26 July 2017
06:34 - Кечагина ўтган кунларимиз: Ислом Карим ва Александр Лукашенко - мухолифларнинг бошини ёриш усталари (“Ҳаракат” сайтида 2011 йил 20 февралда эълон қилинган хабар). Шавкат Мирзиё бугун нима қилмоқчи?

Кеча, шанба куни журналистлар билан учрашган Белорусиянинг диктатор-президенти Александр Лукашенко мухолифат билан орасидаги муносабатларга оид саволларга ҳам жавоб берди. Русларнинг “Интерфакс” агентлиги билдиришича, Александр Лукашенко ўз мамлакатида конструктив мухолифат пайдо бўлиши мумкинлигини гапирибди. Табиий, унинг фикрича, бугунги мавжуд мухолифат конструктив эмас.

Белорусбоши ҳозирги мухолифат халқ ва унинг муаммоларидан узоқда эканлигини урғулаш билан бир қаторда, қуйидаги сўзларни гапиришдан ҳам тортинмаган: “Агар мавжуд мухолифат мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштириш билан шуғулланишни давом эттирса, бошида бутун кучимиз билан калтак синдирамиз”.

Александр Лукашенконинг гаплари янгилик эмас, у Ўзбекистонлик ҳамкасби Ислом Каримни такрорлаяпти, холос. Айнан Ислом Карим ўзбеклар устига 1989 йилнинг ўрталарида Лубянка томонидан ўтказилган кунлардан бошлаб, ўзбек мухолифати ноконструктив, яъни яратувчи эмас, бузғунчи эканлигини гапирарди.

Масалан, у ўша пайтдаги энг машҳур Совет газеталаридан бири бўлган “Комсомольская правда”га 1990 йил январь ойининг охирида берган интервьюсида қуйидагича гапирган: “Шаҳар бедарвоза эмас. Ким хоҳласа ўзини мухолифат деб атайверишига йўл бермаймиз. Ҳозирги мухолифат конструктив эмас, конструктив мухолифатни ҳам тузилишига ўзимиз ёрдам берамиз”. У пайтда Ўзбекистонда ягона мухолифат – “Бирлик” халқ ҳаракати эди ва Ислом Карим айнан уни ноконструктив деб эълон қилаётган эди.

Хўш, конструктив мухолифат яратиш масаласи нима бўлди? “Комсомольская правда” Ислом Каримнинг юқоридаги сўзларини эълон қилгандан 2-3 ҳафта ўтар ўтмас, ҳозир 53-54-чилар лақабини олган Салой Мадамин бошчлигидаги бир гуруҳ бирликчилар “Эрк” халқ ҳаракати тузишга бошлашганини билдиришди. Тез орада СССР Конституциясидан яккапартияликни қонунлаштирувчи модда олиб ташлангач, “Эрк” халқ ҳаракатининг ташаббусчилари ўз ташкилотларини партия деб атадилар. Ислом Карим бу партиянинг яратилишига қандай ёрдам берганини машҳур рус журналисти Аркадий Дубновга берган интервьюсида тан олган.

Ислом Карим ҳокимиятга олиб келинган кунидан бошлаб, “Бирлик”ни йўқ қилиш учун ҳаракатда бўлди. У аввалига “Бирлик”ни парчалаш, уни бошқа “конструктив” мухолифат ташкилотлари соясида эритиш билан шуғуланишга уринди. Буни қилолмагандан кейин, “Бирлик” лидерларига қарши жисмоний репрессиялар бошлади.

“Бирлик”нинг Қашқадарё вилоятидаги етакчиси, Ўзбекистон халқ депутати Шовруқ Рўзимуродов қамалди, СССР халқ депутати Пўлат Охунни Тошкент аэропортида калтаклашга ҳаракат қилинди, яна бир неча кундан кейин, Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмасининг биноси олдида соқоли борлиги учун Абдураҳим Пўлатга ўхшаб кетадиган журналист Абдурашид Шарипов қаттиқ қалтакланди. Ва, ниҳоят, 1992 йил 29 июнь куни Абдураҳим Пўлатга қарши суиқасд уюштирилди. Тошкент шаҳар прокуратураси биноси олдида уюштирилган ҳужумда унинг бош суяги ёрилди.

Орадан уч кун ўтиб, 2 июль куни Ўзбекистон Олий Кенгашининг навбатдаги сессияси очилишида нутқ сўзлаган Ислом Карим шундай деди: “Халқнинг осойишталигини сақлаб қолиш учун яна 100 кишининг бошини ёришга тайёрмиз”.

Хуллас, кўриниб турганидек, ҳамма диктаторларнинг гапириш ва иш усуллари бир хил.

“Ҳаракат”нинг бугунги таҳлили: Қизиқ, Шавкат Мирзиё мухолифатга нисбатан қандай позицияда бўлиши ҳалигача номаълум. У ривожланган дунёнинг изидан кетиб, ҳақиқий демократик мухолифатни тан оладими, табиий, биринчи навбатда, “Бирлик” Партиясини, ёки ҳозирги мавжуд 3 та қўғирчоқ партиялардан биронтасига “мухолифат” лақаби бериш билан чекланадими?