27 September 2017
21:31 - Ўзбекистонликлар ишлаб топган пул еб-ичишдан бошқа нарсага етадими?
Мамлакатда аҳоли турмуш даражаси ва фаровонлигининг ривожланиш таҳлили бўйича ўтказилган статистикадан маълум бўлишича, ўтган йили ўзбекистонликлар пулларининг 47,3 фоиздан кўпроғини озиқ-овқат маҳсулотларига сарфлашган. Давлат статистика қўмитасига кўра, ўзбеклар озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олишга 44,3, уйдан ташқарида овқатланишга 2,5 ва алкогол ичимликларга 0,5 фоиз харажат қилишган. Агар рост бўлса, 2000 йилда ўзбеклар озиқ-овқат маҳсулотларига 61,4 фоиз сарфлашган экан.

Аҳоли ноозиқ-овқат маҳсулотларига жами 32,3 фоиз, хусусан, кийим-кечак ва пойабзалга 10,3 фоиз, маиший техника ва электроникага 1 фоиз ва бошқа ноозиқ-овқат маҳсулотларига 22 фоиз харажат қилган. Хизматлар соҳаси харажатларнинг 20,4 фоизини ташкил этган бўлиб, бунда коммунал хизматлар 7,7, алоқа ва транспорт хизматлари 6,1, таълим олиш 1,9, соғлиқни сақлаш хизматлари 1,4 ва бошқа хизматлар 3,3 фоизга тенг бўлган.

Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи 20 АҚШ доллари, ўртача ойлик 40-50 доллар атрофида эканлигини, ўзбек профессорлари қозоқ дворникларидан кам маош олишларини ҳисобга олсак, эълон қилинган статистик маълумотларга ишонч жиддий шаклда камаяди. Чунки, бунчалик кам пул топадиган ўзбеклар ҳамма пулларини озиқ-овқат учун сарфлашлари муқаррардир. Савол туғилади, одамларнинг топиш-тутиши шу бирламчи эҳтиёжни қоплашга етадими ўзи?