18 August 2017
15:04 - “Вашингтон Пост” газетаси ҳам Абдураҳим Пўлат ва “Ҳаракат”дан ўрганиб, Туркия хаос ичида қолиши мумкинлигини ёзди

АҚШнинг энг обрўли ва машҳур газеталаридан бири бўлган “Вашингтон Пост” чоршанба кунги сонида шу мамлакатдаги “Иккипартиялик Сиёсат Маркази” (Bipartisan Policy Center) номли аналитик марказнинг Туркия бўйичча мутахассиси Николас Данфорз (Nicholas Danforth) тарафидан ёзилган мақолани эълон қилди.

Мақоланинг қисқача мазмуни шундай. Чет эллик кузатувчилар Туркияда демократия ўлгани ва Ражаб Эрдўғон ҳамма нарсани ўз қўлига олиб бўлганини айтмоқдалар. Бу ердаги авторитаризм соясида муҳит сассиқ, аммо барқарор бўлади деб ўйлаш хато бўлади. Ҳарбийлар ичидаги бўлиниш, Эрдўғон демократик меросни йўқ қилаётгани ва парламентар системага қарши ҳужумлари уюштириши натижасида Туркия шок ичида қолиб, янги чақириқ-муаммоларга жавоб беролмай қолади. Агар юртдаги аҳвол Эрдўғоннинг контролидан чиқса, демократия қайтмайди, Туркия зўравонлик ва хаос ичида қолади.

Эрдўғон ўзига қарши оммаваий чиқишлар ва бўлиши мумкин бўлган фуқаролар урушига тайёрланиб, ўзига содиқ бўлган янги куролли структуралар яратиш билан шуғулланишдан ташқари, фуқароларни ҳам қуроллантиришни ўйламоқда. Айнан шу ниятда “Усмонлик Ўчоқлари” ташкилоти яратилмоқда. Энг ёмон сценарийга кўра, Эрдўғон мамлакатни барқарорликни тиклаб бўлмайдиган нуқтага олиб келишидир, дейилади мақоланинг охирида.

Шу муносабат билан эслатиш керакки, “Ҳаракат” сайтида шу йил апрель ойининг бошида турк, рус ва инглиз тилларида “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлатнинг Туркияда яккаҳокимликни қонунлаштириш учун 16 апрелда ўтказилиши режалаштирилаётган референдум бўйича Туркия халқига чақириғи эълон қилинган эди.

Бу чақириқ қуйидагича тамомланган: “Туркия ўрта асрларга қараб кетмоқда. Бу - Туркиянинг ўзи учун, Ислом дунёсининг дунёвий/секуляр қисми учун ва бутун инсоният учун таҳликадир. Бутун дунё бундай Туркияга қарши бирлашади ва натижада Усмонлик Халифалиги каби Туркия ҳам чўкади. Истанбул Константинополга айланади. Туркиянинг ғарбий ва жанубий-ғарбий қисми Юнонистонга, шимолий қисми Россия ва Эроннинг ёрдами билан Арманистонга, шарқий ва шарқий-жанубий қисми Эрон, Ироқ ва Сурияга ўтади. Туркия Анқара атрофидаги кичик бир давлат ҳолига келади. Бунга йўл қўймаслик учун Туркияни исломлаштиришдан қутқариш керак, бунинг учун турклар 16 апрелдаги референдумда “Йўқ” деб овоз беришлари керак.”

Кўриб турибмизки, Ноколас Данфорзнинг фикрлаш йўналиши “Бирлик” Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги билан айнидир. Аммо, “Бирлик” ва “Ҳаракат” буларни йиллардан бери гапирмоқдалар, Ғарб ҳам энди буни тушунишга бошлабди.

Нима ҳам дердик, Офарин!

Расм туркларнинг “Жумҳурият” газетасидан олинган.