15 July 2017
12:22 - Тошкентга Ван Дамм каби муштлашиш усталари келиб, Ўзбекистоннинг шармандали имиджини тузатишармиш

Ўзбекистонга Жан Клод Ван Дамм, Жеф Монсон, Фёдор Емельяненко каби машҳур ринг қиролларининг келиши кутилаётгани ҳақида Darakchi газетаси хабар қилди. Хабарга кўра, Жан Клод Ван Дамм ва Жеф Монсон Тошкентда ўтказиладиган қандайдир ASIAN FIGHT - 2017 номли спорт кечасида иштирок этишга рози бўлганлари ҳақида расмий хат ҳам юборишганмиш. Фёдор Емельяненконинг эса, оғзаки тасдиғи олинган. Энди расмий хати кутилмоқда.

Яна ўша хабарга кўра, Жан Клод Ван Дамм, Жеф Монсон, Фёдор Емельяненко турнирга Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги нуфузини кўтариш мақсадида таклиф қилинган. Улар турнир олдидан ёш спортчиларга мастер класслар ўтказишади. Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионида 9 сентябрь куни ASIAN FIGHT - 2017 деб номланган спорт кечасида иштирок этишади.

Маълумки, 1960 йили Бельгияда туғилган Жан Клод Ван Дамм (расмда) спортнинг турли муштлашиш турлари бўйича бир неча марта Европа чемпиони бўлган. Кейин актёр, режиссёр, сценарист ва продюсер сифатида танилган. Унинг интеллектуаллик даражаси расмидан ҳам кўриниб турибди. Жеф Монсон ва Фёдор Емельяненко эса, фақат муштлашиш усталари.

Инсон ҳақ-ҳуқуқларининг топталиш даражаси бўйича, диктаторлик даражаси бўйича ҳам дейиш мумкин, дунё давлатлари рўйхатида сўнгги йилларда 3 ўринда бўлиб, 2016 йилнинг охирида ўтказилган масхарабозлик руҳидаги президентлик сайловларидан кейин 2-чи (!!!) ўринга кўтарилган Ўзбекистоннинг имиджини муштлашувчилар тузатада, деб ўйлаш учун одам аҳмоқ бўлиши керак.