22 September 2017
13:12 - Ўзбекистон иқтисодининг чўкиши тезлашади, чунки пахта терадиган одам йўқ. Балки, Абдулла Ариф ва Шавкат Мирзиё пахта теришар?

Совет замонида Москва Ўзбекистон пахтасини сал кам текинга сотиб олиб, у пахтани Россиядаги тўқимачилик корхоналарида ишлатарди ва катта фойда оларди. Айнан шу сабабли пахта теришга мактаб ўқувчиларни олиб чиқишарди, улар текинга меҳнат қилиб Россия ва ўрисларни боқишарди. Ҳозир нима ўзгарди? Ҳеч нарса!

Энди пахтани колхоз ва совхозлар эмас, гўёки мустақил фермер хўжаликлари етиштирадилар. Бу хўжаликлар ростакам мустақил бўлсалар эди, ўзлари етиштирган пахтани истаган ерларида истаган одамларига, бозор нархида сотардилар. Аммо, бизда ҳамма фермерлар пахтани давлат белгилаган нархда, яъни сал кам текинга, давлатга топширишга мажбурлар. Шу сабабли фермерлар пахта теришга ҳеч кимни жалб қилолмайдилар. Чунки, сал кам текинга қайси аҳмоқ пахта теради?

Ишга яроқли ўзбекларнинг кўпчилиги Россия ва бошқа мамлакатларда мардикорлик қилиб, оилаларини боқмоқдалар. Чунки, улар қуллардек мардикорлик қилиб ҳам Ўзбекистонда пахта териш учун бериладигандан 10-100 баравар кўп пул топадалар.

Хўш, энди пахтани ким теради? Табиий, мактаб ўқувчилари ёки давлат тарафидан мажбуран пахта теримига жалб этилаётган давлат хизматчилари.

Бундай иқтисод ўлим йўлидан кетиши муқаррар эди ва кетмоқда. Билмаганлар учун айтиш керакки, ҳар қандай давлат иқтисодининг асосий кўрсатгичи – киши бошига Ялпи Ички Маҳсулолтдир. Ўзбекистон Киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот (ЯИМ) ҳажми бўйича ривожланган Ғарб давлатлардан 30-50 баравар орқадалигини қўйиб туринг, қўшниларимиз Қозоғистон ва Туркманистондан ҳам 5-6 баравар орқада. Шавкат Мирзиё Бош вазир бўлган йиллари қозоқлардан орқада қолишимиз даражаси фақат ва фақат ортиб борган.

Киши бошига ЯИМ - мамлакатдаги ўртача ойликни ҳам белгилайди. Шу сабабли, ўртача ойлигимиз ҳам қозоқлардан 5-6 баравар кам. Ўзбек профессорлари ва ҳатто СЕНАТОРЛАРИ қозоқ дворникларидан кам маош оладилар.

Ўзбекистоннинг қўғирчоқ ахборот воситалари билдиришича, бечора Бош вазиримиз Абдулла Арипов (исми шарифининг ёзилишига қаранг) бугун кечаси ўтказилган селектор мажлисида зўрлаб пахта теришга жалб этилган давлат хизматчиларини тезда қўйиб юборишни талаб қилибди.

Офарин, Абдулла Ариф!!! Демак, энди пахтани ўзингиз ва Шавкат Мирзиё терасизларми? Қайси аҳмоқ сал кам текинга пахта теради? Россияда мардикорчилик қилаётган ватандошларимизми? Нима, улар аҳмоқми, Ўзбекистонга қайтиб, сал кам текинга пахта терсинлар?

Жаноблар Шавкат Мирзиё ва Абдулла Ариф! Ўта тезлик билан Ўзбекистонда фундаментал сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар бошланг. Қўғирчоқ парламентни тезда демократик йўл билан янгиланг. Ўзбекистондаги ягона демократик мухолифат - "Бирлик" Партиясини тан олинг. Ўта тезлик билан ростакам бозор иқтисодига ўтишни бошланг. Фермер хўжаликларига эркинлик беринг.