30 July 2017
20:15 - Сенсация: Қатар ҳажни халқаролаштириш чақириғи билан Саудияга уруш эълон қилди

Авваламбор, ўқувчиларимиздан бу хабарга ҳақиқатдан узоқ бўлган сарлавҳа қўйганимиз учун узр тилаймиз. Мақсадимиз – сариқ матбуот ўз хабарларига шу каби сарлавҳалар қўйиш билан шуғулланишини кўрсатиш ва сариқ матбуотдаги хабарларнинг нафақат сарлавҳаси, балки, хабарларнинг ўзини ҳам эҳтиётлик билан ўқиш, ёки бутунлай ўқимасликка чақиришдир. Ўзбекистондаги ҳамма ахборот воситаларининг кўпчилик хабарлари айнан шундай сариқлашганини эслатишдан фойда бор. Масалан, кеча Ўзбекистонда Президенти Шавкат Мирзиё водийлик ногиронларга янги уйлар совға қилганини ёзишди. Аслида, халқнинг пулига давлат шундай уйлар қурган, аммо улар нима учундир президент номидан топширилган. Уйлар ногиронларга халқ номидан совға қилиниши керак эди. Чунки, халқнинг пули президентники эмас.

Энди Қатар-Саудия “уруши”га қайтсак.

Reuters Агентлиги Al Arabiya телеканалига асосланиб бугун хабар беришича, Саудия Арабистонининг Ташқи Ишлар Вазири Абдул ал-Жубеир ҳаж маросимини халқаролаштириш ҳақидаги Қатарнинг чақириғи Саудия Қироллигига қарши уруш очишдир, биз муқаддас жайларни халқаролаштириш ҳақидаги таклиф чиқарадиган ҳар кимга тегишли жавоб беришга ҳаққимиз бор, дебди.

Ўз-ўзидан тушунарлики, дейди мухбиримиз, бундай таклиф-чақириқ бўлса, у ҳаж маросими билан боғлиқ ҳудудларни Саудиядан чиқариб олиб, уларни Ислом дунёснинг умумий ерлари деб эълон қилиш ҳақида бўларди ва буни ростдан ҳам урушга чақириқ деса бўларди.

Аммо, Абдул ал-Жубеирнинг бу сўзларини тарқатган Al Arabiya телеканали Қатардан бундай чақириқ чиққани ҳақида аниқ маълумот йўқлигини айтар экан, кеча Қатар БМТнинг дин эркинлиги бўйича сўзчисига мурожаат қилиб, саудияликлар ҳажни ҳам сиёсийлаштираётганлари, қатарликларга ҳаж қилиши йўлида тўсиқлар қўйишга бошлаганлари ҳақидаги хавотирликларини билдирган экан.

Маълумки, дейди мухбиримиз, шу йил 5 июнда бир қатор араб давлатлари Қатар билан дипломатик алоқаларни узиб, унинг олдига 13 моддалик талаблар қўйишган эди. Ахборот воситалари билдиришича, бу 13 модда ичида Қатардан Мисрдаги Мусулмон-қардошлар ва бошқа террористик ташкилотларни молиявий қўллаб-қувватлашни тўхтатиш, Ал-Жазира агентлигини бекитиш, ўз ҳудудларидаги Туркия ҳарбий базасини чиқариб ташлаш, қўрфаз давлатларининг душмани ҳисобланадиган Эрон билан алоқаларни сусайтириш талаб қилинган эди. Кўринишидан, Саудия бу талаблар бажарилмаса, қатарликларни ҳаж маросимини бажариш учун ўз мамлакатига киритмаслик ҳақида огоҳлантиришлар берган бўлса керак-ки, Қатар бунга қарши “сўз уруши” бошлаган.

Яъни, аслида, сарлавҳамизда айтилган уруш тўғрисида, яъни ҳақиқий уруш тўғрисида ҳеч қандай гап йўқ. Аммо, бутун уммат учун муқаддас бўлган ерлар тамомийла бир давлатнинг қўлида бўлиши ҳам унчалик тўғри эмас. Қатар бу мавзуни тарихда биринчи марта тилга олиши келажакда катта баҳсларга айланиши мумкин.