26 August 2017
07:27 - Нурсултон Назарбойдан Шавкат Мирзиёга маслаҳат: Бекорга кадр алмаштиришни, турли пайтларда ўзингизга содиқлигини кўрсатганларни олға суришни тўхтатинг
Казинформ Агентлиги Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбой Модернизация бўйича Комиссиянинг (қаранг, шунақаси ҳам бор экан – “Ҳаракат”) навбатдаги мажлисини ўтказганини хабар қилди. Мажлисда Бош вазир Б.Сагинтаев, Парламентнинг қуйи палатаси – Мажлиснинг раиси Н.Нигматулин, Президент Маъмуриятининг раҳбари А.Жаксибеков, ҳукумат аъзолари, давлатнинг марказий органлари ва миллий ширкатларнинг раҳбарлари иштирок этишган.

Мажлисда Қозоғистонда ўтказилаётган 5 йўналишдаги ислоҳотларнинг қандай бориши муҳокама қилинибди. Муҳокаманинг тафсилотлари хабарда берилмаган. Аммо, Нурсултон Назарбойнинг бир масала бўйича фикри ҳамманинг, биринчи навбатда, Ўзбекистонг Президенти Шавкат Мирзиёнинг ҳам диққатига сазовордир.

Нурсултон Назарбой турли даражадаги хизматчилар лавозимларидан “ўз ихтиёрлари билан” кетгандан кейин, бўшаган лавозимга ўша ердаги раҳбар турли даврларда ўзи билан ишлаган одамларни олаётганини танқид қилибди ва бу йўналишдаги камчиликларни тузатиш учун қўшимча чора-тадбирлар кўриш ҳақида топшириқлар берибди.

Минг афсуски, хабарда бу чора-тадбирлар нимадан иборат эканлиги айтилмайди. Ваҳолангки, улар айнан шу хатони қилаётган Шавкат Мирзё учун жуда фойдали бўларди.

Аммо, ҳеч шубҳасиз тахмин қилиш мумкинки, Нурсултон Назарбой ишга янги одам олаётганда унинг раҳбарга бўлган содиқлиги эмас, биринчи навбатда, унинг ташкилотчилик қобилиятлари ҳисобга олиниши кераклигини урғулаган.

Айнан шу масалада Шавкат Мирзиё энг катта хатоларга йўл қўймоқда ва буни “Бирлик” Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги, бироз бошқача шаклда бўлса ҳам, тўхтамасдан гапириб келмоқда.. У ҳамма ерда кадр алмаштириб, ўзи тўғридан-тўғри лавозимидан улоқтираётган ёки “ўз аризаси билан” кетишга мажбур қилинаётган турли даражадаги давлат хизматчилари ўрнига аввал ҳам ҳеч нарса қилолмаган, ҳаромий Ислом Каримга садоқатсизлиги туфайли эмас, бирон нарса қилолмагани учун ишдан отилганларни, кўринишидан, ўзига содиқ бўлганлари учун қайтдан ишга олиб, илгари сурмоқда. Бу – шундоқ ҳам аянчли аҳволда бўлган Ўзбекистоннинг орқасига пичоқ урушдан бошқа нарса эмас.

“Бирлик” ва “Ҳаракат”га қулоқ солмасдан боши берк кўчага кетаётган Шавкат Мирзиё қўшни мамлакатдаги ҳамкасби Нурсултон Назарбойнинг маслаҳатларига қулоқ солади деб умид қиламиз.

Расмда - Нурсултон Назарбой бир неча ой аввалги Чимкентдаги учрашув пайтида Шавкат Мирзиёга боғдорчилик бўйича маслаҳатлар бермоқда.