23 August 2017
20:29 - ЎзТВда жонли кўрсатувлар таъқиқланди, ҳаддини ошган журналистлар танбеҳ олди, бу ҳали ҳолва!

Ўзбекистон ҳукумати раҳбари Абдулла Арип телерадиокомпанияга келиб, йиғилиш ўтказди ва ТВ орқали эфирга тўғридан-тўғри кетаётган кўрсатувларни таъқиқлади. Хусусан, Халқаро пресс-клуб томонидан тўғридан-тўғри эфирга узатилаётган кўрсатувларни кескин танқид қилиб, кўрсатув бошловчиси Шерзод Қудратхўжанинг “ҳаддидан ошиб кетгангани”ни айтди. Хусусан, журналистга “Сен, бола, ҳаддингдан ошдинг! Кетингга тепаман, бориб домлачилигингни қилаверасан. Пахтага палончи чиқмайди, фистончи чиқмайди, дейсан, энанг терадими?..” деди.

Ўз навбатида Шерзод Қудратхўжа Бош вазирга: “Менга бақиришга ва сенлашга ҳаққингиз йўқ, онамга тил текизманг”, деб жавоб қайтарди.

Абдулла Арип Телерадиокомпания раиси Бобур Алихонга ҳайфсан эълон қилди, ҳаромий собиқ президент Ислом Каримнинг шахсий маддоҳи бўлган Хайрулла Нуриддинни раиснинг биринчи ўринбосари этиб тайинлади.

“Ҳаракат” мухбирларининг аниқлашича, Бош вазир президент Шавкат Мирзиёдан қаттиқ гап эшитган. Бунга эса якшанба куни эфирга кетган “Таҳлилнома” кўрсатуви сабаб бўлган. Яъни, кўрсатувда чиққан миллат хоини, ҳофиз Шерали Жўра 38 минут давомида Шавкат Мирзиёни мадҳ этган. Бундан ғаши келган давлат раҳбари бундай кўрсатувларни қисқартиришга, йўқ қилишга буюрган. Бош вазир эса “калла ўрнига салла” келтирган.

Бўлаётган воқеалар кўрсатмоқдаки, Шавкат Мирзиёнинг ёлғондакам ўзгаришлар сиёсати шарманда бўлишга бошлади. Бу ҳали ҳолва! Шерзод Қудратхўжага ўхшган мардларининг сони кун сайин ортиб бораверади. Абдулла Арип кабилар қочгани жой қидириб қолади. Ҳаммаёқ масхарабозлик.