20 August 2017
10:35 - Абдураҳим Пўлат: Одамий эрсанг демагил одами,... ёки ўзбекларнинг сўнги 50 йилда янада тубанлашгани (2-чи қисм)

(Бу тарихий мақола бу кунларда ёзилмади. Уни 2-3 йил аввал бошлаб, 16 саҳифасини ёзгандан кейин, шунчалик ишим кўплигидан, уни ҳатто унутибман. Шу кунларда уни тасодифан компютердаги архивимда кўриб қолиб, ўзим ҳам ҳайрон қолдим. Унинг 6 варағини “Ҳаракат” сайтига 14 августда қўйган эдим. Мана унинг сайтимиздаги адреси - http://harakat.net/news/?id=21003. Яна вақтим бўлмасдан, бугунгина унинг кейинги 6 варағини қараб чиқдим ва сайтимизга қўймоқдаман.)

3. “БИРЛИК” ХАЛҚ ҲАРАКАТИНИНГ ТУЗИЛИШИ - БОШЛАНҒИЧ ҚАДАМЛАР

Орол комитетидаги фаолиятимдан, юқорида айтганимдек, КГБ ҳам хабардор эди. Кейин билсам, ўзбек ёзувчилари ичида Эстония халқ фронтидан ибрат олиб, ўзимизда ҳам шундай ташкилот тузиш устида иш бошлаганлар бор экан. Улар ҳам мен тўғримда эшитишибди ва ўзлари тузаётган “Бирлик” халқ ҳаракатига қўшилишга, биринчи қадам сифатида, уни дастурининг экологик муаммоларга бағишланган бўлимини қилиб беришга чақиришди.

1988 йил Октябрь ойининг охирларида бўлган бу таклифни ўйлаб ўтирмасдан қабул қилдим. Чунки, менда “ўзим ташкилот тузаётибманку” деган ёлғондакам амбиция йўқ эди. Мақсадим миллатга хизмат қилишми, мендан бироз бўлса ҳам олдинда кетаётганларга қўшилишим керак деб онгим остидаёқ қарор қабул қилинган бўлса керак. Бунинг устига, ўша пайтда содда ўзбеклар ичида ёзувчиларга сиғиниш даражасида ҳурмат борлигини ҳам билардим, демак, бундан фойдаланиш яхши бўлади, деб ўйладим.

Ўзбекнинг тарихида қоладиган кун – 1988 йил 11 ноябрь бўлди. Айнан ўша куни бўладиган “Бирлик” халқ ҳаракатининг тузилиш мажлисига 1-2 кун олдиндан мени таклиф қилишди. Аввалига, мажлис Ёзувчилар Уюшмаси биносида бўлиши айтилган эди. У ерга борсам, мен танимайдиган бир одам эшик олидадаёқ олдимга келиб, кейин билдим, бу - ёзувчи, “Бирлик” асосчиларидан Зоҳир Аълам экан, мажлис ўша пайтда ҳар бир ўзбек биладиган хонанда Дадахон Ҳасаннинг уйида бўлишини айтди, адрес берди, ўша ерга кетдим ва у ерга келдим.

У ерда 15 кишича бор эди. Мен у ер бу ерда кўриб юрган ёзувчилардан ташқари, ҳеч кутилмаганда, ўзимнинг укам Абдуманноб ва бир яқин дўстимнинг божаси Қаҳрамон Ғуломовларни кўриб роса ҳайрон қолдим.

Орадан 27 йил ўтди, ўша кунги мажлис ҳақида ҳамма нарсани эсалшим қийин. Аммо, асосий нуқталар эсимдан чиқиши мумкин эмас.

1. Ташкилотнинг номи “Бирлик” халқ ҳаракати ёки “Бирлик” халқ фронти бўлиши ҳақида қисқа бахс бўлди. “Бирлик” халқ ҳаракати номига келишдик.

2. Бўлаётган йиғилишни “Бирлик” Ташаббус Гуруҳининг мажлиси деб эълон қилишга келишдик ва Ташаббус Гуруҳининг рўйхатини туздик ва имкон борича тезроқ “Бирлик”нинг қурултойтни ўтказиш учун иш бошлашга қарор қилдик. Ташаббус Гуруҳига шу мажлисга келганларнинг ҳаммаси (2 киши турли сабаблар билан киритилмади, жумладан, укам Абдуманноб) ва бу ерга келмаса ҳам унга киришни истаган бир неча одам қўшилди. Бундайлардан икки кишининг исми эсимда, холос. Булар – машҳур ўзбек ёзувчиси Ойбекнинг ўғли Бекжон Тошмуҳаммад ва Олим Карим исмли биолог олим.

3. Менинг талабларимга қарамасдан, Ташаббус Гуруҳининг раисини сайлашдан воз кечилди. Раис режимнинг тазйиқлари остида қолади, энг яхшиси мустаҳкам жамоа бўлиб раиссиз ишлашдир, деган хато фикр ғалаба қозонди. Аммо, аминманки, асосий сабаб - ўша куни йиғилган ташаббусчилар ичида раис бўлишдан қўрқмайдиган ёзувчи йўқлиги эди. Эндигина бу гуруҳга қўшилган менинг раислигим ҳақида гап ҳам бўлиши мумкинмасди, ўзим ҳам буни хоҳламаган бўлардим.

4. Мен ташкилотнинг тузилиш ҳақидаги Декларацияси ҳақида сўз очдим. Амин эдимки, бундай Декларация лойиҳаси аввалдан тайёрланган, йиғилиш уни муҳокама қилади ва тасдиқлайди. Маълум бўлдики, ҳеч ким Декларация ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган. Мен бундай Декларациясиз иш бошлаш мантиқсизлигини тушунтирганимдан кейин, уни ёзиш менга топширилди.

Кейинчалик, балки, ойлардан кейин тушундимки, ўша мажлисда раис сайланмаган бўлса ҳам, Дадахон аканинг уйидан ташкилотининг лидери бўлиб мен чиққан эканман. Чунки, йиғилганларнинг ҳаммасини юрагида ўти бўлса ҳам, ичимизда мендан бошқа ташкилотчилик масалаларини тушунадиган одам йўқ эди.

Хуллас, шундай қилиб, 1988 йил 11 ноябрь куни ўзбекнинг тарихида биринчи миллий-озодлик ҳаракати деса бўладиган ташкилотнинг Ташаббус Гуруҳи тузилди. Ўша кун пайшанба эди. Шанба куни эса, 20-25 йил аввал Москвада менинг хонамда тўпланиб турадиган миллатчи/миллатпарварларнинг йилда 1-2 марта Тошкент чойхоналаридан бирида бўлиб турадиган “ош ейиш” йиғилиши бўлди. Очиқча айтиш керакки, секин-аста аввалги ғоялар унутила бошланганди. Ҳар ким ўзи билан овора, биров кандидатлик дисстартацияси, бошқаси докторлик диссертацияси қилиш билан, болаларни катта қилиш билан овора эди. Чойханадаги учрашувларимиз ҳам сиёсатдан узоқлашиб кетганди. Ош ейиш маросими эса, ростакам ош ейишга айланиб қолганди.

13 ноябрь куни Юнусободга кетавериш йўлида Анхор бўйидаги ўша пайтлардан номи машҳур бўлган чойхонадаги йиғилишда “Бирлик” тузилганини айтдим. Вой-дод дейиш керак, чунки, ҳеч ким эътибор ҳам бермади. Ўзбек халқи илгарилаш эмас, тубанлашиш йўлидан кетарди.

Нима бўлса ҳам, мен ўзим тузмоқчи бўлган Экологик Фронтнинг анчагина сиёсийлаштирилган декларациясини ёзишни бошлаб қўйган эдим. “Бирлик” Ташаббус Гуруҳининг топшириғини олгач, ўша қўлимдаги декларация лойиҳасини янада сиёсатлаштирдим ва 2-3кун ичида “Бирлик” Халақ Ҳаракатининг Декларациясини тамомладим. У аввал 2 варақ эди, аммо оператив ишлар учун ва ўша вақтдаги имкониятлар доирасида бир варақли қоғоз тузук эканлиги каби ўта содда фикрдан келиб чиқиб, уни кейинчалик бир вараққа айлантирганман.

Декларацияда ўзбек халқининг миллий қадриятларини тиклаш, ўзбек тилини давлат қилиш каби мақсадларимиз тилга олинган. Мустақиллик масаласи ҳаммамизнинг ҳаёлимизда бўлса ҳам, Декларацияда у тилга олинмаган. Қайта қуриш сиёсатини амалга оширишда Коммунистик Партияга ёрдамчи бўлиш ниятимиз айтилаган. Бу нарсаларни тушуниш учун ўша замоннинг реалликларини билиш лозим.

Аммо, Декларациянинг охирги жумласининг зўрлигига кейинчалик ўзим ҳам ҳайрон қолдим. Аниқ сўзлари ҳозир эсимда йўқ, қўлимда ўша Декларациянинг нусҳаси йўқ бўлса ҳам, ўша ердаги фикрни қайтараман: “Ким бизнинг ғояларни қўллаб-қувватлаб, “Бирлик”га қўшилишни истаса, жойларда “Бирлик”нинг ташшабус гуруҳларини тузинг ва Тошкентдаги Ёзувчилар Уюшмасининг биносида жойлашган марказимизга келиб уларни рўйхатдан ўтказинг.”

Ҳали ташкилий ишларимиз тузуккина йўлга қўйилмасидан аввал, янглишмасам, 1988 йил 15-25 ноябрь кунлари орасида Орол комитетининг бир гуруҳ аъзолари билан Орол денгизининг қуриши ва бунинг атрофидаги муаммаоалрни муҳокама қилиш мақсадида ўша йиллари ўта машҳур бўлган “Новый мир” журнали ўтказаётган бутунитифоқ конференция ва конференция доирасидаги учрашувларда қатнашиш учун Москвага кетдим. Конференцияга ишида Марказий Осиёнинг ҳамма республикаларидан вакиллар ва экология масалалари билан шуғулланадиган москвалик олим ва ёзувчилар иштирок этишган. Бу конференция доирасида режалаштирилган ҳарбир тадбир муҳим аҳамиятга эга бўлган. Аммо, СССР мелиорация ва сув хўжалиги вазири Николай Васильев билан бур гуруҳ конференция қатнашчиларининг учрашуви энг камида икки нуқтаси билан тарихда қолиши муқаррар.

Биринчи нуқта. Николай Васильев яккаҳокимликка асосланган усулда иш юритиши туфайли, атрофидагилар уни сталинист вазир деб ҳам аташар экан. “Новый мир” журналининг Бош редактори Сергей Залигин бошчилигида 20 га яқин одам Николай Васильев билан учрашдик. Жуда яхши эсимда, унинг ўзи ўтирган креслодан тортиб, мажлислар столигача ҳамма нарса, у ерга кирган одамни оддий қул даражасига тушириб қўядиган даражада ҳашаматли эди.

Николай Васильев оддий коммунистик раҳбар сифатида бизга лекция ўқишга бошлади. Нимамиш, ҳамма нарса зўрмиш, Орол денгизининг қуриши каби нарсаларга маҳаллий раҳбарлар айбдормиш, Марказий Осиёда айнан шундай раҳбарлар ўзларини кўрсатиш, масалан, кўпроқ пахта етиштириш учун, қурғоқ ерларга сув олиб келиш билан шуғулланганлари сабабли Орол денгизи қуриятган эмиш. Унинг айтишича, айнан маҳаллий раҳбарларнинг ташшабуси билан сув кам бўлган Марказий Осиёда, жумладан Ўзбекистонда, Орол денгизига тушиши керак бўлган сув пахтачиликка ишлатилган эмиш.

Кўриниб турардики, бу сталининст вазир бизни тингламоқчи ҳам эмас. Тушундимки, у ўзи нутқ сўзлаб, кейин бирон нарсани баҳона қилиб, йиғилишни тўхтатади ва ҳаммамиз индамасдан чиқиб кетамиз. Нима қилиш керак, деб ўйлардим мен, чунки, бу ердан ёш болалардек алданиб чиқиб кетишни хоҳламасдим. Бундай нарсаларга табиатим билан чидолмасдим.

Нимадир бўлди, тўхтовсиз нутқ сўзлаётган вазир Васильев бир неча сонияга тўхтаб қолди. Мен дарҳол орага кирдим. “Нима, дедим, Сиз бизни Марказий Африка Республикасидан келганлар деб ўйлаяпсизми? Биз Совет системаси қандай ишлашини билмаймизми? Биламиз, ҳамма нарса юқорида ҳал қилинади, кейин пастдагиларга буйруқ берилади, улар буйруғингизга мувофиқ ташшабус билан чиқишади, сизлар уни тасдиқлайсизлар, холос. Яъни, Орол денгизи қуриятганининг сабабчилари сизлардир.”

Нима бўлганини тушуниш учун ўша ерда бўлиш керак. Сталининст вазир умрида эшитмаган шок терапияси усулидаги гапиларим қаршисида шилқ этиб синди ва бутунлай бошқача оҳангда гапиришга бошлади. Мана унинг гаплари: “Сизлар билмайсизлар, бундай катта давлатни бошқариш осон эмас. Олдимизда сон-саноқсиз муаммолар бор, турли одамлар, турли манфаатлар бор. Бу жуда қийин иш”. Мен дарҳол унинг гапини кесдим: “Шундай қийин экан, истеъфога кетинг. Бошқалар қилсин бу ишни”.

Ўша куни америкаликларнинг “Озодлик” радиосининг русча эшиттиришларига интервью берган Сергей Залигин шундай деди: “Бугун СССР тарихида биринчи марта давлат вазирининг истеъфоси талаб қилинди. Буни ўзбеклар қилдилар”.

Иккинчи нуқта. Менга буни шу пайтгача ҳеч кимга ва ҳеч қачон айтган эмас, аммо ишонаманки, Москвада биз билан бўлган “Бирлик”нинг ассочиларидан, Ташаббус Гуруҳининг аъзоси Зоҳир Аълам Тошкентга қайтгандан кейин “Бирлик”ниннг Ташаббус Гуруҳидаги ёзувчиларни “Абдураҳим Пўлат раисимиз бўлиши керак” деган фикрга кўндирган ва ишонтирган.

Аммо, менинг бундан хабарим йўқ эди. Москвадан қайтганимиздан кейин ўтказилган Ташаббус Гуруҳининг биринчи мажлисида, кўринишидан, аввалдан келишиб олиб, қаршиликларимга қарамасдан мени раис этиб сайладилар. Янглишмасам, бу иш 1988 йил 28 ноябрда бўлди.

Ноилож, раисликка мажбур бўлдим, лекин, дедимки, мен фақат Ташаббус Гуруҳи мажлисларига раислик қиламан, ташкилотнинг раиси бўлолмайман.

Шу билан “Бирлик” халқ ҳаракатини шакллантириш учун амалий иш бошланди.

Эй, ўзбеклар, ўша кунлари, айниқса, кечқурунлари Ёзувчилар Уюшмасининг биринчи қаватидаги каттагина хонамизни, Бош қароргоҳимизни кўз олдингизга келтира олсангиз эди. Аввалига Тошкент шаҳрининг маҳаллаларидан, кейин вилоятлардан маҳаллий ташаббус гуруҳлари тузган одамлар турна қатор бўлиб кела бошладилар. Бош қароргоҳимиз Совет замонида кўрган киноларимиздаги Смольнийни эслатарди.

Ўша кунларда ўзбекнинг тарихида из қолдирадиган жараёнлар бошланди. Уларни тўла ёритиш бу мақоланинг иши эмас. Шунинг учун ўша кунларнинг оби-ҳавосини кўрсатувчи баъзи мисоллар келтирман, холос.

Келаётганларнинг кўпчилиги “Бирлик” ҳақида эшитишган бўлиб, Декларация матнини олишни исташарди. Тушунинглар, у пайтларда бугунги каби имконятлар йўқ эди. У пайтда русчасига “машинка” дейиладиган нарсагина борди, у ҳам фақат русча харфларга эга эди. Бундай машинкалар худди автомобиллар каби давлат рўйхатидан ўтказиларди, рўйхатдан ўтказаётганда ҳар машинкадан ҳамма харфлари ёзилган қоғоз олиб қолинарди. Кимдир давлатга қарши бирон нарса ёзиб тарқатса, уни топиш жуда осон эди. Шу сабабли, ҳатто “Бирлик”нинг Ташаббус Гуруҳига кирган ёзувчилар ҳам ўзларида бор бўлган машинкаларда “Бирлик”нинг Декларациясини ёзиб келишдан қўрқишарди. Мен Кибернетика институтида лаборатория мудири эдим, лабораториямда битта машинка бор эди, эндигина ишга олинган Ойша исмли уйғур қизи эндигина ёзишни ўрганар эди. Айнан у ҳар куни бир амаллаб ўша 2 варақлик Декларцияни 5-10 нусҳа қилиб берарди, кечга яқин Ёзувчилар Уюшмасига боришим билан уни кутиб ўтирганлар талаб кетишарди.

Бир кун Тошкентдаги қайсибир институтда доцент бўлиб ишлайдиган Тоҳир Каримов исмли сафдошимиз Декларацияни қаердадир ротапринтда 100 нусҳа қилиб кўпайтириб келди. Байрам қилдик десам, мубоғала бўлмайди.

Бизнинг институтда каттагина ротапринт маркази бор эди. Сўрасам рад жавобини олишимга ишонганим сабабли, Деларациямизни кўпайтириб беришни у ердагилардан сўраганим ҳам йўқ. Аммо, бир кун ўша Ротапринт маркази мудири менинг олдимга келиб шивирлади: “Абдураҳим ака, КГБдан бизни кураторлик қиладиган одам келиб, мени огоҳлантирди. “Бирлик” раиси шу ерда ишлайди, унга бирон нарса кўпайтириб берсанг, кўрадиганингни кўрасан деди. Лекин мен барибир сизларга ёрдам бериб туришга тайёрман”. Кейин у ростдан ҳам ёрдам бериб турди.

Академия институтларида ходимларнинг ишга келиб-кетиши қаттиқ назорат қилинмасди. Аммо, мен каби лаборатория мудирлари билан ҳеч кимнинг иши йўқ эди, деса ҳам бўларди. Шу сабабли, кўпинча ишдан 1-2 соат олдин кетиб, тўғри Ёзувчилар Уюшмасидаги қароргоҳимизга борадиган бўлдим. Боргандан кейин мингта иш чиқарди, ҳар куни жуда кеч уйга қайтар эдим. Ўша кунлардан бирида нимадир бўлиб уйга вақтлироқ келиб қолган эканман, ўша пайтда ёши 3 атрофида бўлган ўғлим Шуҳрат шундай деди: “Ада, қуёш ботмадику, нега уйга келдингиз?” Тушунаяпсизларми, ўғлимнинг эндигина шаклланаётган онгида “ада деганлар уйга қуёш ботгандан кейин, яъни кечаси келадиганлар” деган фикр шаклланиб бўлган экан.

Кўп ўтмасдан, институмиз эшигида ҳар куни ишга келган-кетганларни текшириб, бу ҳақда қўлидаги рўйхатга белги қўйадиган одам пайдо бўлди У кўринишидан 20-25 ёшлар атрофидаги ўзбек аёли эди. Мен бундай янгиликнинг сабабини дарҳол тушундим, аммо нима ҳам қилолардим. Бир неча кундан кейин ўша аёл мени олдимга келиб шивирлади: “Абдураҳим ака, мен тушунаман, мени бу ерга Сизнинг келиб-кетишингизни текшириш учун қўйишди. Билиб қўйинг, Сиз келсангиз-келмасангиз, кетсангиз-кетмасангиз, Сизнинг исмингиз қаршисида ҳар доим катта плюс туради”. Бу аёлнинг гаплари менга ўша пайтдаёқ катта таъсир қилган эди. Ҳозир бу воқеани эсласам, кўзимга ёш келади. Чунки, орадан 27 йил ўтиб, ўшандай аёлларимиз бор бўлганини эслаб ва ҳозирги миллатимизнинг маънавий аҳволини кўриб, дод дегим келади.

Хуллас, секин-аста “Бирлик”нинг ташкилий ишларига шўнғиб кетдим. Мен ташкилотининг струтурасини яратиш муҳимлигини, бошқа жуда кўп сафдошларимиздан фарқли ўлароқ, жуда яхши билардим ва уни яратиш устида ишладим. Ҳафтада бир тўпланадиган Ташуббус Гуриҳимизнинг йиғилишларда ҳар доим ташкилий масалани кун таритибига қўярдим. Ахир бир кун Дадахон Ҳасан ва ҳозирда марҳум Зоҳир Аълам исён қилишди: “Бунча структура-структура деяверасиз, ўзбекларнинг бошқа муаммоси йўқми?”

Мен улардан хафа бўлганим ҳам йўқ. Нима қиламиз, ҳамма ўзбекларнинг савияси шу даражада эди, ҳозир ҳам шундай. Энди кўпчлик билади, кейинги йилларда турли аҳмоқлар “Эрк” партияси, “Озод деҳқонлар” партияси, “Қуёшли Ўзбекистон” коалицияси, “Бирдамлик” ҳаракати, Ўзбекистон халқ ҳаракати деб аталган ташкилотлар тузишга интилишди. Аммо,улар ташкилот эмас, мактаб болаларининг тўгаракларига ўхшаган нарсалар бўлишгани учун, ҳаммаси ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетаверишди. Чунки, бу ташкилотлар қоғоздагина бўлиб, ишлайдиган струтурага эга эмасдилар.

Дарвоқе, “Бирлик” халқ ҳаракатининг Ташаббус Гуруҳи тузилишидан роппа-роса бир ҳафта олдин, яъни 1988 йил 4 ноябрь куни ўша пайтда ўта машҳур бўлган ёзувчи Исфандир бир гуруҳ одамни тўплаб, “Ўзбекистон халқ фронти” номли ташкилот тузганини иддао қилиб, Ёзувчилар Уюшмасидаги кабинети эшигига айнан “Ўзбекистон халқ фронти” сўзлари ёзилган қоғоз ёптштриб қўйди. Бу тўгарак ҳам ўша қоғоздан нарига чиқолмади.

Мен эса, “Бирлик”нинг вилоят ва район ташкилотларини тузиш, улар сайлаган вакиллар иштирокида “Бирлик”нинг таъсис қурултойини ўтказиш учун тайёрланардим. Шундай қилинсагина, ҳақиқий ишлайдиган ташкилот яратилишини, КГБ истаса ҳам бундай ташкилотни йўқ қилиб бўлмаслигини яхши тушунардим. Мана ҳамма кўриб турибди, “Бирлик” халқ ҳаракати “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиясига айланиб, ҳалигача оёқда. Яна ҳам тўғрироғи, оёқда бўлган ягона ташкилот.

Аммо, бошқа ишимиз йўқ деб ҳисобламасдим. СССР каби тоталитар давлатда ҳамма оммавий ахборот воситалари режимнинг қўлида экан, демократик сайловлар йўқ экан, халққа етиб бориш, айни замонда, ҳокимиятга ўз талабларимизни етказиш ва уларни тинглашга мажбур қилишнинг ягона йўли – митинг ва намойишлар эканлигини жуда яхши тушунардим. Кучли митинг ва намойишларни ўтказиш учун ҳам ташкилотининг структурасига муҳтож эдик.

Орол комитетининг мажлисидаёқ одамларни мажлис ниқоби остида митингга чақирганимни юқорироқда ёзган эдим. Ўша пайтдаёқ митинг қилсак ҳам, у муҳим, аммо жузий масалага, Орол денгизи билан боғлик экология масаласи бўйича бўларди. “Бирлик”нинг биринчи мақсади ўзбек тилига давлат тили мақоми бериш бўлгани сабабли, биринчи митингмиз айнан шу масалага бағишланиши табиий эди. 1989 йилнинг февраль ойининг охири ва март ойининг бошларида икки марта митинг кунини ҳам белгиладик. Аммо, икки сафар ҳам Ташаббус Гуруҳимизнинг аввал аъзоси бўлиб, кейин ундан расман чиқса ҳам феълан ичимизда бўлган ва Муҳаммад Солиҳ таҳаллуси билан танилган Салой Мадаминов Ёзувчилар Уюшмасининг котибларидан бири сифатида мавжуд коммунистик тузумнинг тегишли органларидан ўзига босим бўлаётганини баҳона қилиб, митингни қолдирди. Аммо, учинча марта 19 мартга митинг тайинлар эканмиз, уни учинчи марта бундай қилмаслик ҳақида огоҳлантирдик. Акс ҳолда обрўимиз қолмаслигини унга уқтирдик.

Ўзбекнинг тарихида абадий қоладиган бу митинг тўғрисида бу ерда кўп нарса ёзиш ниятим йўқ. Аммо, авваллари ҳам хотираларимда ёзилган баъзи гапларни қайтараман. Эрталаб уйдан чиқиб кетаётганда, ухлаб ётган ўғлим Шуҳратнинг бурнидан ўпиб, уйғотиб юбормаслик учун турмуш ўртоғим Саидани юзига бироз тикилиб туриш билан чекландим ва уйдан чиқиб кетдим. Митинг бўлишини Саидага айтмаган ҳам эди. Чунки, ҳозир ёзиш осон, аммо ўша куни уйга қайтиб келиш-келмаслигимини аниқ билмас эдим. Чунки, асл мақсадимиз мустақиллик эканлигини КГБчилар тушунишига ва уларнинг қўлидан ҳамма нарса келишига ақлим етради.

Бу митинг қатнашчиларининг сони “бор-йўғи” бир неча юз билан бир неча минг ўртасида бўлса ҳам, ўзбекларнинг тарихда биринчи марта намойишга чиқиши ўша заҳоти катта акс-садо бера бошлади. Митинг жойига Ўзбекистон Олий Совети президиумининг раиси (у замоннинг тили билан президент дейиш мумкин) етиб келди ва мен билан учрашди, ҳамма талабларимиз инобатга олинишига ваъда бериб, тезда тўполонсиз тарқалишимизни сўради.

Икки ҳафта ўтар-ўтмас, Ўзбекистон матбуотида ўзбек тилига давлат тили мақоми бериш қонунининг лойиҳаси эълон қилинди. Унинг яхшилаб ўқисангиз кўриниб турардики, ўзбек тили расман давлат тили деб эълон қилинса ҳам, амалада рус тили ҳукмрон бўлиб қолаверарди. Аммо, биз бу лойиҳани биринчи қадам сифатида ижобий қабул қилдик. Чунки, кейин бўладиган митингларнинг кучи билан ҳамма талабларимиз инобатга олинишига ишонардик.

Ўша пайтда бизнинг ҳеч қандай чет эл ташкилотлари ва ахборот воситалари билан алоқамиз йўқ эди. Митинг ҳақида хабар ҳам беролмаганмиз. Аммо, митинг бўлгани Туркия ва АҚШда яшайдиган ўзбекларга, “Озодлик” ва “Америка Овози” радиосигача қандайдир йўллар билан етиб борибди. Бир неча йилдан кейин Туркия ва АҚШда бўлганимда, бу ерда яшайдиган ўзбеклар ўша хабарни эшитиб йиғлаганларини айтиб бердилар. Мен уларга ишонаман. Ҳақиқатда ўзбекларни йиғлатадиган иш бўлганди.

Кейин яна бир неча митинглар ўтказдик. 28 майда эса, Ёзувчилар Уюшмасининг катта залида “Бирлик” халқ ҳаракатининг таъсис қурултойини ўтказдик. Эркин Воҳидовни раис бўлишга кўндириш учун роса ҳаракат қилдик, аммо у мингта баҳона билан буни истамади. Мен раис бўлдим, янглишмасам, 93 кишилик Марказий Кенгаш сайланди. Кейин Марказий Кенгашнинг 21 кишилик Ҳайъати сайланди. Уларнинг 14 нафари “Бирлик”нинг яратилишидла ростдан ҳам катта роль ўйнаган ёзувчилар эди.

(Давоми бор)