10 July 2017
22:42 - Собиқ сиёсий маҳбус Рустам Усмон очлик акциясини тўхтатди

Шу йилнинг 13 февралида 19 йиллик қамоқ муддатини ўтаб, уйига қайтган андижонлик Рустам Усмон (Рустамбанк асосчиси) 3 кун муқаддам эълон қилган очлик акциясини бугун тўхтатди. У Ўзбекистон Миллий Банки унинг талабларини бажармаса, яна очлик эълон қилмоқчи.

Гап шундаки, Ўзбекистон Ташқи Иқтисодий Фаолият Миллий Банкининг Андижон вилоят, Қўрғонтепа туман бўлими раҳбари 2015 йили Рустам Усмоннинг турмуш ўртоғи Раъно Усмоннинг имзосини қалбакилаштириб, унинг “Хонобод ҳамкор савдо” фирмасига 250 млн сўм миқдорида кредит ажратган, бу пулнинг 10 фоизинигина фирмага ўтказиб, қолганини ўз шериклари билан ўзлаштирган.

Рустам Усмон мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва Миллий Банк раҳбарияти эътиборини очлик акцияси билан ана шу жиноятга қаратмоқчи эди. Афтидан ўртада қандайдир музокаралар бўлган.

Рустам Усмоннинг 19 йиллик қамоқдан озод қилиниши ва унга оид баъзи маълумотлар билан ушбу хабар остидаги линк орқали танишишингиз мумкин.