27 July 2017
08:16 - Бечора Ўзбекистонимизнинг валюта заҳираси бор-йўғи 20-25 миллиард АҚШ долларига тенгмиш
Молия Вазири ўринбосари Мубин Мирзаевнинг баёнотидан англашилишича, Ўзбекистон валюта захираси миқдори 25 миллиард АҚШ долларига яқин. Халқаро пресс-клубдаги матбуот анжуманида Мирзаев бу рақамларни айтишга ваколатли эмаслиги, аммо унинг билишича, бу миқдор 20 миллиардддан 25 миллиард АҚШ долларигача эканини гапирди.

Марказий Банк раиси ўринбосари Саидкамол Хўжаев ҳам бундай саволга жавоб беришга ваколатли эмаслигини айтиб, мамлакат захира жамғармаси 2 йиллик импорт учун етарли эканини тасдиқлай олишини билдирган.

Хўш, бу тасдиқланмаган рақамлар ҳақида нима дейиш мумкин? “Ҳаракат” Агентлигининг 2014 йил 16 майда эълон қилинган “Озорбайжоннинг халқаро (олтин-валюта) заҳиралари $52 млрд, Ўзбекистонникичи?” номли хабарда аҳолиси биздан 3 баравар кам бўлган Озорбайжоннинг ҳозир “халқаро заҳиралар” деб айтиладиган “олтин-валюта заҳиралари” сал кам $53 миллаард, аҳолиси биздан 2 баравар кам бўлган Қозоғистонники эса $99,3 млрд эканлиги айтилган.

Ўзбекистон ҳукумати шу пайтгача олтин-валюта заҳираларимиз қанча эканлиги ҳеч гапирмасди. Аммо, ҳар қандай давлат иқтисодининг асосий кўрсатгичи бўлган Киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми бўйича Қозоғистон ва Озорбайжондан кўп марта орқада эканлигимизни ҳисобга олсак, олтин-валюта заҳираларимиз 20 милларддан ҳам оз.

Нима ҳам дердик, эй, бечора Ўзбекистонимиз!