10 July 2017
08:09 - Туркияда отатуркчиларнинг Адолат Юриши Истанбулда юз минглаб кишилик даҳшатли митинг билан тугади
Аввалги хабарларимиздан маълумки, Туркияда 2016 йил 15 дан 16 чи июлга ўтар кечаси фатхулла-гуленчилар тарафидан уюштирилгани иддао қилинаётган ва юздан кўпроқ кишининг ўлимига сабабчи бўлган давлат тўнтаришига урунишдан кейин Президент Ражаб Эрдўғон ўзининг собиқ ҳамкори Фатхуллаа Гулен тарафдорларини ФЕТО (“фатхулла-гуленчилар террор ташкилоти” сўзларининг туркча ёзилишидан қисқартма) деб атади ва уларга қарши очиқча уруш бошлади. Охирги хабарларга кўра, ФЕТОчиликда айбланаётган 50 мингдан кўпроқ киши устидан жиноий иш очилиб ҳибсга олинган, 140 мингдан кўпроқ одам ишиларидан ҳайдалган. Қаранг, шунча одам яширинча давлат тўнтаришига тайёрлангани ва буни ҳеч ким билмай қолганига ишонадиган аҳмоқлар бормикан? Ҳа, бор экан, булар – Ражаб Эрдўғон раислигидаги исломчиларнинг ҳозир ҳокимиятда бўлган Адолат ва Тараққиёт Партияси аъзолари ва уларининг тарафдори бўлган фанатик мусулмонлар.

Қамалганлар ичида кўплаб отатуркчи, яъни Фатхулла Гулен каби исломчи билан яқин бўлишлари мумкин бўлмаган мустақил журналистлар ва дунёвий мухолифатчилар борлиги ҳам маълум. Қамалганларнинг ўзлари қамоқхона ичида, уларни қўллаб-қувватловчилар ташқарида турли акциялар, масалан, очлик акциялари, ўтказиб Эрдўғон режимидан адолат талаб қилдилар. Аммо, давлатни тамомийла қўлига олиб бўлган, энг кулгилиси, айнан фатхулла-гуленчиларнинг ёрдамида қўлга олиб бўлган Ражаб Эрдўғон ҳамма нарсага кўз юмиб, ўз режимини фатхулла-гуленчиларни яксон қилиш орқали мустаҳкамлаш билан овора бўлди. Эрдўғонга сал кам диктаторлик ваколатлари бериш учун Конституцияга ўзгартиришлар киритиш масаласида шу йил 16 апрелда ўтказилган умумхалқ референдумида Эрдўғон бор-йўғи 51 фоиз овоз билан ғалаба қозониши ҳам уни ўта рағбатлантириб юборди.

Шу йил 14 июнда Отатурк томонидан яратилган ва ҳозир мухолифатда бўлган Жумҳурият Халқ Партиясидан Туркия Буюк Миллат Мажлисига депутат қилиб сайланган журналист Эни Берберўғлини гўёки давлат сирларни очиқлаш айби билан 25 йилга (!!!!!) озодликдан маҳрум қилиш бўйича суд ҳукми чиқарилгандан кейин отатуркчиларнинг сабр косаси тўлди. 15 июнда Жумҳурият Халқ Партиясининг раиси Кемал Қиличдорўғли суднинг бу ҳукмига қарши ўзи бошчилигидаги Анқарадан Истанбулгача Адолат Юриши деб номланган оммавий намойишлар бошлатди.

Ўшандан бери кундуз кунлари бу юриш давом этти ва ҳар доим унинг бошида Кемал Қиличдорўғлининг ўзи борди. Намойишчиларга ҳар куни улар ўтаётган ҳудудлардаги отатуркчилар қўшилди, баъзи чарчаганлар чиқиб кетган бўлиши ҳам мумкин. Йўлдаги шаҳар ва шаҳарчаларда юриш қатнашчилари маҳаллий аҳолининг ҳам иштирокида митинглар ўтказдилар.

Мана, ниҳоят Адолат Юриши намойишчилари Истанбулга етиб келдилар ва кеча Эни Берберўғли ётган қамоқхонага яқин жойдаги Молтепа майдонида бир неча юз минг кишилик муҳташам, даҳшатли деса бўладиган митинг ўтказдилар.

Митингчиларнинг қўлида Туркия байроқлари, Отатурк портретлари, “Адолат” сўзи ёзилган плакатлар бор эди. Бу ерда нутқ сўзлаган Кемал Қиличдорўғли Адолат Юриши ҳам ФЕТО, ҳам якка одам ҳокимлигига қарши бўлганини, бу ҳали биринчи қадам эканлигини алоҳида урғулади. Табиий, якка одам дейилганда Ражаб Эрдўғон тушунилмоқда.

Аслида, дейди мухбиримиз, Кемал Қиличдорўғли “Адолат Юриши ҳам ФЕТО, ҳам РЕТОга қарши эканлигини” айтса яна ҳам чиройли бўларди. РЕТО қисқартмасини Ўзбекистон “Бирлик” Партиясининг лидери Абдураҳим Пўлат туркларни 16 апрелдаги референдумда Эрдўғонга қарши овоз беришга чақирувчи мурожаатномасида ишлатган эди. Унга кўра, агар Эрдўғон-Гулен урушида Гулен ғалаба қозонса эди, у Ражаб Эрдўғон тарафдоларини РЕТО (“ражаб-эрдўғоничилар террор ташкилоти” сўзларининг туркчасидан қисқартма) деб атаган бўларди ва уларни йўқ қилишга киришарди.

Молтепадаги отатуркчиларнинг митингига қайтайлик. Кемал Қиличдорўғли ўзи билан Анқарадан Истанбулгача 25 кунда 423 километрлик йўл босиб келганларга миннатдорчилик билдирди, Алолат Юриши ФЕТО ва Эрдўғон режимига қарши уюштирилганини айтди ва 10 моддалик Молтепа Манифестини эълон қилди. Манифестда Адолат Юриши ва бўлаётган митингнинг мақсадлари тилга олинган, шу пайтгача мавжуд бўлган парламентар системанинг оёқ ости қилиниши қораланган ва “Туркия инсон ҳақларига, ҳуқуқ давлатига ва адолатга ҳурмат кўрсатаётган миллатлар оиласига юз ўгириши кераклиги” урғуланган.

Хуллас, авалдан башорат қилганимиздек, Анқарадан Истанбулгача давом этган Адолат Юриши ва Истанбулдаги митинг Туркияда отатуркчилар билан фанатик исломчилар ўртасида бўлаётган курашда бурилиш нуқтаси бўлиши муқаррардек кўринмоқда.

Билмаганлар учун билдириш керакки, Туркияда сўнги йилларда отатуркчиларнинг расмда кўриниб тургандек муҳташам, даҳшатли десак ҳам бўлаверади, намойиши бўлган эмас.

Турк Дунёсининг демократлари, аслида, дунёвийлик/секуляризм тарафдори бўлган Ғарб ҳам, отатуркчиялар-исломчилар курашида отатуркчиларни қўллаб-қувватлашлари керак. Ғарб тушуниши керакки, яқин келажакда, қисқа вақтга бўлса ҳам, унинг учун асосий хавф Россия эмас, исломлашиш йўлидан кетаётган ва ислом терроризмининг марказига айланиб бораётган Туркия бўлади.