28 August 2017
06:21 - Қизиқ: Анвар Олтойли Ўрхон Қовунчининг қариндоши экан, Ўрхон Қовунчи ким ўзи?

Бу хабар сарлавҳасини ўқигач, яқингача Анвар Олтойлини ҳам билмаган ўқувчиларимиз Ўрхон Қовунчи ким бўлди деб ҳайрон бўлишлари табиийдир. Ўзбек аслли Ўрхон Қовунчи (турклар Orhan Kavuncu деб ёзишади) бир маҳаллар Совет тузумининг босимдан қочиб Афғонистон орқали Туркияга келиб жойлашган ўзбеклар оиласида Осмония вилоятида туғилган.

У Анқара Университетинг қишлоқ хўжалик факултетини битирди, шу Университетда ишлади, қадамма-қадам фан доктори, профессор унвонларини олди, Маълум вақт Қозоғистондаги Ахмад Яссавий Университети проректори вазифасида ҳам ишлади.

Ўрхон Қовунчи талаблик йиллариданоқ ижтимоий-жамоатчилик фаолияти билан шуғулланди. 1912 йилда тузилган, кейинчалик отатуркчилар партияси билан қўшилиб кетиб, ўтган асрнинг 50-чи йилларида қайтадан тикланган отатуркчиларнинг Турк Ўчоқлари номли жамиятнинг аъзоси бўлди, кейинчалик бу жамиятнинг Анқара бўлими раиси, кейин жамиятнинг Бош котиби даражасигача кўтарилди, 1996-1999 йиллари Туркия Буюк Миллат Мажлисининг Адана вилоятидан депутати бўлди.

Мен 1993-1998 йиллари Туркияда яшаган йилларимда Ўрхон Қовунчи ўзбеклар ичидаги энг машҳур одам ҳисобланарди, дейди “Бирлик” Партиясининг раиси Абдураҳим Пўлат. У билан 1-2 марта кўришганман, аммо нафақат мен билан, умуман Ўзбекистон билан қизиққанини унчалик сезганим йўқ.

Отатуркчиларнинг “Жумҳурият” газетаси кечаги сонида Ўрхон Қовунчи билан Анвар Олтойлининг ҳибсга олиниши бўйича ўтказилган суҳбатини эълон қилди. У суҳбат давомида Анвар Олтойли билан қариндошлиги, Анвар Олтойли ўз холасининг ўғли эканлиги, айни пайтда, ўз қайин биродари, 5 ёш катта акаси эканлигини айтиб, ўзининг ғоявий шаклланишида шу акасининг роли катта бўлганини урғулаган.

Ўрхон Қовунчи Анвар Олтойлининг адвокатидан олган маълумотларга асосланиб айтишича, 2013 йилда Миллий Истиҳборот Ташкилотида (МИТда) иш бошлаб, 2016 йилдаги давлат тўнтаришига урунишдан кейин фатхулла-гуленчиларнинг ФЕТОси аъзолигида айбланиб ишдан ҳайдалган ва ҳибсга олинган бир киши Анвар Олтойлига телефон қилиб, ундан ёрдам сўраган ва шу сабабли Анвар Олтойли ҳам ФЕТОчилар билан алоқаси борликда айбланиб ҳибсга олинган. Ҳибсдаги одам қандай қилиб Анвар Олтойлига телефон қилгани ҳеч ким тарафидан тилга олинмайди.

Эслатиб ўтиш керакки, бир маҳаллар Анвар Олтойлининг ўзи ҳам МИТда ишлаган эди.

Ўрхон Қовунчи ўз акасини ҳимоя қилиб, МИТ раҳбарига, жорийдаги Бош вазир ўринбосари Турғул Туркешга, бу ишга алоқаси бор давлат идораларинг раҳбарларига хат ёзганини айтган ва ўзи билан бир хил ғояларга содиқ бўлган акаси ФЕТОчи бўлолмаслигини уларга тушунтиришга ҳаракат қилган.

У газетага берган суҳбарида “Мен ҳам Анвар Олтойли каби Оллоҳдан қўрқадиган, дин ва давлатимизга боғлиқ бўлган миллатчиман” дебди. Унинг қуйидаги сўзлари бундан ҳам муҳим: “Ўйлайманки, Туркия ҳуқуқ устуворлиги, демократия, эркин бозор иқтисодини қабул қилган Ғарб давлати мақомидан воз кечмасдан, аксинча, буни мустаҳкамлаши керак.”

Ростдан ҳам бу охирги жумла жуда муҳим, дейди мухбиримиз. Кўриниб турибдики, Ўрхон Қовунчи шу пайтгача Ғарб давлатларидан бири бўлган Туркия ҳуқуқ устуворлиги ва демократиядан воз кечиб исломлашаётганидан, диктаторликларга хос репрессиялар кучайиб бораётганидан ва акаси асоссиз ҳибсга олинганидан норози ва ташвишда.

Расмда - Ўрхон Қовунчи ва Анвар Олтойли.