18 September 2017
18:13 - Кеча Шавкат Мирзиё ва Нурсултон Назарбой Ашхободда Осиё ўйинларининг очилишида эдилар, Нурсултон Назарбой бугун Авлиёотага келди, Шавкат Мирзиё қаерда?

Кеча олдинма-кетин Тошкентдан Ашхабодга келган Қозоғистон ва Ўзбекистон президентлари бу ерда Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этдилар.

Қозоқларнинг Казинформ агентлиги хабар қилишича, бугун Нурсултон Назарбой Тараз шаҳрида Жамбул вилоятида яшайдиган турли халқларнинг вакиллари билан учрашибди ва қозоқ тилининг ҳамма миллатларни бирлаштиришдаги улуғ роли ҳақида суҳбат қилибди (расмда). Жойи келгани учун эслатиш керакки, ўрислар бу ерларни босиб олмасидан аввал Авлиёота номи билан танилган ҳозирги Тараз аҳолисининг тахминан 90 фоизи ўзбеклар эди.

Кейинчалик Москванинг қарори билан бу шаҳар Қозоғистонга берилди ва 1936-1938 йиллари бечора Авлиёота шаҳрига Қозоғистон компартиясининг биринчи секретари Мирзоян номи берилди. Мирзоян КГБ тарафидан йўқ қилингандан кейин, шаҳарга Жамбул номи берилди. 1997 йили Нурсултон Назарбой шаҳарнинг номини Тараз деб ўзгартириди. Бу ҳақдаги қозоқларнинг хабарларида айтилишича, ҳозир Тараз шаҳри аҳолисининг 72,2 фоизи қозоқлар, 10,7 фоизи ўрислар ва бор-йўғи 2,4 фоизи ўзбеклар эмиш. Шаҳарда кўпчилик бўлган ўзбеклар қаерга йўқ бўлди деган савол ҳеч кимни қизиқтирмайди. Ўзбекларни ҳам. Офарин, шунақа миллатмиз!

Қозоқлар Лубянканинг топшириғи ва ёрдамида бу шаҳардан ўзбекларни йўқ қилиш билан шуғулланганларини аҳмоқ ҳам тушунса керак. Вақти келдаи, жаҳон ўзбеклари, биринчи навбатда, Ўзбекистон ўзбеклари бу масалани жиддий шаклда ўртага қўядилар.

Аммо, ўзбекларнинг президенти Шавкат Мирзиё қаерда қолди деган савол ҳам муҳим. Ўзбекистондаги масхарабозлик билан шуғулланадиган ахборот воситаларида бу саволга жавоб йўқ. Тахмин қилиш мумкинки, у ҳеч кимга билдирмасдан Нью-Йорк шаҳрига БМТнинг Бош Ассамблеясининг очилишида иштирок этиш учун кетган. Яна тахмин қилиш мумкинки, бу шаҳардаги ўзбеклар Шавкат Мирзиёнинг шарафига ош бермоқдалар. Ҳамма ишларга Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси раҳбарлик қилаётгани ҳам ўз-ўзидан маълум.