22 June 2017
21:37 - Қозоғистондаги автоҳалокатда 9 нафар ҳамюртимиз нобуд бўлди. "Бирлик" ва "Ҳаракат" шу ерда, Шавкат Мирзиё қаерда?

Ўзбекистон Ташқи Ишлар Вазирлигининг Матбуот хизмати баёнотига кўра, 2017 йилнинг 22 июнь куни Қозоғистоннинг Оқмола вилояти ҳудудида Чимкентдан Волгодрадга (Россия) кетаётган автобус ағдарилиб тушган. Йўл-транспорт ҳодисаси 9 нафар ҳамюртларимиз қурбон бўлган.

“Ўзбекистон Республикаси Ташқи Ишлар Вазирлиги Консуллик бошқармаси ва Қозоғистондаги Элчихонаси томонидан жароҳат олганларнинг шахсини аниқлаш ва зарур ёрдамни кўрсатиш учун чоралар қўлланилмоқда”, — дейилади баёнотда.

Автомобиллар бор экан, автоҳалокатлардан қутилиб бўлмайди, дейди мухбиримиз. Автоҳалокатлар ва уларнинг қурбонлари жаҳоннинг ҳамма ерида бор. Аммо, Ўзбекистондаги оилаларини боқиш учун бир бурда нон илинжинда Россияга кетаётган миллатдошларимизнинг ҳалокати бало устига балодир. Аввалари бундай воқеалар билан Ўзбекистон расмийларининг иши ҳам бўлмасди. Биз тўхтамасдан бу хусусда жаврийверганимиз туфайли ҳам бўлса керак, Ташқи Ишлар Вазирлиги бу ҳақда баёнот бергани олқишланишга муносиб ишдир.

Аммо, аввалги ҳаромий президент Имлом Карим Россияда ишлаётганларни “дангасалар” деб ҳақорат қилган эди. Шавкат Мирзиё ҳақиқий ўзбек бўлса, у ҳаромийнинг сўзлари учун ўзбек миллатидан Президент сифатида кечирим сўраши керак ва юртдошларимизни Ўзбекистонда иш билан таъминлаш учун қилиниши керак бўлган фундаментал сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни бошлаши шарт. Табиий, у бундай ишларни “Бирлик” Партиясиз ҳеч ким қилолмайди, демак, ишни бу партияни расман рўйхатга олишдан бошлаши керак.

Ёки, “Бирлик” фаоллари ҳам дангасаларми? Ёки унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги яна 25 йил жавраши керакми?