25 August 2017
09:12 - Қурбон ҳайитини Шавкат Мирзиёнинг қарори бўйича 1 сентябрда нишонланиши тўғрими?

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёнинг кеча имзоланган қарорида айтилишича, Ўзбекистон Мусулмонлар Идораси бу йил Қурбон ҳайитининг биринчи куни 1 сентябрга тўғри келишини аниқлаганига асосланиб, 2017 йил 1 сентябрь мамлакатимизда Қурбон байрами куни деб белгиланибди.

Шу туфайли Шавкат Мирзиё “Нуроний”, “Маҳалла” жамғармалари ва бошқа барча мутасадди идоралар, жамоат ташкилотларига Қурбон ҳайитининг жойларда тартибли ва юқори даражада, халқимизнинг миллий қадриятларига мос равишда ўтиши учун тегишли тадбирларни амалга оширишни буюрибди, Миллий телерадиокомпания, Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Қурбон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритишни тавсия этибди.

Маълумки, Ўзбекистон дунёвий, яъни диндан ажратилган давлат. Шу сабабли, Шавкат Мирзиёнинг диний байрам ҳақидаги бу қарори ноқонуний. Ҳамма диний байрамлар Мусулмонлар Идорасининг қарори билан, давлатнинг мавжуд қонунларидан ташқарига чиқмасдан нишонланавериши керак.

Тахмин қилиш қийин эмаски, Мусулмонлар Идораси айнан Шавкат Мирзиёнинг норасмий таклифи ёки бўйруғи асосида Қурбон ҳайитининг биринчи куни 1 сентябрни тўғри келишини гўёки аниқлаган. Мақсад - Мустақиллик байрамини қандай ўтказиш ҳақида аниқ фикр бўлмагани сабабли, Мустақиллик байрамини Қурбон байрами соясида ими-жимида ўтказиб олишдир.