19 August 2017
06:25 - Эрдўған Германиядаги туркларнинг орқасига пичоқ уриб, сайловларда баъзи партияларга овоз бермасликка чақирди

Европа билан алоқаларни борган сари ёмонлаштириб бораётган Туркия Президенти Ражаб Эрдўған кеча Анқарадаги бир жомеда қилган жума намозидан кейин журналистлар билан гаплашар экан (расмда), 1 ойдан кейин Германияда бўладиган сайловларда қандай овоз бериш ҳақида у ерда яшайдиган 1 миллионга яқин овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган туркларга кўрсатма каби маслаҳатлар берди.

У Европа Иттифоқи билан Туркия ўртасидаги Божхона Иттифоқини имзолаш ва Суриядан Туркияга қочиб келган юз минглаб суриялик муҳожирларга ваъда қилинган ёрдам бериш йўлида Германия муаммолар чиқараётганини эслатди ва бу мамлакатда яшайдиган туркларни яқинда бўладиган сайловларда Христиан-Демократик Иттифоқи партиясига (раиси – ҳозирги Бош вазир, яъни Канцлер Ангела Меркел), Социал Демократик Партияга (айнан шу партиянинг лидери янги Канцлер бўлишининг этимоллиги катта) ва Яшиллар Партиясига овоз бермасликка чақирди.

Ҳамма биладики, бошқа давлатнинг фуқаролигини олаётан чет элликлар фуқаролиги олинаётган давлатга содиқлик, айнан шу давлат манфаатларидан чиқиб келувчи мажбуриятларини бажариш ҳақида қасамёд қиладилар. Ражаб Эрдўғон германиялик туркларни берилган қасамёдни тўғридан-тўғри бузишга ва сайловларда Германия манфаатлари эмас, Туркия манфаатларидан келиб чиқиб овоз беришга чақирди. Бу туркларнинг орқасига пичоқ уришдан бошқа нарса эмас.

Тўғри, овоз бериш яширин бўлгани сабабли, қайси турк Эрдўғаннинг топшириғини бажариб-бажармаганини исботлаб бўлмайди, аммо немисларда туркларга нисбатан умумий ишончсизлик руҳи пайдо бўлади, бор туйғулар янада кучаяди. Кўпчиликнинг бу туйғуси Германияда камчилик бўлган туркларнинг ҳаётида маълум муаммолар чиқариши табиийдир. Тахмин қилиш қийин эмаски, бундан буён туркларга Германия фуқаролигини олиш ҳам оғирлашади. Ваҳолангки, юз минглаб, балки, миллионлаб турклар дунёнинг энг фаровон ўлкаларидан бири бўлган Германияга кўчиб олиш, у давлатнинг фуқаролигини олиш орзуси билан яшайдилар.

Яна ким билади, балки, Эрдўғаннинг мақсади туркларнинг Германияга оқимини камайтириш, Германия фуқаролигини олиб бўлган, аммо немислардан етарлича яхши муносабат кўрмаётган турклар ичида у ердан кетиш кайфиятини, муносабатни янада ёмонлаштириб, кучайтириш бўлгандир.