28 July 2017
08:37 - Ўзбекистон ИИВ: фуқаролар шахсий дахлсизлиги учун қурол кўтариб юришга ҳақли эмас
Ўзбекистон Ички Ишлар Вазирлигининнг Ягона интерактив порталида "Қурол ҳақида"ги қонун лойиҳасидан мақсад нима эканлигига тушунтириш берилди. Ҳолбуки, ўтган кунги хабарларимизда қонун лойиҳасини ўқий туриб, фуқароларнинг эндиликда ўз шахсий дахлсизлиги учун қурол олиб юриши мумкинлиги ҳақида ёзган эдик.

Республика ҳудудида фуқаролик, хизмат ва жанговар қурол-яроғлар борасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга соладиган мазкур қонун фуқаролларга жанговар қурол олиб юриш ҳуқуқини бермайди. Аксинча, қонун лойиҳасида фуқаролар (тегишли тартибда овчилик жамиятлари ва спорт клубларида рўйхатдан ўтган аъзолар) фақатгина ов ва спорт машғулотлари учун ўқотар қуролга эгалик қилишлари ва фойдаланишлари мумкинлиги назарда тутилган экан.

Шунга мувофиқ, жисмоний шахсларнинг ўзини ҳимоя қилиш мақсадида жамоатчиликка хавф туғдирувчи ўқотар ёки бошқа қуролларга эгалик қилишларига йўл қўйилмайди. Фуқаролар ўзини ҳимоя қилиш мақсадида фақатгина газ баллонлари, механик пуркагичлар, аэрозол ва кўздан ёш оқизувчи бошқа мосламалар ҳамда соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан рухсат берилган электрошок қурилмаларига эгалик қилишлари мумкин. Тегишли тартибда текширувдан ўтказилган фуқароларга рухсатнома берилганидан кейингина, улар ушбу воситаларни сотиб олиш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўладилар.