23 June 2017
17:35 - Қўшни Қозоғистонда тарқатилаётган баъзи хабарлар ўзбекларни ҳам қизиқтириши керак

Қозоғистонда тарқатилаётган ҳамма хабарларни тарқатиш ниятимиз ҳам йўқ, бунга имконимиз ҳам йўқ. Уларнинг баъзиларини сарлавҳаси ва баъзибир фактлар ўзбекларни ўйлантириб қўйиши керак. Мана “Казинформ” бугун тарқатган хабарларни баъзиларининг қисқа моҳияти:

1. Остонада Умумжаҳон Қозоқлар Ассоциациясининг навбатдаги қурултойи бўлмоқда. Ассоциациянинг раиси Нурсултон Назарбой ҳам қурултойда иштирок этмоқда. Бу Ассоциация 1992 йили сентябрь ойида Олматада ўтказилган Умумжаҳон Қозоқлар Қурултойида тузилган. Қозоғистонда чет эллик қозоқларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш билан шуғулланадиган махсус Фонд яратилади.

2. Туркияда Қозоқ Тарихи ва Маданияти Музейи очилади.

3. Францияда 300 киши ишлайдиган заводи бор бўлган қозоқ аслли бизнесмен Олмотада тикувчилик фабрикаси очмоқчи. Буни олқишлаган Нурсултон Назарбой чет элда иш қилаётган талантли қозоқларни Қозоғистонда ишлашга чақирди.

4. Россия Қозоғистон ва Қирғизистон ҳарбий қўшинларини Сурияда тинчликни сақлаш операциясида иштирок этишга чақирибди. Қирғизистон расмийлари бу хусусда музокаралар олиб борилаётганини тасдиқлашди, аммо Қозоғистон буни рад этмоқда.

5. Қозоғистонда қозоқ алифбосини кириллицадан лотинчага ўтказиш жараёни давом этмоқда.

6. Қозоғистон аҳолиси июль ойида 18 млн бўлади.

7. Остонада ўтаётган “ЭКСПО-2017” Халқаро Кўргазма доирасида “Компромисслар қидириш сценарийси” номли XIV Еврозиё Медиафоруми бўлмоқда. У ерда нутқ сўзлаган Нурсултон Назарбойнинг қизи, Сенатор Дарига Назарбой “янги давр янги шахсларга муҳтож” дебди. “Ҳаракат”га кўра, бу умуман олганда тўғри фикр, аммо, табиий, у “янги шахс” сифатида Қозоғистоннинг кейинги президенти бўлиши кутилаётган ўзини назарда тутмоқда.

8. Остонада маҳаллий тараққиёт масалаларига бағишланган семинар-йиғилиш бўлмоқда. Рақобат имкониятларини ривожлантириш Қозоғистон-Британия Марказининг профессори Елена Калюжнова бозор иқтисодиёти нолдан бошланаётган пайтда кичик ва ўрта бизнесс давлатнинг ёрдамига муҳтож ва давлатга боғлиқ бўлганини айтар экан, жаҳон тажрибаси кўрсатаётгандек, кейинги босқичда, яъни ҳозир, улар тўла мустақил бўлишлари кераклигини урғулади.