11 August 2017
21:04 - “Ҳаракат” хатқутисидан: 1. Қачонки адолат сотилса, ёхуд Ўзингдан чиққан бало! (Марҳамат туманида Астаноева Мамлакатхон воқеаси)
Ўзбекистон Республикасининг янги президенти Ш. Мирзёев давлат курсисига ўтиргандан кейиноқ мамлакатни ривожлантиришнинг бешта стратегик режасини эълон қилди. Бу билан у ўзини узоқни кўра оладиган раҳбар эканлигини билдириб қўйди. Чунки Ўзбекистон Республикаси охирги беш йилликда жуда қаттиқ инқироз кўчасига кириб қолган эди. Бу инқироздан чиқиб кетишнинг ягона йўли эса давлат миқёсидаги кенг ислоҳотларни ўтказиш талаб этилар эди.

Ўзбекистоннинг янги президенти инқирознинг асл сабабчилари деб қуйи бўғин, айниқса маҳаллий раҳбарларнинг коррупцияга берилиб қолганлиги деб кўрсатмоқда. Шунинг учун Ш. Мирзиёев қуйи бўғин раҳбарларига иккинчи давлат ҳокимияти ҳисобланмиш суд ҳамда ҳуқуқ тартибот органлари билан жиноий тил бириктирган ҳолда мамлакатда ўзи юргузаётган иқтисодий ривожланиш сиёсатигаасосий тўғаноқ бўлувчи куч сифатида қарай бошлади.

Мамлакатда сўнги беш йилликда анархия ҳукмронлик қила бошлаган эди. Бу салбий ҳолатни узоқ йиллар вилоят ҳокими бўлиб ишлаган собиқ Бош вазир ўз вақтида тушиниб етган кўринади. Акс ҳолда Ўзбекистоннинг порлоқ келажаги собиқ президент И. Каримовнинг китобларидагина қолиб кетарди. Президент И. Каримов таъбири билан айтганда Ўзбекистонни 1917-1991 йиллардаги ривожланмаганлигининг асосий сабаби сифатида унинг Москва раҳбарияти томонидан бошқарилганлиги важи кўрсатилган эди.

Бироқ мустақилликка эришилгандан кейин, айниқса, охирги беш йилликда Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш, асосан аҳолининг иш билан таъминлаш масаласи ўзининг энг қуйи даражасига тушиб қолди. Бу борада маҳаллий раҳбарлар собиқ президент И. Каримовни алдаб аҳолини иш билан банд эканлигитўғрисидаги ёлғон ҳисоботларини беришдан чарчамадилар ҳам ва ўзларининг бу жиноятларидан эса қўрқмадилар ҳам. Чунки уларнинг И. Каримов ва оддий фуқаролардан ҳимоя қиладиган акалари - судьялар, прокурор ва ҳуқуқ тартибот ходимларибор эди.

Бу борада фактларга мурожаат қилинса,Ўзбекистоннинг юраги ҳисобланмиш Андижон вилояти Марҳамат туманида юз бераётган жиноятлар кўлами айниқса одамни даҳшатга солмай иложи йўқ. Бу туманда маҳаллий раҳбарларнинг олиб бораётган иқтисодий жиноятлари ақл бовар қилмас даражада фуқаролар ҳаёти учун жуда катта хавф хатарларни келтириб чиқармоқдаки, буни қуйидаги статистик рақамлар орқали билиб олиш осон иш.

Маълумки, 1979-89 йиллардаги 10 йиллик афғон уруш даврида марҳаматлик 27 нафар аскар йигит ҳалок бўлган. Бу ҳақдаги маълумотни Марҳамат шаҳрида жойлашган «Турон» ўқув марказига тегишли боғдаги улар учун ўрнатилган хотира майдонидаги ёдгорликдан билиб олиш қийин эмас. Ҳозирга келиб сўнги беш йил ичида Марҳаматдан Россия Федерациясига пул топиш учун иш излаб кетган минглаб эркаклардан 100га яқини тобутларда қайтганлар. Гўёки Марҳаматда кўринмас уруш кетаётганга ўхшайди. Ваҳоланки, Марҳамат тумани собиқ иттифоқ даврида ҳам энг кўп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириб берадиган ҳудуд ҳисобланиб, лекин аҳолиси нафақат Андижон вилоятида, балким бутун Ўзбекистон бўйича энг камбағал регион сифатида ном таратган.

Бугун ҳам Марҳамат тумани вилоят бўйича энг кам даромат топадиган, ишлаб чиқариш деярли кам тараққий топган туман сифатида ном олган маскан ҳисобланади. Бунга сабаб, маҳаллий раҳбарлар бу ҳудудда ишлаб чиқаришни ривожланишига жуда катта тўсқинлик қилиб келмоқдалар. Ишлаб чиқариш бўлмагандан кейин ўз ўзидан ишсизлик ҳам авж олади. Марҳамат тумани эскитдан аграр хўжалик тизимида бўлганлиги учун асосан бу ерда деҳқон фермер хўжаликлари фаолияти кенг ривожланган. Туман пахта ва ғалла экинлари етиштиришга ихтисослаштирилган. Аммо бундан фақат давлат ва фермерларнинг оиласигина моддий манфаатдор холос. Оддий деҳқонга эса фақат бир қоп буғдой, беш дона сомон преси ва бир прицеп ғўзапоя ойлик сифатида тортиқ қилинади. Чунки шўрлик деҳқоннинг фермер билан расмий меҳнат шартномаси ҳам йўқ.

Хуллас, туманда тадбиркорликни ривожлантириб қўшимча ишчи ўринлари яратиш учун ҳаракат қилаётган оддий фуқарога бошқача муносабатда бўлиш шаклланиб улгурган. Масалан, Мархамат тумани Шукурмерган қишлоғи «Ҳакка» МФЙга қарашли «Файзиобод» кўчаси 36-хонадонда яшовчи фуқаро Астаноева Мамлакатхонни олайлик. У 03.05.2014 да Марҳамат туман ҳокимига Ўзбекистон Республикаси Президентининг кичик тадбиркорларни ривожлантириш тўғрисидаги фармонларига асосланган ҳолда «Ҳакка» МФЙда жойлашган бир замонлар ҳашар йўли билан қурилган ташландиқ қуртхона биносини маиший хизмат кўрсатиш маскани қилиб фойдаланишига рухсат беришлари учун ёзма ариза билан мурожаат қилади. Марҳамат туман ҳокими Х. Султонов аризани ўшанда кўриб чиқиб «Ҳакка» МФЙ фаоллари ҳукмига ҳавола этади, лекин аризанинг асл нусхаси Марҳамат туман ҳокимининг собиқ концелария бўлими бошлиғи Умид Маматқосимов томонидан негадир йўқотилади.

Шундан сўнг 17.05.2014 да маҳалла оқсоқоллари кенгаши томонидан М. Астаноеванинг аризасида назарда тутилган бинонинг 2 хонаси савдо дўкони ва бошқа маиший хизмат кўрсатиш мақсадида берилди. Унинг ёнидаги яна 2 та хонани эса фуқаро Абдуқулов Турсунбойга беминнат фойдаланиши учун беришди. Иккала фуқарога ҳам 30 кун муддат ичида ўзларига тегишли бўлган хоналарни таъминлаб фаолиятларини бошлаш топширилади. Бироқ фуқаро Абдуқулов Турсунбой ўзига берилган биноларда ҳеч қандай таъмирлаш ишларини олиб бормайди. Улар қандай ҳолда бўлса ўшандай тарзда маҳалла кўркини бузиб, фойдаланилмасдан ўз ҳолича ҳозир ҳам ётибди.

17.05.2014 да Марҳамат тумани ҳокимининг қарори билан юқорида тилга олинган жойлар тадбиркорлик объектлари сифатида тадбиркор М. Астаноевага берилади. Янги тадбиркор М.Астаноева тез орада ўз ёнидан 50 000 000 (эллик миллион) сўм маблағ сарфлаб ташландиқ жойни кўркам жамоат масканига айлантириб яна олти фуқарони иш билан таъминлашга эришади.

Бироқ тадбиркор М. Астаноеванинг хурсандчилиги узоққа бормайди. Орадан етти ой ўтгач Марҳамат туман ҳокими ҳеч қандай сабабсиз ўзи чиқарган қарорга зид равишда йўл тутиб тадбиркордан мазкур объектни тортиб олади. Дастлаб туман ҳокими ўша жойни Марҳамат туман ИИБга милиция таянч пункти сифатида тортиқ қилади. Бироқ тадбиркор М. Астаноеванинг саъй ҳаракатлари туфайли ИИБ бошлиғи полковник М. Нишонов уни олишдан бош тортади. Аммотуман ҳокими тадбиркор М. Астаноевага: - Жойингиз туман заҳира фондига олиб қўйилган, деган баҳона билан уни эгасига қайтаришни хоҳламади.

Кейин маълум бўлишича, тадбиркорга тегишли ўша жой ҳеч қандай заҳира фондига ҳам олинмаган экан. Бу ҳақда М. Астаноева Андижон вилояти марказидаги «Халқ қабулхонаси»га мурожаат қилгани борганида хабар топган. Марҳамат туман ҳокими Х. Султонов уни «Халқ қабулхонаси»га кириш учун навбатда турган еридан алдаб: - Мен сизга ўша ерни қайтариб бераман, деб ваъда бериб олиб чиқиб кетади, лекин ҳоким яна ўз сўзидан чиқмайди.

13. 07. 2017 да тадбиркор М. Астаноева Марҳамат туман ҳокими Султонов Хурсандбекнинг қабулига кириб юқоридаги масаланинг ечимини сўраганида у: - Мен сизнинг ерингизни туман Мулк қўмитасига ўтказиб юбордим, опа. Бошқа иложим йўқ, деб жавоб беради. Аммо кейинчалик тадбиркорга унинг гаплари ёлғон эканлиги маълум бўлиб қолган. Кўриниб турибдики, Марҳамат туман ҳокими ўз лавозимини суъистимол қилган ҳолда ҳамда амалдаги қонун-қоидаларга мутлақо амал қилмаган тарзда нафси буюрган ишни қилган. Аслида ҳоким ва унинг қўл остидаги аппарат ходимлари тадбиркорнинг ер майдони ердан фойдаланувчининг розилиги олинмасдан ердан фойдаланишдаги камчилик ва нуқсонлардалолатномаси тузилмасдан ҳамда ерни туман ҳокимининг тегишли заҳирага қайтариш тўғрисидаги қарори қабул қилинмасдан ишбилармонни ер манбасидан маҳрум қилишга ҳақлари йўқ эдилар.

Хуллас калом, М. Астаноева ҳокимнинг бу каби ҳурмача қилиқларига чидай олмай охири 13. 06. 2017 да Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига мурожаат қилади. Орадан роппа роса икки ой ўтгач 04. 08. 2017 йил куни унинг ўғли Асилбекни дастлаб Андижон вилоят ҳокимининг қабулига таклиф қилишади. Ариза ёзган тадбиркор аёл М. Астанаевани эса улар келмасин деб шарт қўйишади. Кечга бориб ўша куни Асилбекка Марҳамат туман ҳокимлигидан қўнғироқ бўлиб: - Эртага шанба куни 05. 08. 2017 йил куни соат Марҳамат туман ҳокимлигига келинг, деб буйруқ беришади. Эртасига айтилган вақтда Асилбекни шахсан туман ҳокими Султонов Хурсандбек қабул қилиб, икки ой олдин бинони мулк қўмитасига ўтказиб юбордим деб турган ёлғончи ҳоким: - Ука, сизлар талаб қилаётган бинони мен Марҳамат туман ИИБига ўтказиб юбордим. Шунинг учун бу масалада энди туман ИИБининг бошлиғи Маҳамаджон Нишонов билан келишиб оласизлар, деб сувдан қуруқ чиқиб кетган. Асилбек ҳокимнинг гапи бўйича ўша куни туман ИИБининг бошлиғи М. Нишоновга учрайди. М. Нишонов унга: - Бинони олиб қолиш учун бизга қанча миқдорда ёрдам қила оласан? – деб уялмай ундан пора сўрайди. Асилбек унга: -3-4 миллион сўмга қурбим етади, деб жавоб берса, ИИБ бошлиғи бурнини жириб: - Бинони оламан деган талабгорлар кўп, ука. 40 000 000(қирқ миллион) сўмдан кам берсанг, бино сеники бўлмайди, деб уни ўз хизмат хонасидан чиқариб юборган. Бунинг отини эса коррупция деб атайдилар.

Гапнинг пўст калласи шуки, Марҳаматда тўғри ишлайман деган тадбиркор учун ҳеч қандай имконият ҳамда шароит йўқ. Одамлар ишсиз, ишга яроқли аҳолининг саксон фоизи пул топиш учун иш излаб хорижга чиқиб кетмоқда. Давлат раҳбари президент бу борада жон куйдириб минбардан туриб ўз сиёсатининг моҳиятини баён қилмоқда, бироқ ўртадаги раҳбарлар ўзларини ғайриқонуний ҳатти ҳаракатлардан тия олмаяптилар. Туманда, балким бутун республикада кўринмас уруш кетмоқда. Унга бошқача таъриф беришнинг ўзи йўқ.

Юсуф Пиримов

“Ҳаракат”: Юсуф Пиримов исмли ўқувчимиз жон куйдириб Марҳамат туманида бўлаётган воқеалар ҳақидаги бу хатни бизга юборгани учун миннатдорчилик билдирамиз. Қани энди, ҳамма Юсуф Пиримов каби жонкуяр бўлса.

Аммо, шуни ҳам урғулаш лозимки, оддий одамларнинг жонкуярлиги билан президентнинг жонкуярлиги ўртасида катта фарқ бор. Оддий жонкуярлар ҳаётдаги ноҳақсизликлар ҳақида хабар қиладилар. Президент эса, давлат тизимида бундай воқеалар юз бераверишининг олдини олиш мақсадида давлат миқёсида катта ислоҳотлар ўтказиши керак. Аммо, ҳозирча, Шавкат Мирзиё давлат раҳбари эмас, оддий фуқаро каби йиғи-сиғи билан машғул эканлиги – Ўзбекистонда ҳеч нарса ўзгармалигининг кўрсатгичидир.