18 August 2017
23:24 - Испаниядаги элчихонамиз: Каталония теракти қурбонлари орасида ўзбекистонликлар йўқ. Президент қаерда?
Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Мадриддаги элчихонаси маълумотларига асосланиб, Ўзбекистон Ташқи Ишлар Вазирлиги хабар қилди. Вазирликка кўра, Испаниянинг Каталония бўлимида юз берган терактлар оқибатида қурбон бўлганлар ва жароҳатланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқ.

Элчихонамиз Испания Ташқи Ишлар Вазирлиги ва бошқа давлат ташкилотлари билан доимий алоқада бўлиб турган экан.

Эслатиб ўтамиз, кеча тунда Испаниянинг икки шаҳрида террорчилик ҳаракатлари содир этилди. Барселонада бир мусулмон терорист фургон билан одамлар устига бостириб борди, сўнгра Камбрильс шаҳрида номаълум кишилар йўловчиларга ҳужум уюштиришди. Терактда 14 одам ўлди, кўплар жароҳатланди. Жавобгарликни яна ИШИД, яъни Исломий Давлат – Халифалик бўйнига олди.

Аммо, муҳим бўлгани, Ўзбекистон элчихоналари ўз вазифаларини бажаришга бошлагани. Президент ҳам ўз вазифаларини бажаришга бошласа, бунда ҳам яхши бўларди. Унинг вазифаларидан асосийси – мамлакатни ўта аянчли аҳволдан олиб чиқиш учун инқилобий ислоҳотлар устида ишлаш.