26 July 2017
02:36 - Қуддусда хабарга лойиқ воқеа йўқ: Яҳудийлар Ал-Акса масжидини мусулмонлардан тортиб олиш ҳаракатидалар, холос. Бу аҳволдан чиқиш йўлини фақат “Ҳаракат” билади!!

Охирги кунларда Қуддусдаги Ибодатхона Тепалигида жойлашган ва Исломнинг учинчи муқаддас жойи ҳисобланадиган Ал-Акса масжиди атрофида бутун дунёни, биринчи навбатда, Ислом дунёсини ҳаёжонга солган воқеалар юз берди. Аммо, “Ҳаракат” Агентлиги уларни хабар қилишга ҳам ҳаракат қилгани йўқ. Нимага?

Маълумки, Ибодатхона Тепалиги бу ерда бир маҳаллар яҳудийларнинг 1-чи ва 2-чи ибодатхоналари жойлашгани, яҳудийларга кўра, айнан шу ерда 3-чи ибодатхона яратилиши кераклиги сабабли, шундай деб аталган. Бу тўрт бурчакли тепаликнинг тарафларидан бири айнан 1-чи ибодатхонанинг девори бўлгани сабабли, шу девор яҳудийларнинг асосий муқаддас жойи – “Йиғлаш Девори” деб аталади.

Яна маълумки, яҳудийлар ўз мамлакатларидан, жумладан, араблар ҳозир Қуддус деб ҳам атайдиган Иерусалимдан 2 минг йилча аввал ҳайдаб чиқарилдилар ва бутун дунёга тарқалиб кетдилар. Аммо, 2 минг йилдан кейин бўлса ҳам, ўз юртларини қайтариб олдилар, Иерусалимни ўз пойтахтлари деб эълон қилдилар, аммо Ибодотхона Тепалигини, вақтинча бўлса керак, арабларнинг қўлида қолдирдилар.

Бир неча кун аввал исроиллик араблар Қуддуснинг эски шаҳар деб ҳисобланадиган қисмида 3 яҳудий полициячини отиб ўлдирдилар. Дарҳол Исроилнинг турли қисмларида 5 араб ўлдирилганидан ташқари, Исроилнинг ҳуқуқ-тартибор органлари Ал-Акса масжидига фақатгина 50 ёшдан ошган эркаклар ва ёши чеклангмаган аёлларни детекторлар орқалигина ўтказишга рухсат бердилар.

Дунёда кўтарилган шов-шув сабабли, яҳудийлар эртасигаёқ детекторларни олиб ташлаш ниятларини билдирсалар ҳам, бундан буён Ибодатхона Тепалигига кириш қаттиқ назорат остида бўлишини эълон қилдилар. Кўринишидан, ўз ерларини қайтариб олиш учун 2 минг йилча шошмасдан ҳаракат қилган яҳудийлар - Ибодатхона Тепалигини тўла қўлга олиш учун яна бир неча йил чидашга розилар, аммо ўз ниятларидан қайтмасликлари шубҳасиз.

Туркия Президенти Ражаб Эрдўғон кеча ўзи раислик қиладиган Адолат ва Тараққиёт Партиясидан сайланган парламент депутатларининг мажлисида шундай деди: “Исроил террорга қарши кураш баҳонасида Ал-Акса масжидини мусулмонлардан тортиб олиш ҳаракатига тушди. Биз мусулмонлар эса, Қуддусга эгалик ҳаққимизни етралича ҳимоя қилолмадик. Энди ҳамма дунё мусулмонларига мурожаат қиламан, имкони бор ҳар бир мусулмон жаноби Пайғамбаримизнинг тавсияларидан келиб чиқиб, Қуддус ва Ал-Акса масжидини зиёрат қилсин.”

Табиий, Ражаб Эрдўғоннинг чақириғидан фойда бўлмайди. Ҳозирги аҳволдан чиқишнинг ягона йўли – Ислом дунёси тезда қашшоқлик ва қолоқликдан чиқиб, дунё ўзини ҳурмат қиладиган даражага чиқиб олишдир. Қолоқлик ва қашшоқликдан чиқишнинг ягона йўли эса, Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказиш ва дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилишдир. Ана шундагина яҳудийлар якка тангрини тан олувчи уч дин – яҳудийлик, насронийлик ҳамда исломга тенг ёндошадилар ва уччала диннинг муқаддас жойлари қўшни бўлишига ҳам рози бўладилар.

Эй, мусулмонлар, тезроқ шу йўналишда иш бошланг. Акс ҳолда, кеч қоласиз. Ал-Акса қўлдан кетади. У ерда фақатгина 3-чи ибодатхона бўлади.