12 July 2017
09:47 - Европа суди мусулмон аёлларнинг рўдапо деса бўладиган кийимларда юришини тақиқловчи Бельгия қонунини тўғри деб топди. Бу ҳали ҳолва!

Авваламбор эслатиб ўтиш керакки, Европадаги ҳамма давлатларни бирлаштирувчи Европа Кенгаши бор. Уни Европа Иттифоқи билан адаштирмаслик керак. Европа Кенгаши муассасалари таркибида унга кирувчи давлатларининг фуқаролари ва ташкилотларидан тушган инсон ҳуқуқларига алоқали аризалар билан шуғулланадиган ва шу давлатларнинг ҳаммасида кучга эга бўлган ҳукмлар чиқарадига Инсон Ҳуқуқлари Европа Суди бор.

2011 йилда Белгия парламенти “мусулмонлар” сўзини ҳам ишлатмасдан, аёлларга жамоат жойларида юзни тўла бекитувчи, рўдапо деса ҳам бўладиган кийим-бошда юришни тақиқловчи қонун чиқарган эди. Табиий, бу - мусулмон аёлларнинг паранжи, чачвон ва расмдаги каби кийимларда жамоат жойларида пайдо бўлишларига йўл қўймайдиган қонун эди. Исломий ташкилотлар бу қонун Бельгияда яшовчи мусулмон аёлларнинг хусусий, оилавий ва диний эркинликларини бузишини айтиб, Инсон Ҳуқуқлари Европа Судидан бу қонунни бекор қилишни сўраб ариза берган эдилар.

Мана, ниҳоят кеча Суд ўз ҳукмини эълон қилди. Суд Бельгияда чиқарилган қонун ҳеч кимнинг хусусий, оилавий ва диний эркинликларини бузмаётгани, аммо аёлларнинг бу каби кийимларда юриши - Бельгияда қабул қилинган ижтимоий тушунчалар ва қадриятларга зид бўлгани сабабли, у ерда чиқарилган қонун тўғри эканлиги эътироф этилади.

“Ҳаракат” Агентлигининг бу каби масалалар бўйича аввалари ҳам айтган фикрини такрорлаймиз.
Шу нарса аниқки, жаҳон бўйлаб “Ислом дини” ва “ислом терроризми” ибораларини синоним сифатида кўриш кенгайиб бормоқда, мусулмонларга салбий муносабат кучаймоқда. Демак, яқинда Ғарбда ҳижоб ва бошқа мусулмонча кийимлар тўла тақиқланади, кейин мачитларни бекитиш ва мусулмонларни Ғарб давлатларидан чиқариб юбориш бошланади. Ҳатто Ғарб давлатларида фуқаро бўлиб олган мусулмонларни фуқароликдан чиқаришади.

Ана ўшандагина, мусулмон аёллари рўдапо каби киймлардан воз кечишларини қўйиб туринг, Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилишга мажбур бўлади, 5 маҳал номоз, рўза, ва ҳаж фарзликдан чиқарилади. Айнан шулардан кейин, Ислом дунёси ривожланишга, ҳозирги қолоқлик ва қашшоқликдан чиқишга бошлайди, мусулмонларнинг ёппасига Ғарбга қочиши тўхтайди.