21 August 2017
17:33 - АҚШдаги Техас Университетида “оқлар устунлиги”нинг рамзи бўлган яна бир ҳайкал кечаси олиб ташланди, аммо мусулмонларга қарши кайфият ортаверади

Reueters агентлиги, маҳалий вақт билан саҳар соатларида тарқатган хабарига кўра, бугун кечаси Техас штатининг пойтахти Остин шаҳридаги Университетда “оқлар устунлиги”нинг рамзларидан бири ҳисобланадиган ҳайкал олиб ташланган (расмда). Ҳайкал аввалдан эълон қилинмасдан кечаси олиб ташланишининг сабаби – ҳайкалнинг олиб ташланишига қарши чиқадиганлар бўлиши мумкинлигидан қўрқишдир.

Аввалги хабарларимиздан маълумки, шу йил 12 августда АҚШнинг Виржиния штатидаги Шарлотсвилл шаҳарчасида бир неча юз кишилик оқ танли ирқчилар гуруҳи 19 асрнинг 60-чи йилларида қулдорликни сақлаб қолиш ниятида тузилган Конфедерация армиясининг қўмондонига қўйилган ҳайкални бузиб ташлаш режалаштирилаётгани ҳақидаги гап-сўзлар таъсири остида норозилик намойиши уюштирдилар. Уларга қарши бўлганларнинг кичкина гуруҳи ҳам кўчага чиққач, ирқчилардан бири ўз автомобилида бу кичкина гуруҳ устига юриб, 1 кишини ўлдириб, 19 кишини ярадор қилган эди. Лекин, барибир бу ҳайкал олиб ташланди.

Техас Университетидаги ҳайкал ҳам ўша Конфедерация тарафдорларининг хатирасига қўйилганди.

Борлигидан кўпчиликнинг хабари ҳам бўлмаган бундай ҳайкалларнинг олиб ташланиши тўғри иш, дейди мухбиримиз, аммо, бунинг учун танланган вақт мутлақо нотўғри. Чунки, ҳозир ҳар ким кўриб турибдики, дунёда, жумладан, АҚШда исломий терактлар ва бундай терактларга тайёргарлик кўраётган мусулмонлар қўлга олинаётгани ҳақидаги хабарлар кўпайиб бораётган пайтда, оддий америкаликлар ичида “оқлар устунлиги” ғояси қайтадан уйғониши табиийдир. Бир вақтлар “оқлар устунлиги” ғояси оқ танликларнинг қора танли қуллардан устинлигигини кўрсатиш ниятида ўртага чиқарилган эди. Ҳозир бу ғоя америкаликларнинг нафақат қора танлилардан, ҳозир замонавий қуллар вазифасини бажараётган ҳамма муҳожирлар, жумладан, мусулмонлардан устинлиги шаклида кенгайиб ўртага чиқиши муқаррардир.

Шарлотсвилл шаҳарчасидаги ҳайкалнинг олиб ташланиши атрофидагим қонли воқеалар ва бугун кечаси Техас Университетида ҳайкалнинг олиб ташланиши ҳақидаги хабарлар - “оқлар устунлиги” тарафдорларининг қайтадан жонланиши ва аввалгидан ҳам кенгайишига йўл очиши шубҳасиздир.

Шу муносабат билан яна бир воқеани эслаш фойдали бўлади. АҚШ Президенти Доналд Трампнинг катта сиёсий маслаҳатчиси бўлган Стив Бэннон, Доналд Трампнинг тақимига қўшилмасдан олдин, айнан ўша “оқлар устунлиги” тарафдорларининг Breitbart News сайтини бошқарган экан. Шарлотсвиллдаги ҳайкални олиб ташлаш атрофида чиққан жанжаллардан кейин, Доналд Трамп Стив Бэннонни ўз ихтиёри билан истеъфога кетишга мажбур қилди. Стив Бэннон истеъфога чиқиб, эртаси куниёқ эски ишига қайтди, Breitbart News сайтига қайтадан раҳбар бўлди.

“Оқлар устунлиги” ҳаракати АҚШда ғалаба қозонолмайди, аммо муҳожирларга, жумладан, мусулмонларга қарши кайфият яратишда етарлича ишлар қилолади.