29 June 2017
16:23 - Ўрисча масхарабозлик: Путиннинг фаолияти 81 фоиз россияликни қониқтирармиш, аммо у тайинлаган одамлардан аҳолининг ярми мамнун эмас
Россияда объективлиги билан танилган “Левада-Центр” ташкилоти ўтказган навбатдаги сўровномаларнинг натижаларига кўра, Россия аҳолисининг 81 фоизи Президент Владимир Путиннинг фаолиятини қўллаб-қувватлар, яъни унинг фаолиятидан мамнун экан. Шундай эканлигига шубҳа йўқ. Аммо, сўровноманинг бошқа натижалари ақли расо одамни ўйлантириб қўяди.

Россияликларнинг 44 фоизигина Бош вазир Дмитрий Медведевнинг фаолиятидан мамнун, 55 фоизи мамнун эмас. Вилоятлар ҳокимлари/губернаторлари ва Москва шаҳри мэрининг фаолиятидан россияликларнинг 53 фоизи мамнун, 46 фоизи мамнун эмас.

Балки, Путиннинг ўзи ҳам бу натижалар билан танишгач, ўзининг буюклиги билан мағрурланиши мумкин. Бундан ҳам қизиғи, “Левада-Центр” ўтказган сўровномаларнинг натижаларига Россия ахборот воситалари ичида объективлиги билан танилган, шу сабабли, биз тарафимиздан ҳам ҳурмат қилинадиган gazeta.ru сайти ҳам ҳеч қандай таҳлил бермаган. Ваҳолангки, бу натижаларни одамларнинг ўзи тўғри баҳолашига ёрдам бериш мақсадида, унга таҳлил бериш шарт эди. Келинг, таҳлилни биз берайлик.

Россия Ўзбекистондек бўлмаса ҳам, дунё, муҳим бўлгани, Ғарб тарафидан демократиядан узоқ, диктаторликка яқин мамлакат деб ҳисобланади. Аслида ҳам шундай. Бундай мамлакатда, яъни демократиядан узоқ, асосий ахборот воситалари мавжуд режимнинг қўлида бўлган мамлакатда диктаторнинг фаолиятидан кўпчлик мамнун бўлиши табиий нарса. Аммо, феълан диктатор тарафидан тайинланган ва унинг қарорларини ҳаётга жорий қилиш билан шуғулланадиган Бош вазир ҳамда губернаторларнинг фаолиятидан аҳолининг сал кам ярми мамнун эмаслигинини қандай тушуниш керак?

Диктатор яхши ишлар эмиш-да, у тайинлаган одамлар яхши ишламас эмиш-ми? Яъни, Президент ўзининг асосий вазифаси, яъни кадрлар танлаш вазифасини яхши бажаролмаяпти-ку! Ахир ҳамма оддий одамларнинг ҳаёти Бош вазир ва губернаторларнинг кундалик фаолияти билан яхши ёки ёмон бўлади-ку!! Ёки Россияда Путиндан бошқа яхши иш қилолдиган ҳеч одам йўқми? Ва ўрислар бундай фактни тан олиб яшашга мажбурми?

Бош вазир ва губернаторларнинг фаолиятини аҳолининг ярми қўллаб-қувватламас экан, демак, аҳолининг ярми ўз ҳаёт даражаси пастлигидан норози. Агар россияликлар шунинг фарқига боролмайдиган даражада бечора бўлсалар ва фақат Путиндан сал кам тўла мамнун бўлсалар, буни “ўрисча масхарабозлик” деб аташимиз мутлақо тўғри эмасми?

Ҳа, дарвоқе, “Левада-Центр” ўз респондентларидан қайси давлат арбобларига кўпроқ ишонч билдиришларини ҳам сўрабди. Сўралганларнинг 55 фоизи Владимир Путинга, 28 фоизи Мудофаа Вазири Сергей Шойгуга, 21 фоизи Ташқи Ишлар Вазири Сергей Лавровга ишонч билдирибди.

Қаранг, сўралганларнинг 81 фоизи Путиндан мамнун эмиш, аммо 55 фоизигина унга ишонч билдирар экан. Хуллас, қаёққа қараманг, ҳаммаёқ масхарабозлик.