09 July 2017
17:17 - Шавкат Мирзиё Наманганга борди, шаҳар ҳокимини алмаштирди, ковул етиштириш ҳақида буйруқ берди. Минг афсуски, у замонавий давлатчиликни яхши билмайди!!

Жума 7 ва 8 июль кунлари Наманган вилоятида бўлган Президент Шавкат Мирзиё таъзим қилишдан бошқа нарсани билмайдиган саҳаллий отахонлар билан учрашгани, баъзи қурилиш, саноат ва қишлоқ хўжалиги объектларида бўлиб, у ердаги ишлар билан танишгани, орада Чортоқ туманидаги Султон Увайс Қараний зиёратгоҳига кириб ўтгани, ҳамма ерда керакли маслаҳатлар бергани қўғирчоқ ахборот воситалари тарафидан ҳеч бир таҳлилсиз да хабар қилинди. Ваҳолангки, замонавий хабарчилик таҳлилларсиз маъносини ҳам йўқотади.

Биз Шавкат Мирзиёнинг Наманган сафари бўйича, хабар қилишга арзийдиган иккитагина нарсани кўрдик ва улар бўйича ўз таҳлилимизни бермоқчимиз.

Биринчиси. Ўзбекистондек давлатнинг расмий ахборот воситаси ЎзА якшанба кунлари ишламаслиги сабабли (шармандалик!!!) gazeta.uz сайтининг бугун тарқатган ягона (яна шармандалик!!!) хабарига асосланиб билдирмоқчимизки, Халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Шавкатжон Абдуразак шаҳарнинг янги ҳокими этиб тайинланибди. Хабарда сессия қачон бўлгани ҳам айтилмайди. Аммо, Шавкат Мирзиё 7 июль куни, яъни Наманганга қараб йўлга чиқаётиб ўтказган қандайдир йиғилишида қатор соҳаларда камчиликларга йўл қўйган аввалги ҳоким Баҳодир Бекхўжани ишдан олгани эслатилади. Аҳмоқ ҳам тушунадики, Наманган шаҳар ҳокимининг алмаштирилиш Шавкат Мирзиёнинг аввалдан маълум бўлрежалаштирилган Наманган сафарининг бир қисмидир. Одам ҳайрон қолади, наҳотки, Шавкат Мирзиё кадр алмаштиравериш билан бирон натижага эришаман деб ўйлайдими? Фундаментал ислоҳотлар ўтказиш кераклигини тушунмайдими?

Иккинчиси. Давлат раҳбари кам ҳосил берадиган, зарар кўриб ишлаётган туманларда пахта ва ғалла майдонларини кескин камайтириш, унинг ўрнига юқори даромад берадиган мева-сабзавот, полиз экинларини экиш лозимлигини ҳақида гапириб, Наманган вилоятида қовул етиштиришни йўлга қўйиш ҳақида тўғрида-тўғри буйруқ деса бўлаверадиган тавсиялар берибди. Хабарларда айтилишича, бу йил вилоятнинг 3 минг гектардан зиёд майдонида ушбу ўсимликни экиш режалаштирилган. Шундан тушуниш мумкинки, Наманганда ковулчиликни йўлга қўйиш ҳақида Шавкат Мирзиё аввалдан буйруқ бериб бўлган. Кам харажат ва оз меҳнат талаб қиладиган бу ўсимликдан йилига тўрт марта ҳосил олиниши мумкинлиги, қолаверса, ковул барги, меваси ва томир пўсти табобатда қўлланилиб, турли шишларни даволаш, нафас қисиши, талоқ қотиши, қуртларни ҳайдаш, полиартрит, бўқоқ каби касалликларни даволашда ишлатилишидан келиб чиқсак, ковулчиликни ривожлантириш яхши иш.

Аммо, ҳар бир яхши ишнинг бошланиши учун давлат раҳбарининг буйруғини кутиб яшайдиган бўлсак, Ўзбекистонни ҳозирги ғариб аҳволдан ҲЕЧ ҚАЧОН ОЛИБ ЧИҚОЛМАЙМИЗ. Ривожланишнинг ягона йўли – ҳақиқий бозор иқтисодига ўтиш, хусусий тадбиркорликка тўла йўл беришдир. Ана ўшанда, асрлардан бери хусусий тадбиркорлик устаси бўлган ўзбеклар халқ учун нима керак бўлса, табиий, бундан оладиган ўз фойдаларини ҳам унутмасдан, ўша керакли нарсалар билан бозорларни тўлатиб ташлайдилар. Табиий, бозорларни тўлатиб ташлаш учун, ўша керакли нарсаларни саноатда ишлаб чиқариш ёки қишлоқ хўжалигида етиштириш ҳам рақаботчлик асосида ўта тез ривожланишга бошлайди.

Ҳамма ишни Шавкат Мирзиёга шу каби догма/ақидаларни, яъни ҳозир исбот талаб қилмайдиган тушунчаларни тушунтиришдан бошлаш керак. Аминмизки, “Бирлик” Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги буни қилолади. Кўриб турибмизки, Шавкат Мирзиё бизнинг йиллардан бери айтиб келаётган жуда кўп таклифларимиздан баъзи бирларини, масалан, чет элда мажбуран ишлаётган ватандошларимизнинг муаммолари билан шуғулланадиган муассаса яратиш, пахтани қайта ишлаш саноатини кескин ривожлантириш ва шу каби бир қатор таклифларимизни қабул қилди. Биз ундан миннатдорчилик кутаётганимиз йўқ, вақти келади, буларга миллатнинг ўзи баҳо беради.

Аммо, бозор иқтисоди феълан йўқлиги, хусусий тадбиркорлик имкониятлари ўта чеклангани туфайли ҳамма ишлар суст кетаётгани ачинарлидир. Демак, мухолифат расман сиёсий саҳнага чиқмагунча, олға кетолмаймиз. Ҳеч қандай истиқбол бўлмайди, бўлолмайди.