28 September 2017
19:33 - “Даракчи”: Ўзбекистонда бола сотиш жиноятлари сони сезаларли ортди. “Ҳаракат”: Нега тожикларнинг газетаси ҳақиқий аҳволни ёритмайди?

Мамлакатда энг йирик тиражда чиқадиган “Даракчи” газетасига кўра, Ўзбекистонда бола сотиш билан боғлиқ жиноятлар ўтган йилларга қараганда 1,2 фоизга кўпайган. “Содир этилган жиноятлар таҳлил қилиб кўрилганда, аёллар бу қилмишга асосан, моддий бойлик орттириш ҳамда фарзандини боқишдаги қийинчиликлардан қутулиш мақсадида қўл урмоқда. Яъни чақалоқлар савдоси уюшган жиноятчилар томонидан эмас, барча ҳолатларда якка шахслар томонидан амалга оширилмоқда”, дебди ИИВ мулозими Ўктам Мурод.

Нашрга кўра, аксар ҳолларда аёллар ўз чақалоқларини бефарзанд оилаларга сотмоқда экан. Шунингдек, ҳозирга қадар чақалоқни Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқиш ҳолати аниқланмаган. Бундай жиноятлар фақат мамлакат ичида содир этилмоқда.

Ўзбекистонда ҳукмронлик қилаётган тожиклар режимининг нашри бўлган “Даракчи” газетаси, табиий, бу масалада асосий айб мавжуд режимда эканлигини тилга олмайди. “Ҳаракат” йиллардан бери айтиб келаётганидек, Ўзбекистоннинг иқтисоди ғариб аҳволда. Ҳар қандай давлат иқтисодининг асосий кўрсатгичи бўлган Киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми бўйича Ғарб давлатларидан 30-50 баравар орқадалигимизни қўйиб туринг, ҳатто қўшниларимиз Қозоғистон ва Туркманистондан ҳам 5-6 баравар орқадамиз. Аҳолининг ўртача ойлиги бўйича ҳам шунча орқадамиз. Ўзбек профессорлари қозоқ дворникларидан кам маош оладилар.

Бундай шароитда оғир иқтисодий аҳволдаги ўзбеклар ҳар қандай ифлос ишга, ҳатто бола сотишгача етиб боришлари табиийдир. Тўғри, Ўзбекистонда президент ўзгарди, аммо оддий халқ ўзининг иқтисодий аҳволида ижобий ўзгаришлар кўрмаяпти ва бундай ўзгаришлар бўлишига ишонмаяпти. Наҳотки, шундай оддий нарсаларни “Даракчи” газетасидаги аҳмоқлар тушунмайдилар? Тушунадилар, аммо тожиклар режимига хизмат қиладилар.