06 July 2017
20:31 - Ўзбекистон КХШТга қайтмаслиги, тинчлипарварлик билан иши йўқлиги ва Абдулазиз Комилнинг саводсиз масхарабозлиги ҳақида

Ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар мамлакат ҳудуди ташқарисидаги тинчликпарвар ҳаракатларда иштирок этмайди, деб баёнот берди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комил. Унга кўра, бу масала Республика Парламенти томонидан қабул қилинган Ташқи сиёсат концепциясида ва Президент Шавкат Мирзиёнинг сайловдан кейинги илк маърузасида ҳам таъкидланган.

Шунингдек, Абдулазиз Комилов Ўзбекистон Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига (КХШТ) қайта аъзо бўлмаслигини ҳам қайд этди. “Ўзбекистоннинг Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзолигини қайтадан тиклаш режамизда йўқ. Бу масала Президентимизнинг Россия Федерациясига уюштирган расмий ташрифи чоғида ҳам муҳокама қилинмаган”, деди у.

Қаранг, дейди мухбиримиз, бечора вазиримиз Ўзбекистон ҳарбийлари тинчликпарвар ҳаракатларда иштирок этмаслигини айтибди. Минг афсуски, дунёда жуда кўп жойларда урушлар бўлмоқда, қон тўкилмоқда, уларнинг олди олинмаса, бутун дунё, яъни Ўзбекистон ҳам бундай урушлар ичида қолиши мумкингина эмас, муқаррардир. Бунинг олдини олиш мақсадида одамзот “тинчликпарвар ҳаракатлар” тузиш фикригача етиб келди. Ўзбеклар эса, фақат томошабин бўлади, овқат ейиш ва туалетга боришдан бошқа нарса қилмайдими? Худо кўрсатмасин, қўшниларимиздан биронтасининг ичида фуқаролар уруши бўлиб қолса, бунинг эҳтимоллиги жуда катта, урушдан нарироқда туриш учун Сибирнинг нарига четига кўчиб кетиш йўлини танлаймизми?

Бу Абдулазиз Комил исмли ақлсиз шахс Ислом Карим нега КХШТдан чиқиб кетганини биладими ўзи? Билмаса, билиб қўйсин. 1999 йилдаги Тошкентдаги терактларда кейин тузилган Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг жиҳодчилари Ўзбекистон ичида жанглар бошладилар. Ислом Карим Ельцинга мурожаат қилиб, КХШТ устави доирасида айнан ҳарбий тинчликпарварлик ёрдами истади. Аммо, Ельцин КХШТ уставига эмас, Ислом Каримни итдай ёмон кўриш туйғуларига бўйсуниб, рад жавоби берди. Аламига чидай олмаган Ислом Карим ўз ташаббуси билан яратилган КХШТдан чиқиб кетди.

Ўзбекистон бу дунёнинг, ўзбеклар одамзотнинг бир парчасидир. Бу дунёда ҳарбий тинчликпарварлик ҳаракатлари тузиш БМТ даражасида қонунлаштирилган. Ўзбекистон бунинг ташқарисида бўлолмайди ва бўлмаслиги керак. Абдулазиз Комил эса, ўйламасдан қилаётган баёнотлари билан масхарабоз эканлигини тасдиқламоқда, холос.