23 June 2017
08:42 - “Ҳаракат” ҳар доимгидек ҳақ: Европада мусулмон муҳожирларга муносабат салбийлашиши давом этмоқда
Европада мусулмонларга муносабат ёмонлашаётгани ҳақидаги хабарларимизни ҳар доим “Бу ҳали ҳолва” сўзлари билан тамомлар эдик. Мана яна битта хабарга лойиқ воқеа юз берди.

Русларнинг “Россия Бугун” (Russia Today) Агентлигига асосланиб тарқатилаётган хабарларда айтилишича, Австрияда мусулмонларнинг боғчалари сониини чеклаш қарори чиқибди. Хабарларда Вена шаҳар мэрининг ўринбосари Иоганн Гуденуснинг қуйидаги сўзлари келтирилган: “Европа ишлари бўйича вазиримиз Себестян Курцанинг мактаб ёшигача мусулмон болалар учун очилган муассасаларни камайтириш ва ҳатто бекитиш ҳақидаги гаплари тўғридир. Венгрия, Чехия ва Польшада ҳам шундай қилишмоқда. Қолаверса, Европанинг баъзи давлатлари радикал исломни таъқиқлаш ва мусулмон қочқинларни қабул қилмаслик йўлига ўтмоқдалар. Биз ўз фуқароларимизнинг манфаатларини ҳимоя қилишимиз керак. Биз жуда кўп муҳожирларни қабул қилдик, аммо ҳозир жиноятчилик даражаси ўсди, аёлларни жинсий зўрлаш ҳоллари кўпаймоқда, ҳозир аёллар кечалари шаҳарга чиқишдан қўрқишмоқда. Авваллари бунақа нарса йўқ эди”.

Нима ҳам дердик, дейди мухбиримиз, ҳар доимгидек “Бу ҳали ҳолва!” деймиз. Ислом дунёси, биринчи навбатда, Ислом уламолари Ислом дунёсининнг келажаги ҳақида ўйлашлари ва Ислом дунёсини бу аҳволдан олиб чиқиш йўлларини қидиришлари керак. Акс ҳолда, янги мусулмон муҳожирларни Европага киритмасликни қўйиб туринг, аввал Европа давлаитларига келиб, фуқаролик олиб бўлган мусулмонларни ҳам депортация қилиш сиёсати бошланиши муқаррардир.

Яқинда Туркиядек давлатнинг Президенти Ражаб Эрдўғон Европада жойлашиб бўлган турклага мурожаат қилиб “5-6 тадан фарзанд кўринг, сонингиз ўссин, кейин вазиятни қўлга оласиз” деб ҳайқиришгача бориши, аслида, туркларга, умуман мусулмонларга нисбатан душманлик руҳидаги провокациядан бошқа нарса эмасди. Унинг бу чақириғини Европа сиёсатчилари ҳам эшитдилар, демак, энди Европада ирқчи сиёсий ташкилотларнинг роли ортишга бошлайди ва охир-оқибатда мусулмон муҳожирларни Европага бутунлай киритмаслик сиёсати ҳаётга тадбиқ қилиниши муқаррардир.

Маълумки, “Ҳаракат” доим айтиб келаётганидек, мусулмонлар Ғарбга кўнгил очиш учун эмас, юртларидаги очлик ва қашшоқликдан қутилиш учун кетмоқдалар. Демак, мусулмонларни ўз юртларидаги очлик ва қашшоқликдан ўз юртларида қутқариш устида ўйлаш керак.