09 August 2017
01:23 - Юсуф Жума: Ўзбекистон Президентига очиқ хат. Ёхуд ўлган элни тирилтиришнинг ягона йўли

Эрон халқларининг ичкилик ва ишқ сафо хатларидан иборат бўлғон адабиётдан бошқани билмовчи болаларимиз янги мактабларга кириб дин ва дунё учун фойда бературғон лозим нарсаларни ўқисинлар. - Абдурауф Фитрат. (3-том, 210 бет)

Эл ҳам қуш.
Икки қаноти бор.
Бири тарих - ўтмиш.
Иккинчиcи - адабиёт - ўгит.

Тарихи зўр, адабиёти зўрлар лочиндай, қанотлари ожизлар чумчуқдай.

Бизда шонли тарих, шонли адабиёт бор - афсуски, кесилган. Бизникини кўп кесдилар - эронийлар кесган, араблар кесган, ўрислар кесган. Энг охирида ёвуз Ислом Каримов кесди - нишон қолдирмади. Қанотсиз қуш ўлади. Ўлик лочиндан чумчуқлар ҳам кўп баланд учадилар. Сизнинг китоб ҳақидаги қарорингиз ўлик элни тирилтириш қанотларини қайтариб беришга илк қадам деб тушунаман. Лекин бу қарорни англайдиган, китобни китобдан фарқлайдиган борми?!

Тарихчилар орасида балки топилар, лекин шоиру ёзувчилар орасида йўқ.

Тарих Бобо Туркдан Ўғизхонгача, Ўғизхондан Ателлахонгача, Улуғ Култегиндан Буюк Соҳибқирон Амир Темур ҳазратларигача, Босмачилар деб аталмиш буюк курашчилар курашигача, Буюк Абу Райҳон Берунийдан Аҳмад Донишгача мактабда мукаммал ўргатилиши шарт.

Адабиёт Тенгсиз бобомиз Валмакидан (Рамаяна), Тенгсиз донишманд Вясдан (Моҳобҳорат) тўла таржима этилиб, Ҳазрати Аҳмад Яссавийгача, Улуғ Маҳмуд Қошғарийу улуғ Култегин битикларидан, Юсуф Хос Ҳожиб ўгитларию, Мақсуд Шайхзодагача, Гўрўғлидан “Алпомиш”гача ўргатилиши шарт.

Ҳозирки Тарих ва адабиёт дарсликларини ёқиб ташлаш лозимки, токи кимдир ўқиб адашмасин.

“Ойдин, лола ғоз бўлди
Ўтиним соз бўлди”
шеърларини
Ёхуд Серқуёш, ҳур ўлкам… дай бачкана гимнларни ёдлатиш не ҳосил беради - Мардикорлар ва қуллар - ўлик қуш!

Сиз Мақсуд Шайхзоданинг “Мирзо Улуғбек”даги Темур манологи билан Ўзбекистон Мадҳиясини солиштиринг, ёнма-ён қўйиб ўқинг. Сўздан сўзнинг фарқини биласиз.

“Ердан ернинг, эрдан эрнинг фарқи бор” дейди Улуғ Махтумқули.

Мисол учун уч шоирдан уч байт:

Мақсуд Шайхзодадан:
Самарқанддан бир йўталсам бунинг зарбидан -
Ёриларди халифаю Бағдоднинг ўти.

Алишер Навоийдан:
Темурхон наслидан Мирзо Улуғбек,
Ки олам кўрмади Султон анингдек.

Абдулла Орифдан:
Серқуёш ҳур ўлкам, элга бахт нажот
Сен ўзинг элларга йўлдош, меҳрибон.

Ҳатто Ҳазрати Навоий улуғ Шайхзода олдида нақадар ожиз.

Абдулла Ориф байти байт эмас, сўзлар чиқиндиси. Мен унинг мадҳиясини сатрма сатр таҳлил этиб ўзи тириклигида эълон қилганман. Мадҳия дегани Мақсуд Шайхзоданинг юқоридаги тенгсиз байтидек бўлиши шарт.

Бугунки, “шоир” “ёзувчилар” буни англамайдилар. Буларки ҳеч ким, лекин Сиз ҳайкал қўямиз деган буюкларнинг энг маҳшурлари Ғофур Ғулом билан Абдулла Ориф ҳақида бир далил:

Саъдий Шерозийнинг Гулистонидан:
Бир куни Шайх уйига ўғри тушди. У ҳар қанча ахтарса ҳам ҳеч нарса тополмай хафа бўлди. Буни кўрган Шайх ўғрининг кўнгли ўксимасин деб ўз остидаги гиламни унинг оёғи остига ташлади. (65-бет)

Икки шоир бир бирини ўқимасдан бир темада бир хил ёзиши мумкин. Афсуски, Ғофур Ғулом бу ҳикоятнинг шеърий парчаларини таржима қилган. “Менинг ўғригина болам” ўғригина шоирнинг ўғрилиги.

Бир амалдор журналист Абдулла Орифни мақтаб мақола ёзган, интернетда эълон қилинган. Журналист Хоразмликларнинг: “Етти ўлча, етмиш ўлча, лекин оқсоқол айтган жойдан кес”, деган сўзини Абдулла Орифга айтибди. Абдулла Ориф шеър қилибди.
Ахир бу жиноятку!

Абдулла Ориф - даҳо деб ёзади шогирдчалари - қандай даҳо бўлдики, тўртликни ҳам ўғирлаб ёзса.
Абдулла Ориф Улуғ Соҳибқирон Амир Темур ҳазратлари ҳақида ҳам “драматик достон” битган, мадҳиясидан ҳам бачкана - паст:

Соҳибқирон Боязиду Ҳарамани дунё элчилари олдида қабул қилибди. Боязиднинг Мария исмли бир аёлини бир Насронийга ҳадя этибди. Эвоҳ, адолату дин деб умрини тиккан зотга бундай туҳматни ёғийлари ҳам этмаган.

Темур
(Боязидга демоқда)

Кўнсанг, Кўнмасанг!
Уни бирон Насронийга ҳадя этгаймиз!

(Буқаламунни имлаб чақиради)

Никоҳингга олгин буни. . . .
(Абдулла Ориф, 2-том, 433-434 бетлар)

Агар инглиз элининг бирор улуғини шундай таҳқир этса кимдир, ўлган бўлса ўлигини олиб келиб дорга тортади. Бизда нодон - хоин даҳоларга ҳайкал қўядилар.

Ўрис элчиси
Аъло Ҳазрат, Мен ўрисман, Москов тарафдан
Шарқу ғарбни боғлайдирган бир ҳудудданман.

Темур
Сиз улуғвор бир муҳитда яшайсиз…
(Абдулла Ориф, иккинчи том, 437 бет)

Дунёда Ўрис деган давлат бўлмаган, Соҳибқирон Москвани қилич билан олган. Ўрислар хотинларини ташлаб қочганлар. Аёлари асир олинган, Низомиддин Шомийнинг “Зафарномаси”да - Ҳақиқий тарих битилган. “Бу ялтоқи “даҳо” ақли етмаган ишга уринган. Нодон ва Сотқин эл ичида улуғ бўлиб туғилиш ҳам чексиз бахтсизликдир.
Улуғ Соҳибқироннинг на юрти, на шаъни эгалик!

Калтабин, ёғийпараст “даҳо”си ҳам, ақли шортигидан ҳам калта. “Озодлик”нинг хабарчиси ҳам Буюк Жаҳонгирни ҳақорат қилаверади. Ялтоқиларга ҳайкал эмас, Таҳқирларига чек қўйиш шарт.

Тарихни билмаслик, ё бузиш, душманга сиғиниш - юрту элнинг ўлимига олиб келади.
Агар эл Тенгсиз даҳо Абу Райҳон Берунийни ўқиса, лаънати Қутайбага сиғинмасди. Дунёда бирон эл йўқки, ўзини геноцид - қирғин этган, аёлларини хор этган ёвбошига сиғинса, ўзбекдан бошқа…
Ҳали ҳамон Ёвуз Қутайба Мозори Фарғонада, ҳамон ўзбеклар араблар югурдаги - террорларда араблар манфаатлари бор.

Биз Туркистон, Турон ғоясини эл онгига сингдирмасак эл адашиб юраверади. Ёвлар ва сотқинлар ялло қилаверади.

Эл - қанотлари кесилган қуш тубсиз жарда. Уни бу тубанликдан ҳақиқий тарих, ҳақиқий адабиёт - икки қанот олиб чиқади.
Ўзбекистонда саводсизликни тугатиш курсларини очиш шарт. Ҳарфларни таниш, беш-ўн Тоҳир Маликка ўхшаган онгсизлар китобларини ўқиш савод эмас.

Савод - Култегин битикларини ёдлаш, Маҳмуд Қошғарий девонини билиш,
Савод - Алишер Навоийнинг “Мен учун бир халқ ярат”, деб Тангрига илитижоси боисларини англаш.
Савод - Берунийдан Аҳмад Донишгача ўрганиш.
Савод - Фитрат, Беҳбудий, Чўлпонларни билиш.
Савод - Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар”ини, Мақсуд Шайхзоданинг “Мирзо Улуғбек”ини ёд олиш, тарихни билиш…
Элнинг подшоси ҳам, зиёлиси ҳам, катта-кичиги - бари билиши шарт!

Йўқса бу ўлик эл тирилмайди. Оллоҳ, Оллоҳ деб арабу, пирсиён, ўриснинг кетини ялаб юраверади.

Саводсизлик тугатиш курсларини энг аввало элнинг мараз қисми бўлган, ижодкорлар, санъаткорлар деб аталган фикрсиз онгсизларга “Жаслиқ” қамоқхонасида очиш шарт.
Элни онгсиз этган, элни бир мараз мустабидга юкинтирган шу маддоҳлар, яллачилар эмасми?!

Менда имкон бўлса бу мараз, сотқин галага саводсизликни тугатиш курсларини дорнинг сиртмоғида очардим.
Бутун аҳолини мактабларда - саводсизликни тугатиш курсларида мажбурий ўқитиш шарт. Онгсиз ота она қандай қилиб фарзандини онгли қилсин?!

Қуш уясида кўрганини қилади дейдилар. Бизнинг қушлар - болалар инида нимани кўраяпди. Яллачиларнинг ялласи, Юлдузу - Озод деганларининг яллалари, ғийбат, ош-ошаш, қулликка ҳозирлик…

Жиннига кошона қуриб берсанг ўчоқ ёқаман деб уйни ёқади. Жиннига меҳри бор одам, энг аввало жиннини тузатиш чорасини излаши шарт.

Эл онгли бўлса - элнинг камоли,
Эл онгсиз бўлса - элнинг заволи.
Жиннидай - элнинг душмани энг аввало ўзи! Элни жоҳил элдан қутқариши шарт.
Тенгсиз Соҳибқирон - Амир Темур ҳазратларининг икки қиличлари синмас, тенгсиз бўлган.

Бири ҳикмат.
Бири Тарих.

Улуғ зотга китоби бошида “қўй ўғриси Темур” деб туҳмат этган Ибн Арабшоҳ тан олиб дейдики:
Илму ҳикмати денгиз қаъридай тубсиз, Шарқу ғарб тарихининг ҳам отаси, ҳам онаси!

Шундоқ онг лозим бўлган эл тирилмоғи учун. Ўлган Турон тирилмоғи учун!

5 август, 2017 йил