24 September 2017
01:49 - БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Нью-Йоркга келган Қозоғистон вазирини қабул қилибди
Ўзбекистоннинг қўғирчоқ ахборот воситалари Нью-Йоркга БМТ БошАссамблеясида иштирок этиш учун келган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёни БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш қабул қилгани, Ўзбекистон ва унинг янги президентини олқишловчи гаплар айтганини оламшумул воқеа сифатида тақдим этгандилар. Аммо, озгина бўлса ҳам ақли ишлайдиган одам биладики, БМТ Бош Котиби шунақа қабул маросимлари ўтказишдан бошқа нарсага кучи етмайдиган шахсдир. Чунки, аслида, БМТ - 5 доимий аъзоси, 10 та икки йиллик муддатга вақтинча аъзо қилиб сайланадиган Хавфсизлик Кенгаши туфайлигина дунёда қандайдир роль ўйнайдиган ташкилотдир.

22 cентябрда Антониу Гутерриш Қозоғистон номидан Бош Ассамблеясида иштирок этиш учун Нью-Йоркга келган Қозоғистон Ташқи Ишлар Вазири Қайрат Абураҳмоновни қабул қилибди. Қозоқ ахборот воситаларининг хабарига кўра, Антониу Гутерриш бу йил ЭКСПО-2017 халқаро кўргазмаси, Сурия бўйича кўпгина музокаралар Остонада ўтгани ва ўтаётганини эслаб, Қозоғистонни кўкларга кўтарибди, Нурсултон Назарбойга ўз салом ва табрикларини етказишни сўрабди.

Қайрат Абураҳмонов эса, ўз навбатида Нурсултон Назарбойнинг 2015 йили БошАссамблеяда сўзлаган оташин нутқини эслатиб, ўз президентини илоҳийлаштириш билан машғул бўлибди.

Нима дейишни ҳам билмайсан киши, бундай улуғлар, яъни Антониу Гутерриш, Шакат Мирзиё, Нурсултон Назарбойлар бор экан, бу дунёнинг келажаги бўладими? Ҳа, бўлади, чунки дунёнинг келажагини ҳозирча Хавфсизлик Кенгаши белгилайди. Дарвоқе, ҳозир Қозоғистон - Хавфсизлик Кенгашининг вақтинча аъзоларидан биридир.