30 June 2017
10:21 - Бечора Ғарб Ироқнинг қўли билан 8 ой уришиб, Мосул шаҳрини ИШИДдан озод қилди
Саккиз ойлик урушдан кейин Ироқ ҳукуматининг қўшинлари Ислом Давлатининг (гап ИШИД номи билан танилганлар ҳақида кетмоқда) Ироқдаги бош шаҳри, аслида, ИШИДнинг феълан пойтахти бўлган Мосул шаҳрини ўз назоратлари остига олдилар, дейилади Reuters Агантлигининг хабарида. Хабарда айтилишича, ҳали шаҳар тўла ИШИДдан тозалангани йўқ, аммо 3 йил аввал Абу Бакр ал-Боғдодий ҳалигача кўпчилик ИШИД деб биладиган Халифалик тузилгани ва ўзи Халифа бўлганини эълон қилган Мосулдаги 850 йиллик машҳур Ал-Нури мачитининг вайроналарининг ҳам Ироқ қўшинлари қўлига ўтиши – бу шаҳарнинг ИШИДдан тозалангани деб ҳисобланмоқда.

Халифалининг расмий пойтахти – Суриядаги Ракка шаҳри ҳам қулаш арафасида, аммо катталиги Бельгия давлатидек бўлган Сурия ва Ироқдаги ҳудудлар ҳали ҳам Халифалик қўшинлари назорати остида. Ракка шаҳри эса, АҚШ тарафидан ишлатилаётган Сурия курдларининг Башар Асад режимига қарши бўлган қуролли кучлари тарафидан қуршаб олингани ҳам Reuters Агентлигининг хабарида урғуланади.

Агар курдлар Раккани қўлга олсалар, улар бу ҳудудлардан ўз мустақил давлатларини яратишлари муқаррар. Аммо, Туркия бунга тиш-тирноғи билан қарши. Шу сабабдан, Халифалик бутунлай қулаши қачон бўлшини айтиш қийин. Халифа Абу Бакр ал-Боғдодий тирк ёки ўлик эканлиги ҳам номаълум.

Нима бўлганда ҳам, эртами кеч террористик деб ҳисобланадиган Халифалик қулатилади. Қадамма –қадам Ал Қоида ва Толибон каби Халифалик яратиш ниятида бўлган террорист гуруҳлар ҳам яксон қилинади.

Аммо, Ҳаракат» йиллардан бери айтиб келаётгандек, бу билан ислом терроризмини йўқ қилиб бўлмайди. Келажакада янги террористик гуруҳлар, ёки якка ўзи терактлар ўтказадиган ислом террористлари чиқаверади. Илдизлари Ислом динининг Қуръонни хато тафсир қилишдан келиб чиққан хато тушунчаларида бўлган ислом терроризмини бутунлай йўқ қилишнинг ягона йўли – Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказиш ва Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилишига эришишдир.

Бироқ, Ислом дунёси, авваламбор, Ислом уламолари бундай ислоҳотларга тайёр эмаслар. Шундай экан, ислоҳотларининг ташаббусчилари сиёсатчилар бўлиши ҳам шубҳасиздек кўринмоқда. Акс ҳолда, ислом терроризмидан қутилиш учун, бундай ислоҳотларни куч билан Ғарб қилиб беради. Бу – Ислом динингнинг келажагини савол остига қўйиши ўз-ўзидан маълум.

Расмда – озод қилинган Мосул шаҳрининг бугунги аҳволи.