28 August 2017
19:12 - Самад Мурод ватандошларимизни мустақиллик байрами билан табриклади, Абдураҳим Пўлат бунга фикр билдирди
Демократи руҳдаги “Эрк”Партиясининг раиси, ўзбек миллатининг ҳақиқий фарзанди Самад Мурод ўзининг Интернетдаги саҳифаси орқали ватандошларимизни келаётган Мустақиллик байрами билан табриклади. Унинг табрикларига қўшилган ва Самад Муродни шу кунларга етиб келишимиз учун бутун умр курашган ИНСОН сифатида тарифлаган “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат Самад Муроднинг Фейсбукдаги саҳифасига қуйидаги таҳлилини қўйди. Ўйлаймизки, бу таҳлил ҳаммани қизиқтиради.

* * * * *

Самад Мурод ва бошқаларга!!! (Экспромт билан ёзилган)

СССРнинг 1924 йилда қабул қилинган, 1937 ва 1977 йиллари бироз ўзгаришлар билан қайтадан қабул қилинган Конституциясида СССРга кирган ҳамма давлтлар мустақил давлат сифатида СССРга кирганлари айтилган. Конституцига кўра, ҳамма давлатлар чет элларда элчиликлар очишга ҳақлари бор эди. Уларнинг ЎЗ ҚУРОЛЛИ КУЧАЛАРИ ҳам борлиги, ҳар бир давлатнинг ўз давлат тили борлиги ҳақидаги моддалар 1977 йилдаги вариантда олиб ташланган. Ўзбеклар ичида бу олиб ташлашга эътибор берган БИТТАГИНА АҲМОҚ бор эди - у мен.

Болтиқбўйи, Гуржистон ва Озорбайжонда 1977 йили ОДАМЛАР КЎЧАЛАРГА чиқиб, ўз давлат тилларини сақлаб қолиш бўйича митинглар ўтказганлар ва ўз тилларини сақлаб қолганлар. Агарда мен ҳам ўша пайтда митинг қилиш ҳақида оғиз очсам эди, мени КГБ эмас, ўзимизнинг ўзбеклар, яъни УЛУҒ РУС тили олдида тиз чўкишга тайёр бўлган ўзбеклар, ўшандаёқ ўлдиришган бўларди.

Хуллас, Ўзбекистон 1922 йилдан бери мустақил экан, уни 1990 йилнинг ёз ойида суверен, 1991 йил 31 августда МУСТАҚИЛ деб эълон қилиниши масхарабозликдан бошқа нарса эмас эди. Шуни билиш керакки, аввал Болтиқ бўйи жумҳуриятлари, Украина эса, 1991 йил 24 августда СССРдан ЧИҚҚАНИНИ ЭЪЛОН ҚИЛУВЧИ декларациялар қабул қилишган. Ўзбекистон эса, қоғоздаги декларацияси билан СССР ИЧИДА ҚОЛАВЕРГАН.

Шуни ҳамма билсинки, “Бирлик” 1989 йилнинг ёз ойларидаёқ болтиқбўйи республикаларидан ўрнак олиб, “СССРдан чиқиш ҳақидаги декларация”нинг русчасига айтсак черновикини тайёрлашга бошлаган эди.

Аммо, Салой Мадамин бошчилигидаги миллат хоинлари “Бирлик”ни парчалашганда, ўша черновик ва бошқа ҳужжатларимиз Ёзувчилар Уюшмасидаги офисимизда қолиб кетди. “Эрк”чилар талабалимизга қарамасдан, уларни бизга бермадилар ва уларни ўзлариники қилиб олдилар, кейин Ислом Каримнинг топшириғи билан “СССРдан чиқиш” сўзларини олиб ташлаб ”мустақиллик ҳақидаги декларация” деб тақдим қилдилар, Каримов уни северинитет декларацияси деб қабул қилдирди.

Ўша пайтда ўзбекларга ҳақиқатни тушунтириш қийин ва ҳатто мумкин бўлмаслигини билганим учун, Тошкент меҳмонхонасида Мурод Жўраев (уни ҳаромий Ислом Карим кейинчалик 20 йил қамоқда ушлади) ва Шовруқ Рўзимуродов (уни ҳаромий Ислом Карим 2001 йилнинг ёзида ўлдиртирди) турган хонасида ўтириб, вилоятлардан келган депуталардан бу декларацияни қўллаб-қувватлаш имзосини тўплаганман. Чунки, ҳатто шу масхарабозлик декларацияси ҳам СССРдан чиқиш йўлида биринчи қадам деб ҳисоблардим. Айтиш керакки, ўшанда Тошкент меҳмонхонасида биронта эркчи йўқ эди.

Тўғри ҳозир “Эрк” партиясини Самад Мурод бошчилигидаги ҳақиқий ўзбек демократлари қўлга олдилар. Аммо, бошланғич босқичда бу партия Ислом Каримнинг қўғирчоғи эди, холос.

1991 йил 21 августда ГКЧП давлат тўнтариши қилганда, уни Ўзбекистонда тан олмаган ташкилот фақат “Бирлик” бўлган. Ўша пайтдаги қўғирчоқ “Эрк” ГКЧП битгандан кейин чиққан газетасида ўзи ҳам ГКЧПга қарши бўлгани ҳақида ёлғон баёнот тарақатган. Агарда улар ҳам ГКЧПга қарши бўлсалар, нимага фақат “Бирлик” раисини жазоладир?

"Бирлик” ГКЧПни қораловчи ва уни тан олмасликка чақирувчи баёнотини 21 августда "Озодлик" радиосининг русчасида эълон қилди, эртасига эрталабданоқ мени ушлаб кетишган ва ярим кечаси Куйбишев район (ҳозирги Мирзо Улуғбек тумани) прокуратурасига судьяни ҳам олиб келиб, мени ва партиямизнинг феълан адвокати бўлган фаолимиз билан бирга суд қилиб, аввал 30 кунга қамашмоқчи бўлишган, аммо биз судьяни “ГКЧП бир ҳафта ҳам яшамайди, аммо бутун умр судья бўлолмайсан” деб қўрқитганимиздан кейин, у бизга 1,5 минг сўмлик жарима солиб, қўйиб юборган. Бизни қамоққа олиб кетиш учун эшик олдида турган милиция наряди билан жанжални ҳам қўрқитув билан биз ютганмиз.

Бу ҳақда 23 август куни эрталаб хабар олган Ислом Карим мени қайтадан ушлашга буйроқ берган. Биз қочганмиз, шаҳар кўчаларида орқамиздан қандай қувлаганларини “Ҳаракат” журналидаги хотираларимда тафсилотлари билан ёзганман. Вақти келади, ўша воқеалар бўйича кинолар олинади. Ўша куни эса, мен Чимкент орқали Москвага қочганман ва Горбачев Москвага қайтгандан кейин Тошкентга қайганман.

Бечора ҳаромий Ислом Карим 24 ёки 25 август куни "Тошкент оқшоми" ва "Вечерний Ташкент" газеталарида ҳеч қандай тушунтириш бермасдан, устимиздан чиқарилган суд қарори бекор қилингани ҳақида кичкинагина эълон чиқартирган.

Хуллас, 31 августдаги МУСТАҚИЛЛИК ДЕКЛАРАЦИЯСИ масхарабозликдан бошқа нарса эмас. Бу масхарабоз декларация билан яшаётган ўзбеклар узоққа боролмайдилар. Тушуниш керакки, 1922 йили СССРни тузган Россия, Украина ва Белорусия раҳбарлари 1991 йил 8 декабрда Беловежкие Пушида СССРни йўқ деб эълон қилдилар, ана шундан кейин биз мустақил бўлиб қолдик. Табиий, улар бу қарорни ҳамма республикалардаги "Бирлик" каби ташкилотлар СССРни йўқ қилиш учун ҳаракат қилаётганлари ва яқин орада ўз мақсадларига эришишларидан қўрққанларидан қабул қилганлар.

Келажакда ўзбеклар асосий байрамлари сифатида Ўзбекистонни мустқилликка олиб келган “Бирлик”нинг туғилиш кунини нишонлашга ўтишларига ишонман. Бундай қилмагунча, ўзбеклар одам бўлолмайдилар, миллат бўлолмайдилар, Ўзбекистон давлат бўлолмайди.

Ҳа, яна бир нарса тўғри, ҳозирча 1 сентябрда шу Мустақиллик кунини байрам қилиб бораверамиз. Ҳаммани, Самад Муродга қўшилиб, бу байрам билан табриклайман. Самад Мурод шу кунларга етиб келишимиз учун бутун умр курашган ИНСОНДИР.

Абдураҳим Пўлат