02 September 2017
19:38 - АҚШ ва Россияда ўзбеклар террорга алоқадорликларни тан олдилар
АҚШда ноқонуний равишда яшаб келган Аброр Ҳабиб исмли ўзбек йигит террорчиликда айбланиб, Нью-Йоркда ҳибс қилинган ва унинг иши судда кўриб чиқилаётган эди. Кеча у "Ислом давлати" террор гуруҳига кўмак берганлик бўйича айбловларни тан олибди.

Аброр Ҳабиб Америкага 2006 йилда қонуний равишда кириб келган, бироқ визаси битгандан кейин у АҚШда ноқонуний равишда қолиб ишлайверган. У “Ислом давлати”ига кўмак беришга уринишда гумонланиб, ҳамюртларимиз Дилҳаёт Қосим, Абдурасул Жўрабой ва қозоғистонлик Аҳрор Саидаҳметлар билан қўлга олингани ҳақида 2015 йил 7 апрелдан бошлаб бир неча марта хабар қилгандик.

Бугун эса Москва суди маҳкамасида Муродбек Қодир исмли ўзбек Москва шаҳрида 1 сентябрь куни терактлар ўтказишга тайёргарлик кўраётганликда айбини тан олгани ҳақида РИА Новости хабар қилди. Муродбекнинг Фарғонада турмуш ўртоғи ва фарзанди бор экан. У айбини тан олиш билан бирга, бундан афсусда эмаслигини ҳам айтибди. Суд Россия Федерал Хавфсизлик Хизматининг мурожаатини қаноатлантириб, уни ҳибсга олди.