10 August 2017
21:30 - “Ҳаракат” хатқутисидан: “Қозидан рози эмасман”
Шу йилнинг 13 июнида муҳтарам президентимиз Шавкат Мирзиёев судлов тизими ваиллари билан ўтказган видеоселектр мажлисида соҳа вакилларини кескин танқид қилдилар. Афсуски, бу танқидлар жуда ўринли бўлиб, соҳа вакиллари оёғи ердан узилган, адолат ўрнида жоҳиллик, фитна ва зулм қўлловчи шахсларга айланиб қолишди. Агар бошимизга тушмаганида биз ҳам буни билмасдик.

Укам Зиябиддин Сиддиқовни Фарғонада яхши билишади. Эл-юрт корига ярай, Президентимиз айтгани каби тадбирокрлик қилиб, одамларга иш ўрни яратай деган фидойилардан эди. Афсуски, Зиябиддинни тергов органи жиноий қонунчилигимизнинг товламачилик моддаси билан айбдор қилиб, сохта гувоҳлар, далиллар билан қамоққа олди. Биз эса адолат судда тикланади, очиқ суд барча далил ва гувоҳларни инобатга олиб, ишни адолатли ҳам қилади, деб ишонгандик, чучварани хом санаган эканмиз.

Фарғонада суд аллақачон тергов томонидан тузилган айбловни қонунлаштиришга ишлайдиган идора бўлиб қолган экан. Шу йилнинг 2 август куни жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти суди судьяси Т. Мирзаев раислигида бошланган суд маҳкамаси ўзининг ниятини ошкор қилди. Терговда берган дастлабки кўргазмаларини инкор этиб, ўзларининг Зиябиддинга нисбатан аризаларини ғараз ва босимлар туфайли ёзганини иддао қилаётан аризачиларни тингламай, аксинча, уларни ёлғон кўрсатмаларида собит туришга ундамоқда.

Аслида суд инсонпарвар, ишни ҳар томонлама адолатли ва одил кўришга масъул бўлган мўътабар идорадир. Тергов давомида МХХ ва прокуратура ходимлари томонидан жабрланувчига айлантирилган М. Нурматов судда ўзининг судланувчилар моддий ва маънавий зарар кўрмагани, тергов органи вакили М. Мадраҳимов томонидан уни жабрланувчи сифатида ўтишга мажбур қилганини айтса-да, судья бундай даҳшатли кўрсатмани инобатга олмади.

Аксинча, судья Т. Мирзаев жабрланувчини жиноий жавобгарлик билан қўрқитиб, унинг кўрсатмаларидан қайтаришга ундамоқда. Жабрланувчи М. Нурматов эса қилмишларидан пушаймонлигини, унинг ортидан бир бегуноҳ одамнинг қамалиб ётганидан изтиробдалигини айтмоқда.

Укам Зиябиддин Сидиқовга оид иш судлар томонидан 4 ойдан бери копток қилинади. Ҳеч бир айби исботланмаганига қарамай суд уни қоралашга, нима қилиб бўлса ҳам озодликдан маҳрум қилишга бел боғлаган. Вилоятнинг Ёзёвон, Риштон ва Фарғона вилояти судлари тергов органининг талаб ва истакларини бажариб, укамни суд қилишмоқда.

Адвокатларимизнинг суд жараёнларини видео тасвирларга тушириш ҳақидаги илтимосномалари асоссиз равишда рад қилиб келинмоқда. Нега судьяларимиз жинлар ёруғликдан қўрққани каби видео тасвирга тушишдан бунчалик қўрқишади? Айбсиз 7,5 ойдан бери қамоқда ўтирган укамнинг эҳтиёт чорасини згартиришдан нимага чўчишади?

Укамнинг адвокатлари суд жараёнлари давомида 43 тадан ортиқ асослантирилган далиллар билан судга илтимоснома ва шкоятлар киритди. Афсуски, уларнинг бирортаси суд томонидан қабул қилинмади. Аксинча, суд томонидан укамнинг фойдасига хизмат қилувчи ҳар қандай далил яширилиб, рад этилмоқда. Демакки, суд укамга қўйилган сохта айбловларни қонунлаштириш ниятида эканини ҳозирданоқ исбатлаб бўлди.

Агар бинонинг пойдевори қийшиқ бўлса, бинонинг қулаши муқаррардир. Мазкур жиноят ишининг пойдевори аввалдан мустаҳкам эмасди. Укамни МХХ ва милиция тергов қилганида уни ҳимоя ҳуқуқидан маҳрум қилиб, зўраки иқрорликлар олганди. Фуқаролардан унга қарши зўраки шикоят ва аризалар ёздириб олиб, уни айблаганди. Афсуски, суднинг ҳам малакасиз, зўровон тергов органидан фарқи йўқ экан.

Ҳолбуки, шу йилнинг 7 июлида мамлакатимиздаги судьялар халққа мурожаат қилиб, бундан кейин вазиятнинг бошқача бўлишини, суднинг халққа хизмат қилишин ёзишган эди. Мазкур мактуб марказдан уюштирилган шунчаки масхарабозликми ёки судьялрнинг юрак-юракларидан чиққан нидоми, деб иккиланиб қоламан. Судья Мирзаевнинг хатти-ҳаракатларини кузатгач, унинг бу мактубга аҳлоқаси бўлмаса керак, деган мушоҳадага бораман.

Адвокатлар ишда жабрланувчи сифатида ўтган Жаҳонгир Мўминов ҳамда Илҳом Турғуновларни тергов органи қаттиқ қийноқларга солгани, шу тариқа кўрсатмалар олгани ҳақида мутасадди идораларга мурожаат қилишди. Афсуски, суд бундай рад қилиб бўлмас ҳолатлардан кўз юммоқда.

Баҳромжон Сидиқов
Фарғона вилояти Учкўприк тумани