07 July 2017
20:24 - Ё латифа, ё масхарабозлик, ё иккаласи: Ўзбекистон судьялари халққа мурожаат қилди

Бугун Ўзбекистон Республикаси судьяларининг мамлакат халқига мурожаати расмий сайтларда чоп қилинди. Унда: “... биз – Ўзбекистон Республикаси судьялари: 

Биринчидан, кундалик фаолиятимизда халқ билан бевосита юзма-юз, очиқ мулоқот шаклларини кенгайтирамиз, фуқароларнинг муаммоларини ҳал этишда яқиндан ёрдам бериш орқали уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаймиз ва ҳақиқатни қарор топтирамиз. 

Иккинчидан, фаолиятимизни яна бир бор қайтадан танқидий таҳлил қилиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимоясини таъминлаймиз, одил судловни амалга оширишдаги ғов-тўсиқларни таг-томири билан бартараф этамиз, судни том маънода “Адолат қўрғони”га айлантиришда бор билим ва тажрибамизни сафарбар этамиз. Судга борган ҳар бир фуқаро фақат адолат топишига кафолат берамиз. 

Учинчидан, судда ишларни судьялик бурчимиз ва виждонимиз буюрганидек беғараз, холис ва адолатли ҳолда кўрамиз, энг асосийси, қабул қилган ҳар бир қароримиз қонуний, асосли, одиллик ва инсонпарварлик тамойилларига таянган бўлиши учун барча масъулиятни ўз зиммамизга оламиз. 

Ҳар бир инсоннинг тақдирини ҳал этишда онгимизда – адолат, тилимизда – ҳақиқат, дилимизда эса поклик устувор бўлади. 

Тўртинчидан, Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган барча ислоҳотларни амалга оширишга барчамиз жиддий масъулият ва ташаббускорлик билан ёндашамиз, энг асосийси, мамлакат тақдирига дахлдорлик ҳиссини кучайтирамиз. 

Бешинчидан, ҳар қандай ҳолатда одил судловни таъминлаш ва адолатни қарор топтиришга қодир, мустаҳкам иродали, ҳалол, юксак маънавий ва касбий фазилатларга эга судьялар таркибини шакллантирамиз. Бунга барчамиз бирдек масъулмиз. 

Олтинчидан, судьялик – бу машаққатли, шу билан бирга, шарафли касб ва юксак мақом эканлигини чуқур англаган ҳолда, судьялик шаънига доғ туширадиган ҳар бир ғайриқонуний хатти-ҳаракатга “фавқулодда ҳолат” сифатида қараймиз, адолатга хиёнат қилган ходимларга нисбатан муросасиз курашамиз ва сафларимиз софлигини таъминлаймиз. 

Еттинчидан, судьялар касбий тайёргарлигини ошириш, судлар фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали иш юритиш тартибини соддалаштирамиз ва фуқаролар оворагарчилигининг олдини олиш борасида кечиктириб бўлмайдиган чораларни кўрамиз. 

Саккизинчидан, суд амалиётини доимий таҳлил қилиб бориш асосида тизимли қонун бузилишларни аниқлаймиз ҳамда ушбу соҳадаги камчиликларни қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш йўли билан бартараф этишга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирларни амалга оширамиз.


Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик кундалик қоидамиз, фаолиятимизнинг асосий мезони бўлади. 


Зиммамизга юклатилган масъулиятли вазифаларни сидқидилдан, ҳалол ва виждонан бажаришга, одил судловни фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширишга, халқимиз ва Президентимиз олдида берган қасамёдимизга ҳамиша содиқ қолишга ваъда берамиз!” дейилади.


“Ҳаракат”: Ҳеч шубҳа йўқки, судьяларнинг ушбу баёнотномаси Президент Шавкат Мирзиёнинг ташаббуси билан тайёрланган ва тарқатилган. Бундай масхарабозлик баёнотини имзолаган судьялар ҳаётда ҳам масхарабозлик билан шуғулланадилар ва мустақиллик йилларида ҳеч қандай адолат бўлмаган Ўзбекистонда энди ҳам адолат бўлмайди. Қолаверса, Олий Мажлис қўғирчоқ театри экан-да, суд системасида адолат бўладими? Нима ҳам дердик, эй, бечора Ўзбекистон!