – режимнинг қўғирчоғи бўлган масхарабоздир. Ўзбекистонимиз инсон эркинликлари бўйича жаҳон давлатлари рўйхатида охиридан 2-чи ўринда туради. Бизни бу аҳволга миллатга нисбатан жиноят каби иш олиб бораётган режимнинг бошқарувчилари олиб олиб келди. Сиз айнан уларга хизматкорлик қилиш билан шуғулланмоқдасиз. Вақти келади, улар билан бирга миллат олдида жавоб берасиз.

Расмда - Олий Мажлиснинг Омбудсмани Улуғбек Муҳаммадиев. Унинг расмини бу ерда берилиши – унга нисбатан қидирув эълон қилиниши эмас. Ҳар нарсанинг ўз вақти бор.