24 August 2017
06:33 - Абдураҳим Пўлат: Одамий эрсанг демагил одами,... ёки ўзбекларнинг сўнги 50 йилда янада тубанлашгани (3-чи қисм)

(Бу тарихий мақола бу кунларда ёзилмади. Уни 2-3 йил аввал бошлаб, 16 саҳифасини ёзгандан кейин, шунчалик ишим кўплигидан, уни ҳатто унутибман. Шу кунларда уни тасодифан компютердаги архивимда кўриб қолиб, ўзим ҳам ҳайрон қолдим. Унинг 6 варағини “Ҳаракат” сайтига 14 августда қўйган эдим. Мана унинг сайтимиздаги адреси - http://harakat.net/news/?id=21003. 20 августда кейинги 6 варағини қўйдим, унинг адреси - http://harakat.net/news/?id=21032. Мана бугун яна 5 варағини қўймоқдаман.)

“БИРЛИК”НИНГ МИЛЛАТНИ ФОЖЕАГА ЙЎНАЛТИРГАН БЎЛИНИШИ

Хуллас, қурултойдан кейин Ташаббус Гуруҳи ўрнини Марказий Кенгашнинг Ҳайъати эгаллади, унинг аъзоларини кўпчилиги Тошкентда яшайдиганлар бўлгани сабабли, ҳафталик йиғилишларимиз давом этаверди. Кузда Ўзбекистон Олий Советида ўзбек тилига давлат тили мақоми бериш масаласи кўрилишини билар эдик, асосий ишимиз шунга тайёрланиш, катта митинглар йўли билан Олий Совет қонунни биз истаган шаклда қабул қилишига эришиш эди.

Ёзда Марказий Кенгаш Ҳайъатида 10 сентябрь куни Тошкентаги Лекин майдонида юз минг кишилик митинг ўтказиш ҳақида қарор чиқарилди. Биз турмуш ўртоғим Саида билан фарзанд кутаётганимиз сабабли, ўғлим Шуҳрат айтгандек, уйга қуёш ботгандан кейин келадиган адаликдан воз кечиб, оилам билан аввал 1 ҳафта Чорвоққа, кейин 1 ҳафта Шоҳимардонга дам олишга кетдик. 10 сентябрьда 100 минг кишилик митинг ўтказиш қарори менинг ташаббусим билан аммо ўзим йўқлигимда қабул қилинганини айтиш муҳимдир. Кейин 1 миллионликлик митинг ўтказиб, миллатнинг овозини ҳамма ерга эшиттирамиз деб ҳам яқин сафдошларимга гапирар эдим.

Яна бир нарсани урғулаш керакки, “Бирлик”нинг аввал Ташаббус Гуруҳи аъзолари, кейин Марказий Кенгаш Ҳайъати аъзолари - ҳеч қандай низоларсиз, мустаҳкам ҳамфикрлар командаси каби ишладик. Мен оилам билан Шоҳимардондан қайтишда водийда кўп учрашувлар ўтказдим, асосий гаплар 10 сентябрдаги митингга вилоятлардан, жумладан, водийдан одамлар етиб боришни таъминлаш ҳақида бўлди. Бу ерлик сафдошларимиз пул йиғиб 10 сентябрда Тошкентга етиб бориш учун автобуслар киралашга бошлашди.

Август ойининг ўрталарида Тошкентга қайтганимда, Салой Мадамин СССР Ёзувчилар Уюшмасининг Кавказдаги дам олиш уйига оиласи билан кетган экан. У билан ҳар куни кўришиб турадиган дўст ва сафдошга айланиб бўлгандик. Унинг бирликчилар ичида катта обрўси бор эди. Ишларни давом эттириш билан бир қаторда, унинг Тошкентга қайтишини сабрсизлик билан кутардим. У 30 август куни қайтиши маълум бўлди.

31 авгуси куни биринчи имкон бўлиши билан Ёзувчилвр Уюшмасига югурдим, Салой Мадамин ишга чиқмаганини айтишди. Бироз ажабландим, чунки 10 сентябрь митинги ҳақида гаплашиладиган ва қилинадиган ишлар кўп эди. 1 сентябрь куни яна Уюшмага келиб, эшикдан киришим билан 2-чи қаватдан тушиб келаётган Салойни кўрдим. Янглишмасам, қучоқлашиб кўришдик. Аммо, оғзини кафти билан бекитиб, тиш олдиргани учун ҳеч ким билан кўришиш ва гаплашишни истмаётгани айтганда, мен ҳатто кулдим ва “аёллар бундай қилса ярашади, Сиз бунга парво қилманг” дедим ярим ҳазил билан. Аммо, у уйга кетиши кераклигини, аммо Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг идеология бўйича котиби (Ўзбекистон Фанлар Академиясини академиги бўлган бу кишини танирдим, ҳозир исми ҳам ёдимдан кўтарилибди) мен ва бошқа бир қатор “Бирлик” раҳбарияти аъзолари билан эртага, яъни 2 сентябрь куни фалон соатда Марказкомда учрашмоқчи эканлигини, мақсад 10 сентябрь митинги ҳақида гаплашиш эканлигини айтиб, ўзи у ерга тиши туфайли боролмаслиги айтди ва уйига кетди.

Дарҳол учрашувга тайёргарлик бошладик, кимлар боришини гаплашдик. Ҳозирда раҳматли бўлган, аммо ўша вақтда ўринбосарим бўлган Зоҳир Аълам билан жуда яқинлашиб қолган эдик, Марказкомдаги учрашув ҳақида фикримиз ҳам бир ердан чиқди. Учрашувдан мақсад – митингни қолдириш бўлиши аниқ, аммо ҳар қандай шарт остида ҳам биз бунга рози эмаслигимизни айтамиз, деб келиишдик ва бошқаларни ҳам шунга тайёрладик.

2 сентябрда тахминан 10 киши Марказкомга борсак, Салой Мадамин биздан аввал келиб, биз билан учрашадиган Марказком котибининг хонасида ўтирган экан. Дарҳол тахмин қилдимки, марказкомдагилар биз митингни қолдирмаслик масаласида келишиб олганимиздан хабардор бўлишган ва Салойни учрашувга олиб келишган. Бу учрашувнинг пўст калласини айтаман қўяман. Марказком котиби 10 сентябргача “Бирлик” халқ ҳаракатининг дастурини газеталарда эълон қилиш ваъдаси қаршисида митингни қолдиришга чақирди ва бу ҳақда телевидение орқали чиқиб гапиришимиз кераклигини айтди. Аслида, бу талаб каби гап эди.

Табиий, мен ўта маданиятли шаклда “йўқ” дедим, бошқалар мени қўллаб-қувватлашди. Ана ўшанда гапга Салой Мадамин аралашди ва демогогиядан бошқа нарса бўлмаган гапларни айтиб, Марказкомнинг таклифини қабул қилиш кераклигини гапириб қолди. Бироз баҳсга ўхшаган нарса бўлди, аммо машҳур ёзувчи Гулчеҳра Нуриллаева ва Ядровий физика институтининг олими Муҳаммдамин Нарзиқуловдан бошқа ҳамма, улар асосан ёзувчилар эди, тезда Салой томонига ўтди. Бахс давом этар экан, кўпчлик Гулчеҳра Нуриллаева ва Муҳаммдамин Нарзиқуловни ҳам ўз тарафларига ўтишга кўндиришди. Бир ўзим қолдим, баҳсни давом эттирдим, аммо демократияларда кўпчлининг фикри қабул қилиниши керак деган, ҳозир тушунаманки, хато мантиқдан келиб чиқиб, мен ҳам рози бўлдим. Мен телевидение орқали митинг қолдирилганини ҳақида эълон қиладиган бўлдим.

Ташқарига чиқишимиз билан ҳамма тарқалиб кетди, мен Гулчеҳра Нуриллаева ва Муҳаммдамин Нарзиқулов билан бироз гаплашиб қолиб, шундай деганим ҳали ҳам ёдимда; “Нима бўлганини билмайман, аммо ўз қароримиздан оғзаки ваъда эвазига воз кечиб, даҳшатли натижаларга олиб борадиган хато иш қилиб чиқдик”.

Янглишмасам, 4 сентябрь куни мен телевидение орқали қисқа чиқиш қилиб, митингни қолдирганимизни эълон қилдим. Вилоятлардан телефон қилиб, бу қарорга эътироз билдирганлар ҳам бўлди, аммо ғишт қолипдан кўчиб бўлганди.

Менинг эса уйқуларим қочди, азобда эдим, чунки, “даҳшатли натижаларга олиб борадиган хато иш қилиб чиққанимизни” ҳис қилардим. Табиий, нима бўлишини аниқ билмасдим, аммо ҳис қилардим. Шу ҳиссиёт остида 7 ёки 8 сентябрь куни Ёзувчилвр Уюшмасининг кичик залида Марказий Кенгаш Ҳайъатининг кенгайтирилган мажлисини чақирдим. Ўзим кўп гапирмасдан қисқача фикримни билдирдим, аммо Шукрулло, Эркин Воҳид, Жамол Камол каби шоир-ёзувчи аъзоларимиз Салой Мадаминга ташланиб, уни сал кам хоинга чиқаришди. Салой Мадамин бир вароқ қоғозга “Мени сотқинликда айблашмоқда, “Бирлик”дан чиқдим” деб ариза ёзиб менга берди ва мажлисни тарк этди. Йиғилишда митинглар ўтказишни давом эттириш керак деган қарор қабул қилинди. Салой бир неча кундан кейин ўз аризаси ҳаяжон остида ёзилганини билдириб, “Бирлик”дан чиқмаганлигини билдирди.

Марказком ваъдасини бажармади, “Бирлик”нинг дастури ҳеч қаерда эълон қилинмади. Лекин, менинг ўзим бошқа сафдошларим билан ҳар куни Марказкомга бориб, ўз ваъдаларини бажаришни талаб қилдик. 10 сентябрь куни ҳам Гулчеҳра Нуриллавева билан яна Марказкомда эдик. У ердагилар ёлғондакам телефонлар қилиб, “Бирлик” дастури қайсидир газетанинг эртанги сонига қўйилгани, газета типографига юборлганини айтишарди. Ўша куни соат 22-23ларда менга “Америка Овози” радиосининг ўзбек редакциясидан телефон қилишлари керак эди. Шунинг учун Гулчеҳра опани Марказкомда қолдириб, ўзим уйга кетдим. Кечаси соат 24 лар атрофида Гулчеҳра опа менга телефон қилиб, ҳозир уйда эканликларини, аммо ярим кечага яқинлашса ҳам “Бирлик”нинг дастури биронта газетада чиқиши аниқ бўлмагандан кейин, Марказкомнинг 5-чи қаватидан пастга тушиш учун, лифт ҳам ишламаятгани учун зинага келсалар, 6-чи қаватдан тушиб келаётган Салой Мадаминни кўриб қолганларини йиғламсираб гапирдилар.

У пайтда ҳамма билардики, 6-чи қаватда Марказкомнинг биринчи ва иккинчи котибларигина ўтирардилар. Иккинчи котиб ўрис бўларди, биринчи котиб эса, 2 ойча аввал гўёки сайланган, аслида Москва тарафидан тайинланган Ислом Каримов эди. Ноқулай аҳволда қолган Салой “Ислом ака мени Ёзувчилар Уюшмасининг котиби сифатида чақирган эканлар, шунга келувдим” дебди. Ёзувчилар Уюшмасининг учинчи котибини феълан давлат раҳбари бўлган Ислом Карим ярим кечаси ўз олдига чақирганига аҳмоқ ҳам ишонмасди. Кўриниб туринардики, Салой Мадамин Марказкомнинг хизматига ўтган, “Бирлик”ни ва, ишонч билан айтиш мумкинки, ўзбек миллатини Москвага сотиш йўлига тушган. Бу нарсаларни жуда яхши тушунадиган Гулчеҳра опа айнан шу сабабдан йиғламсираб гапирардилар.

Мен ҳам айнан шундай фикрда эдим. Тез орада яна бир нарсани билиб қолдик. Маркзкомнинг идеология бўлими раҳбарининг ўринбосари, бундан олдин Москва телеканалидаги машҳур “Время” программасининг Ўзбекистон бўйича мухбири Ирисмат Абдуҳолиқ ўз ҳамкасби ва дўсти, “Учительская Газета”нинг Ўзбекистон бўйича мухбири, айни замонда “Бирлик” фаоли Анвар Усмонга бундан ҳам қизиқ воқеани айтиб берди. Унинг айтишича, Салой Мадамин 30 август куни Кавказдан қайтиб келганда, айнан Ирисмат Абдуҳолиқ Ислом Каримнинг шахсий топшириғи билан уни самолёт трапи олдида кутиб олиб, Ислом Каримовнинг олдига оборибди ва улар яширинча бир неча соат гаплашишибди. Бизнинг тахминларимизга кўра, КГБ агентлари Салойни Кавказдаёқ сотиб олганлар ва у Ислом Каримов билан учрашишга ҳамда унга хизмат қилишга ўша ердаёқ рози бўлган. Унга нималар ваъда қилингани яна бир неча ойдан кейин маълум бўлди.

Мен сентябрь ойининг охирги кунларидан бирида Салой Мадаминнинг Ёзувчилар Уюшмасидаги кабинетига кириб, унинг Ислом Карим билан учрашувларидан хабаримиз борлини айтиб, уни бу йўлдан қайтишга чақирдим. У ҳокимит билан музокарлар олиб бориб тўғри қилаётганини гапирди. Нима учун музокаралар яширин, нега “Бирлик” раҳбарияти бундан хабарсиз деган саволларимга у жавоб ҳам беролмади.

Ниҳоят мен бундай дедим: “Каримов Сизни бир марта ишлатиладиган презирвативдек ишлатиб, кейин отиб юборади”. У ўрнидан туриб ва кўкрагини кериб “Муҳаммад Солиҳни ҳеч ким бир марта ишлатиб отиб юборолмайди” деди. Аслида у ҳақ чиқди. Ислом Карим уни икки марта ишлатиб, кейин улоқтириб юборди. Биринчи марта - “Бирлик”ни парчалашда, иккинчи марта - Ўзбекистонда 1991 йилнинг охирида ўтказилган илк президент сайловларини Салойнинг ҳам иштирокида гўёки демократик қилиб кўрсатишда. АҚШ Конгрессининг машҳур Хельсинки Комиссиясининг ўша сайловлар бўйича тайёрланган ҳисобатида “бу сайлов демократик бўлмаганининг асосий кўрсатгичи – унда “Бирлик” номзодига иштирок этишга йўл берилмаганидир” дейилган.

1989 йилга, “Бирлик”ни парчлаш бошланган пайтга қайтайлик. Биз ҳеч нарсага қарамасдан, митинглар ўтказишни давом эттирдик, 24 сентябрь ва 1 октябрь куни ўн минглаб одам қатнгашган муҳташам митинг ва намойшларимиз видеолларга олинган, улар мавжуд режимнинг оёғини титратиб қўйганини ўзимиз ҳам кўриб турадик. Мақсадимиз эса, аввал айтганимдек миллион киши иштирок этадиган митингларга етишиш ва ҳокимяит бизсиз ҳеч нарса қилолмаслигини кўрсатиш эди. Ўзбек тили давлат тили бўлиши ҳақила гапириб ўтирмаса ҳам бўларди.

1-чи октябрда Ленин майдонида милициянинг ҳамма қаршиликларига қарамасдан ўтказилган митингдан кейин маълум бўлдики, “Бирлик” Марказий Кенгаши Ҳайъатининг асосан ёзувчилардан иборат гуруҳи менсиз йиғилиб, 8 октябрда Маркзий Кенгаш мажлисини ўтказиш ва раис алмаштиришга келишишибди. Уставимизга кўра, раис Қурултойдагина алмаштирилиши мумкинлиги ҳам уларни қизиқтирмабди. Улар Ёзувчилар Уюшмаси номидан кўплаб ёзувчиларни вилоятларга юбориб, бирликчилар ичида Абдураҳим Пўлатни алмаштирриш кераклигини ҳаммага уқтиришибди.

Юқорида айтганимдек, ўзбеклар ичидаги ёзувчиларга сиғиниш даражасидаги ҳурмат - вилоятлардаги бирликчиларни ҳам уларнинг гапига киришга рози қилибди. Бундан руҳланган ёзувчилар 8 октябрга мўлжалланган Марказий Кенгаш йиғилишига мени киритмасликни ҳам ўйлашибди, аммо қатнашса нима қилоларди, демократия борлигини кўрсатайлик дея, мени ҳам киритишга келишишибди. Мен буларнинг ҳаммасидан хабардор бўлганимдан кейин, ўзимоқ “Бирлик”ни тарк этиш қарорига келаётганимда, асосан уч киши – укам Абдуманноб, раис сифатидаги ўринбосарим Шуҳрат Исматуллаев ва яна бир тошкентлик бирликчи Ёзувчилар Уюшаси биносидаги Орол Комитетининг хонасида мени ўртага олиб, “Сиз кетсангиз “Бирлик” ўз-ўзидан йўқ бўлади, шунингш учунгина КГБ Сизни йўқ қилмоқчи, мажлисга боринг, уларни боплаймиз" деб менинг фикримни ўзгартиришди.

Ҳақиқатда шундай бўлди, ҳеч қандай шок терапияси усулларисиз, ўта нозик сиёсий технологиялар қўллаб, Салой Мадамин бошчилигидаги миллат хоинлиринин бопладик, кўпчиликнинг кўзини очдик. Натижада, 93 кишилик Маркзий Кенгашнинг тахминан 15 аъзосигина Салой Мадамин билан мажлисни тарк этиб, ўзларини ҳақиқий “Бирлик” деб эълон қилишди. Ёзувчилар Уюшмасининг биносида бўлган ҳужжатларимизни ўзлариники қилиб олишди. Аммо, амалда ҳеч нарса қилишолмади. Биз “Бирлик” бўлиб қолдик, улар кейинчалик ўзларини аввал “Эрк” ҳаракати, кейин “Эрк” партияси деб эълон қилишди, охир-оқибат мен айтган болалар тўгараги каби йўқ бўлиб кетишди. У ердаги ҳақиқий миллатпарварлар бизнинг сафимизга қўшилишди.

1989 йил 8-чи октябрдаги “Бирлик” Марказий Кенгашининг мажлиси тўла видеога олинган, “Можара” исмли бу фильм “Ҳаракат” сайтининг бош саҳифасига ўрнатилган. У ерда нафақат мажлиснинг ўзи, митинларимиздан ҳам парчалар кўрсатилган. Истганлар уни сайтимизда кўришлари мумкин.

Аммо, бу воқеалардан мен ўзим ҳам билмаган, ҳатто тахмин ҳам қилмаган бир нарсани тушундим. Ривожланмаган жамиятларда биронта партия ёки ҳаракат иккига бўлинса, бир тарафга 10 фоиз, иккинчи тарафга 1 фоиз одам ўтса ҳам, қолган 89 фоиз одам, “бор эй, санларни” дея ҳамма нарсани ташлаб кетар экан. Бизда ҳам айнан шундай бўлди. “Бирлик” 15 октябрда ҳам инерция билан муҳташам митинг ўтказди, унинг таъсири остида 19 октябрь куни Олий Совет ўзбек тилини давлат тили деб эълон қилди, аммо кўпчилик “Бирлик”ни тарк этганидан фойдаланган Ислом Каримов Ўзбекистонда бироз янгиланган сталинча тоталитар режимни тиклаб олди.

Ўшанда тушундимки, ўзбек миллатининг ҳозирги босқичдаги фожеаси - “Бирлик” Марказий Кенгаши Ҳайъатининг 1989 йилдаги 21 аъзосидан 14 нафари ёзувчи бўлгани, ёзувчиларимизнинг кўпчилиги миллат учун ўлимга ҳам тайёр бўлиш билан бир қаторда, миллатни бир чақага сотиб ҳам кетаверадиган даражадаги пасткашлар бўлиб чиққанидадир. Буни осонликча тушуниш қийин, аммо аччиқ ҳақиқат шундан иборат. Ҳаромий Салой Мадаминни қўйиб туринг, Эркин Воҳид ва Абдулла Ориф каби ҳатто Совет замонида ҳақиқий ўзбек миллатчиси, миллатпарвари ҳисобланган ёзувчиларнинг миллатга қилган хоинликлари - бу фикримнинг янг яхши исботидир.

Ўзбек миллати бу ҳақиқатдан керакли хулоса чиқариши керак, қолаверса, чиқаришга маҳкум. Демак, бу аҳволимиздан керакли хулосалар чиқариш, бу аҳволдан чиқиш устида ўйлаш ва бунинг учун нима керак бўлса, уни қилишз – ҳаммамизниннг бурчимиздир. Бошқа йўл йўқ.

ЯНА 25 ЙИЛ ЎТДИ, ЎЗБЕКЛАР МИЛЛАТ СИФАТИНИ, ЎЗБЕКИСТОН ДАВЛАТ СИФАТИНИ ЙЎҚОТДИ

Эски бинони тузатишдан янгисини қуриш осонроқ дейди қурувчилар. Бу гап сиёсий жараёнларга ҳам тегишли. Қаранг, “Бирлик”ни тахминан ярим йил ичида қурдик, аммо миллат хоинлари тарафидан жароҳатланган “Бирлик”ни қайтадан оёққа қўйиш осон бўлмади. Қолавреса, бунга етралича вақт бўлмади. СССРдек тоталитар империя ҳамма демократик ташкилотларнинг, жумладан, “Бирлик”нинг ҳам саъй-ҳаракатлари натижасида парчаланди. Лекин, “Бирлик” аввалги кучига киришга улгурмаган эди, бундан фойдаланган Ислом Карим Совет типидаги сталинча режимни Ўзбекистонда ўрнатиб олишга улгурди.

(Давоми бор)

P.S.Юқорида айтганимдек, бу хотиралар мажмуасини бир неча йил аввал ёзишга бошлаб, иш кўплиги туфайли уни унутган ҳам эканман. Албатта у давом эттирилиши керак. Аммо, ҳозир буни қилиш қийин бўлади. 2001-2004 йиллари “Бирлик”ни қайтдан тиклаётган пайтимизда Ўзбекистонда Ислом Карим раҳбарлигида ҳукмронлик қилаётган тожиклари режими акромийлар ёрдамида қонли Андижон воқеаларини уюштириб, яна ўзини тиклаб олган эди. Ҳозир Ўзбекистон ўша пайтдаги каби инқилобий ўзгаришлар арафасига келмоқда. Шу сабабли, бу хотираларни, аслида, Ўзбекистон тархининг муҳим саҳифаларини ёзишни, ҳозир давом эттиролмаслигим мумкин.