27 June 2017
20:47 - Қозоғистонда ҳалок бўлган ҳамюртларимизнинг жасади келитирлди
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Қозоғистонда автобус ағдарилиши оқибатида ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқароларининг жасадларини махсус самолёт билан Ўзбекистонга олиб келди. Маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, куннинг иккинчи ярмида жасадлар тупроққа берилди, азадор хонадонларга ёрдам маблағлари етказилди.

Шунингдек, ҳукумат илк марта мардикорликка кетаётиб ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига таъзияномалар билдирди. Шунингдек, уларнинг жасадлари келтирилиши, дафн ишларига бош-қош бўлди.

Эслатиб ўтамиз, 22 июнь куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида «Самара—Чимкент» йўлининг 946-километрида икки қаватли Mercedes автобусининг ағдарилиб кетиши оқибатида 52 киши, хусусан, 50 нафар Ўзбекистон фуқароси жабрланган.

Шу пайтгача Ўзбекистон ҳукумати юрт ташқарисида ҳалок бўлган ватандошларимизнинг тақдири билан мутлақо қизиқмасди, ҳалок бўлганларнинг жасадини ҳукумат тарафидан Ўзбекистонга олиб келиши ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмасди. Бугун бўлган воқеа, шу нуқтаи назардан, диққатга сазовар эканлиги шубҳасиздир.