08 July 2017
09:22 - Ўзбекистон Қирғизистондан электр энергияси сотиб ола бошлади
Шу йилнинг 16 июнидан Ўзбекистон Қирғизистондан электр энергияси сотиб ола бошлади. Бу ҳақда куни кеча Қирғизистон Миллий Энергия Холдингининг матбуот хизмати маълум қилди. Хабарда айтилишича, Қирғизистоннинг "Электр станциялар" ширкати ва "Ўзбекэнерго" билан электр энергияни етказиб бериш бўйича шартнома имзоланган.

Қирғизистон томони 4 июль куни шартномада кўрсатилган 1 миллиард 250 миллион киловат - соат электр энергиясидан 195,5 миллион киловат-соатини Ўзбекистонга етказиб берган. 1 кВт/с электр энергияси Ўзбекистонга 0,02 АҚШ долларидан сотилмоқда.

Хўш, бу хабарни қандай баҳолаш керак, яхши хабарми ёки ёмон? Ўзбекистон учун 195,5 миллион киловат-соати катта нарсами, ёки хабарга ҳам арзимайдиганми? 1 кВт/с электр энергиясининг нархи 0,02 АҚШ доллари эканлигини қандай баҳолаш мумкин?

Бу саволларга жавобсиз, Ўзбекистон Қирғизистондан электр энергияси сотиб ола бошлагани ҳақидаги хабарнинг маъноси ҳам йўқ.

“Ҳаракат” ҳар доим хабарларга ўз таҳлилини бериб, уларнинг моҳиятини ўқувчиларимизга тушунтиришга ҳаракат қиларди. Ҳозир ҳам қилишимиз мумкин. Лекин, қилмаймиз. Қани кўрайлик, ўқувчиларимизнинг ўзлари бу хабарни қандай баҳолайдилар.