22 June 2017
02:43 - 3 йил аввал Мосулдаги мачитда Халифалик яратилгани эълон қилинган эди, энди у вайрона
Ўзини Халифа деб эълон қилган Абу Бакр ал-Боғдодий ўлик ёки тирик эканлиги ҳали ҳам номаълум, аммо унинг Халифалиги атрофида гаплар чувалашиб ётибди.

Халифаликнинг Ироқдаги асосий қалъаси бўлган, аммо катта қисми сўнги ойларда Ироқ армияси тарафидан босиб олинган Мосул шаҳридаги Ал-Нури мачити, унинг тарихий бош минораси ва яқин атрофи кеча қучли портлаш ёки бомбалаш натижасида вайроналикка айлантирилди. 3 йил аввал айнан шу мачитда Абу Бакр ал-Боғдодий ҳалигача кўпчилик ИШИД деб биладиган Халифалик тузилганини эълон қилган эди.

Ғарб ахборот воситалари Ироқ расмийларига асосланиб, бу мачит ва тарихий минорани ИШИДнинг ўзи портлатганини айтсалар, ИШИД расмийлари мачит ва минора АҚШ бошчилигидаги коалициянинг бомбаламаси натижасида вайрон бўлганини айтишмоқда.

Хуллас, ҳамма ёқда масхарабозлик. Тўғри, ИШИД ёки Халифалик, бир тамондан, Россия-Эрон-Туркия иттифоқи, иккинчи томондан, АҚШ бошчлигидаги Ғарб коалицияси тарафидан йўқ қилиниши, қолаверса, 21 асрда Халифалик тўғрисида гапиришнинг ўзи ножиддийлик эканлигини “Ҳаракат” йиллардан бери гапириб келмоқда. Аммо, бўлаётган қонли воқеалар мусулмонларни, биринчи навбатда, Ислом уламоларини Ислом динининг келажаги устида ўйлашга чақирмаётганини тушуниб бўлмайди.

Ислом дунёси Ислом динида фундаментал ислоҳотлар қилиш кераклигини, авваламбор, Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини тан олиши шартлини тезроқ тушуниб етса ва шу йўналишда амалий ишлар қилишга ўтса, Ислом дунёси учун яхши бўларди. Акс ҳолда, Ислом дини ҳозирги боши берк кўчадан чиқолмайди.

Расмда - Ал-Нури мачитининг аввалги ва шу соатлардаги аҳволи.