26 June 2017
21:46 - Ўзбекистон Марказий Банки қайта молиялаш ставкаларини 14 фоизга кўтарди. Бу яхшими ёки ёмон?

Ўзбекистон Марказий Банки бошқарув ҳайъати 28 июндан бошлаб, қайта молиялаш ставкасини жорий 9 фоиздан 14 фоизга кўтаришга қарор берди. Марказий Банк баëнотига кўра¸ бундай қарор инфляция даражасининг ўсиб бораётгани ортидан юзага келиши мумкин бўлган хатарларнинг олдини олиш мақсадида қабул қилинган.

Марказий Банк 2015 йилнинг 1 январида қайта молиялаш ставкаларини 9 фоиз даражасида белгилаганди. Расмий статистикага кўра¸ Ўзбекистонда 2016 йилда инфляция кўрсаткичи 5,7 фоизни ташкил қилган¸ 2015 йилда эса бу кўрсаткич 5,6 фоиз даражасида бўлган.

Жойи келгани учун эслатиш керакки, замонавий дунёда бирон давлатда фоиз ставкасининг ортиши, бу ерда иқтисод ўсаётгани, молиявий система мустаҳкамланаётгани ҳақидаги сигналдир. Масалан, АҚШда 2008 йили иқтисодий кризис бошланганда фоиз ставкаси 0-0,5 фоизга тушди. АҚШ иқтисоди қайтадан оёққа туриб бўлди, ҳозир фоиз ставкаси 1 фоизга кўтариди. Энди, тезда кўтарилиб бориб, мувозанатли йиллардаги 5-6 фоизга чиқса керак.

Аммо, Ўзбекистон ва бошқа замонавий бўлмаган диктатуравий/ибтидоий давлатларда ҳамма нарса бошқача, демократия тушунчаси ҳам, фоиз ставкасининг маъноси ҳам. Жумладан, Ўзбекистонда фоиз ставкасининг орттирилиши - иқтисодий аҳволимиз ёмонлашиш йўлида давом этаётганининг кўрсатгичидир.