01 September 2017
01:20 - МУСТАҚИЛЛИК БАЙРАМИНГИЗ ва ҚУРБОН ҲАЙИТИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН, АЗИЗ ЎҚУВЧИЛАРИМИЗ!

Мустақиллик байрамингиз ва қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин, азиз ўқувчиларимиз!


31 августда эълон қилинган Мустақилллик декларацияси билан Ўзбекистон мустақил бўлиб қолган эмас. Қолаверса, Ўзбекистон 1925 йили мустақил давлат сифатида пайдо бўлиб, мустақил давлат сифатида СССРга кирган эди. 1991 йил 31 августдан кейин ҳам ҳеч нарса ўзгармаган. СССРни тузган Россия, Украина ва Белорусия 1991 йил 8 декабрда СССРни йўқ деб эълон қилганларидан кейингина, биз ўз-ўзидан мустақил бўлиб қолганмиз.

Аммо, 31 август декларацияси ҳам ҳақиқий мустақиллик, яъни СССРни йўқ қилиш йўлидаги “Бирлик” Халқ Ҳаракати олиб борган курашнинг натижаларидан бири бўлган, уни байрам қилишимиз - ўз борлигимизни эслаш, келажагимизни ўйлашга чақиришдир.

Мусулмонларнинг энг катта байрамларидан бири - Қурбон ҳайитининг бу йил Мустақиллик куни билан бирга келиши ҳам биз учун рамзий аҳамиятга эгадир. Аммо, унутмайликки, Қурбон ҳайитининг асосий маъноси - ҳамма ёқни қонга тўлдириб қурбонлик келтириш эмас, Оллоҳга ибодат қилишдир.

Ҳеч қандай шубҳа йўқки, яқин келажакда Ислом дини ўз ичида инқилобий ислоҳотлар ўтказади ва дунёвийлик/секуляризм принципини тан олиш билан бир қаторда, бу байрамда қурбонлик кесиш одатидан воз кечади.

Ҳозир Ислом дунёси жаҳоннинг энг қолоқ ва қашшоқ қисмига айланиб қолгани сабабли, биз мусулмонлар - ичимизда Имони йўқлар кўпайиб кетганлигидан келиб чиқиб, бу байрамни ҳам Имонни тиклаш йўлидаги маросимлардан бири сифатида кўришимиз ва ҳамма мусулмонларга феълан ягона фарзими Имон, асосий шиоримиз “Биздан ҳаракат – Оллоҳдан баракат” эканлигини чарчамасдан, байрамда ҳам, эслатишга маҳкуммиз.

Икки байрамингиз муборак бўлсин мусулмон ўзбекистонликлар!