05 August 2017
19:41 - Хабарга ҳам арзимайдиган хабар: АҚШнинг бир шаҳарчасидаги кичкина мачитга ҳужум бўлди, бу ҳали холва

Бугун маҳаллий вақт билан эрталаб соат 5:05 да Миннесота штатининг Блумингтон шаҳарчасида кимлиги номаълум бўлган одам кичкина мачит имоми ўтирадиган хонанинг деразасини синдириб, ичкарига кичкина портлатгич жиҳоз улоқтириб, қочиб кетибди. Номигагина бўлган портлаш натижасида кичгинагина ёнғин чиққан.

Бу ҳақда хабар берган АҚШдаги сон-саноқсиз ахборот воситаларидан бири - CBS Агентлигининг маҳаллий бўлими айтишича, мачит Ал-Форуқ Ёшлар ва Оила Маркази деб аталувчи исломий марказниннг ичида жойлашган экан. Маҳаллий мусулмонлар ташкилотининг раҳбари Асад Замонга асосланиб айтилишича, бир одам мачит ойнасини синдириб, ичига бир нарса отгани, кейин кичкина портлаш ва ёнғин бўлгани, у одам ўзини нарироқда кутиб турган кичкина юк автомобилида қочганини ўша ердан ўтиб кетаётган бошқа бир одам тасодифан кўриб қолган. Портлаш ва ёнғиндан ҳеч ким жароҳатланмаган. Бу вақтда исломий марказ ичида биронта одам, масалан, мачит имоми бўлиб бўлмагани тилга ҳам олинмайди.

Дунёда ҳар куни турли даҳшатли воқеалар юз бераётгани, ўнлаб-юзлаб қурбонлар бўлаётганини ҳисобга олсак, Блумингтон шаҳарчасидаги воқеа ростдан ҳам хабарга ҳам арзимайдиган воқеадир. Аммо, дунёда “Ислом” ва “ислом терроризми” тушунчалари синонимга айланиб бораётганини ҳам ҳисобга олиб тахмин қилиш мумкинки, мусулмонлар кофир деб ҳисоблайдиган номусулмонлар ичида исломий экстремизм ва терроризмга жавоб бериш керак деб ўйлайдиганлар пайдо бўлмоқда, улар секин-аста ташкилотланиб, Исломга қарши уруш очиш арафасига келиб қолдилар.

Шундай экан, Блумингтондаги воқеа хусусида, аввалари ҳам айтганимиздек, “бу ҳали ҳолва” ифодасини ишлатиш табиийдир. Демак, Ислом уламолари чўнтакни пул билан тўлатишдан ташқари динимизнинг тақдири тўғрисида, Ислом динининг имиджини тузатиш ҳақида ўйлашга бошлашлари керак. Ўйлашга бошласлар, бунинг ягона йўли – “Ҳаракат” йиллардан бери айтиб келаётгандек - Исломда фундаментал ислоҳотлар ўтказиш ва Ислом дини дунёвийли/секуляризм принципини қабул қилиб, давлат ишларига аралашмайдиган бўлишига эришиш эканлигини тезда тушуниб етадилар.

Расмда – Блумингтондаги исломий марказ биноси.